«Аср лойиҳаси»ни амалга ошириш йўлидаги дадил қадам
«Аср лойиҳаси»ни амалга ошириш йўлидаги дадил қадам

 

Икки марта қуруқлик билан ўралган Ўзбекистон жаҳоннинг илиқ портларига чиқишни, ўз маҳсулотлари рақобатбардошлигини сақлаб қолиш учун янгидан-янги транспорт йўлакларини барпо этишни ташқи сиёсатдаги устувор вазифалардан бири деб билади.

Афғонистон ҳудуди орқали Марказий ва Жанубий Осиёни энг қисқа йўл билан боғлайдиган, Покистоннинг денгиз портларига чиқишни ва уларнинг инфратузилмаси самарали ишга солинишини таъминлайдиган темир йўл қуриш лойиҳаси, таъбир жоиз бўлса, «аср лойиҳаси» ҳам шулардан бири. Ёдингизда бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида «Марказий Осиёни Ҳинд океани билан боғлайдиган Транс-афғон транспорт йўлагини барпо этиш борасида дастлабки амалий қадамлар» ташлангани ҳақида айтганди. Бўлажак темирйўлдан йўловчи ва юк ташиш мақсадларида фойдаланилади.

Биз транспорт-коммуникация алоқалари тўғрисида гапирар эканмиз, бу Ўзбекистон учун жуда муҳим ва ўйлантирадиган долзарб масалалардан бири эканини таъкидлаш жоиз. Шу боис, Ўзбекистон транспорт саноатини ривожлантиришга стратегик аҳамият бериб, миллий ва минтақавий даражаларда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширмоқда, шунингдек, уни халқаро транспорт тизимига қўшиш бўйича изчил ишларни олиб бормоқда. Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, инфратузилмани яхшилаш, мослашувчан тарифлар қўллаш ва янги истиқболли йўналишларни шакллантириш ҳисобидан, Ўзбекистонда транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллиондан 16 миллион тоннага етказиш имкониятимиз мавжуд.

Ўзбекистоннинг океанга тўғридан-тўғри чиқишга имкони йўқ ва дунёда бундай давлатлар сони 44 тани ташкил қилади. Аммо уларнинг 42 таси бир мамлакат чегарасидан ўтса кейингиси океан. Ўзбекистон эса бунинг учун икки мамлакат ҳудудини босиб ўтиши лозим. Океанга чиқиш учун эса энг яқин йўл бу Афғонистон орқалидир. Шу маънода, бугунги кунда яқин қўшнимиз билан ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш, бу заминида тинчлик ва барқарорликнинг таъминланишидан Ўзбекистон тўлақонли манфаатдордир.

Эътиборлиси, Ўзбекистон саъй-ҳаракати билан сўнги тўрт йилда Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳити шаклланди. Бундан кўзланган асосий мақсад минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир. Бу борадаги амалий ишлар аллақачон бошланиб, Ўзбекистон минтақада иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида «Сурхон – Пули Хумри» электр узатиш тармоғини, Мозори Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик лойиҳаларни амалга оширишга киришди. Бу лойиҳалар рўёбга чиқса, аҳоли даромадлари ва маҳсулот сифати ошади, қўшимча иш ўринлари яратилади, таннарх пасаяди, янги технологиялар олиб келинади. Бозор ислоҳотларини жадал ривожлантириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун янгидан-янги бозорларга кириб борамиз.

Океанга чиқишда Покистон портлари Ўзбекистон учун муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон эса Покистоннинг Ўрта Осиёдаги бизнес қилиши учун дарвоза бўлиши мумкин. Тошкент билан яхши алоқалар Покистоннинг Ўрта Осиёга экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади. Жанубий Осиё географик жиҳатдан Марказий Осиёга ниҳоятда яқин. Масалан, Термиз шаҳридан Покистоннинг Карачи портигача атиги 660 километр йўл босиш кифоя. Бу ҳатто мамлакатдаги бир шаҳардан иккинчи шаҳаргача бўлган масофадан ҳам кам. Шу нуқтаи назардан Покистон йўналиши Марказий Осиёдан Ҳинд океанига олиб борувчи энг қисқа йўл эканини қайд этиш жоиз. Денгиз портларига чиқиш ҳамда бу бўйича қулай транспорт коридорларини яратиш Ўзбекистон учун стратегик вазифа. Бусиз дунё билан савдо-сотиқ қилишимиз, миллий маҳсулотларнинг ҳамёнбоплигини таъминлашимиз, экспорт салоҳиятимизни ошириб, иқтисодий тараққиёт сари илдамлашимиз имконсиз.

2016 йилда Ўзбекистон Афғонистон ва транспорт-коммуникация масалаларига ёндашувини кескин ўзгартирди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тарихда биринчи маротаба қўшни Афғонистонни имкониятлар мамлакати, дея эътироф эта бошладик. Аввалроқ Ҳиндистон билан икки томонлама ҳамкорликни кучайтирган Ўзбекистон Эроннинг Чобаҳар портигача чўзилган «Мозори-Шариф – Ҳирот» темир йўли қурилишидан манфаатдорлигини билдирганди. Эндиликда Покистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш асносида мамлакатимиз яна бир йирик транспорт-логистика лойиҳаси — Пешаворга олиб борувчи трансафғон темир йўли қурилишига бош қўшмоқда. Чунки бунинг ортида, авваламбор, иқтисодий манфаат ётибди. Жанубий Осиё минтақаси билан яқинлашишимизнинг асл сабаби ҳам шунда.

Бир сўз билан айтганда, Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар темир йўлининг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа қитъаси ўртасида Марказий Осиё орқали юк ташиш муддати ва сарф-харажатларини камайтиради, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минглаб янги иш ўринлари очиш, Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини тубдан оширади. 2 миллиарддан зиёд одам яшаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг қайта тикланиши иккала минтақа аҳолисининг манфаатларига тўла жавоб беради.

15-16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция айнан ҳамкорлик, транспорт коридорларини қуриш ва Афғонистонда тинчлик ўрнатиш мақсадларини кўзлайди. Конференциянинг асосий мақсади Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихий яқин ва дўстона алоқалар, икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлидаги ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, бунга эришиш йўлида дастлабки қадамлар қўйилди.

Президентимиз томонидан анжуманда бир қатор ҳаётий таклифларнинг илгари сурилгани эътиборга молик бўлди. Айниқса, бепоён минтақаларимиз ҳудудида ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлларини излаш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги вақтда асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи жадал ўсиб бораётгани, дунёнинг баъзи минтақаларида аҳоли кескин озиқ-овқат тақчиллигини бошидан кечираётгани кузатилмоқда. Бундай таҳдидларни бартараф этиш бўйича Дастур ишлаб чиқиш учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) шафелигида мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг учрашувини ўтказиш таклиф этилди. Экология муҳофазаси, «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш хусусида ҳам гап кетмоқда. Марказий ва Жанубий Осиёнинг туризм салоҳияти, туроператорларнинг ягона платформасини жорий этиш, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорликда янги программаларни иш солиш ташаббуслари олға сурилди. Президентимиз ташаббусига кўра, яқин келажакда ЮНEСКО, БМТнинг илм-фан, таълим ва маданият бўйича агентлиги шафелигида Термиз шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказилади.

Мирзиёев анжуманда қатнашаётган давлатларни технологик ва инновацион лойиҳаларни қувватлашга ундади. Олим ва тадқиқотчилар учун махсус виза тартибини йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Тошкентда 15 июль куни очилган Марказий Осиё халқаро институтида минтақавий ҳамкорлик бўйича эксперт гуруҳ тузишни таклиф қилди. Бу таклиф ва ташаббуслар замирида Марказий ва Жанубий Осиёни, бутун Евросиё қитъамизни биргалашиб барқарор, иқтисодий тараққий этган ва фаровон маконга айлантириш мақсади турибди.

Ушбу конференция Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини янада ривожлантириш истиқболлари, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилишга имконият яратди. Бундан ташқари, кун тартибига сармоялар, энергетика ва инновациялар, яшил технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, аниқ лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурларини амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва бошқа соҳаларда ўзаро алоқаларни кенгайтириш, икки минтақанинг барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича фикр алмашиш ва биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш масалалари киритилган эди. Ўзбекистон намойиш этаётган минтақавий етакчилик жаҳон миқёсида глобал тараққиёт ва ҳамкорликка таъсир кўрсатувчи ўзаро ҳамкорлик, шериклик ва минтақавий осойишталикни, барқарорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилиш, шунингдек, мамлакатлар ва халқларнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

UzA

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш