Истиқлолдан эъзоз топган аёл
Истиқлолдан эъзоз топган аёл

 

Мен Совет даврида ўқиб вояга етдим. Колхоз тузуми. Эрта баҳордан то декабрь ойининг охиригача ота-онам, опа-сингилларим, барчамиз биргаликда пахта йиғим-терими тугалланмагунча қор ёғадими, дўл ёғадими, даладан қайтмасдик. Кейин Педагогика билим юртига ўқишга кирдим. Билим юртида ҳам фақат колхозу-совхознинг буғдой, пилла, пахта режаларини бажариш билан умримиз ўтди.

1991 йил 31-август. Ўзбекистон Республикаси Мустақил Давлат деб эълон қилинди. Энди нима бўларкин, хаётимизда қандай ўзгаришлар юз бераркан? Бу ҳаммани ўйлантирарди.

Фермер хўжаликлари ташкил этилди. Касб-хунар коллежлар қурилди. Наманган Давлат Университетига ўқишга кирдим. Аммо яна коллеж, ҳам университет талабалари йил ўн икки ой фермер хўжаликларининг йиллик режаларини тўлдириш билан овора бўлдик. Ўқишни тугатгач, мактабга ишга жойлашдим. Ўқувчиларга дарс бериш қатори юқори синфдаги болалар билан далага чиқиб, яна қишлоқ хўжалик режаларини бажариш билан шуғулландик.

2016 йили ҳаётимизда ўзгаришлар шабодаси эса бошлади. Президентлик сайловтда ғалаба қозонган Шавкат Мирзиёв бошлаган ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз тубдан ўзгарди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояси бўйича катор қарорлар, фармонлар қабул қилинди. Ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, талабалар, жамики ижтимоий соҳа вакиллари мажбурий меҳнатдан озод қилинди. Матбуот эркин сўз айта бошлади, халқ дардини айта олиши ва ечиши учун Халқ қабулхоналари очилди, камбағалликни тугатиш, давлат идораларининг халққа хизмат қилиши, ҳокиму амалдорлар халққа ҳисоб бериши, гендер тенглик таъминланиши, аёллар ҳокимлар, вазирлар лавозимини эгаллаши учун йўл очилди. Уларнинг ижросини ҳаётда кўриб турибмиз. Менда келажакка ишонч пайдо бўлди. Янги- янги режалар туғила бошлади, қалбимда ғайрат-шижоат, ғурур ҳисси намоён бўлди. Ўз устимда тинмай ишлай бошладим, ўқувчиларимга улар учун шароитлар яратилиб, бутун имкониятлари, қобилиятларини намоён этишлари, дунёга чиқишлари учун кенг имкониятлар очилганини тушунтирдим. Бугун ўқувчиларим Америка, Германия, Корея каби ривожланган мамлакатларнинг олий ўқув юртларида билим ола бошлашди.

Фарзандларим ҳам магистр дипломларини олиб, Ўзбекистонимиз равнақи учун меҳнат қилишмоқда. 2019 йилда эришган ютуқларим ва меҳнатларим ҳисобга олиниб «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу эътибордан янада руҳланиб, шижоат билан ишлай бошладим. Айнан ўша йили Халқ Демократик Партияси номзодимни Халқ депутатлари туман кенгашига илгари суришди. Халқ ишонч билдирди.

Мен бугун янги Ўзбекистоннинг фуқароси, халқ вакилиман. Кўксимдаги нишон чўғдек ёниб мени ишлашга, адолат байроғини маҳкам тутишга ундамоқда. Бугун катта минбарларда қўрқмай сўзлай оламан, чунки ортимда Юртбошим турибди, «Депутатни менсимаслик, халқни менсимаслик»- дея қўллаб турганлиги бизга шижоат бағишлайди.

Аёлларга, хотин-қизларга бўлган эътибор, улар учун яратилаётган шарт- шароитлар ҳам таҳсинга лойиқ. Биз аёллари эъзозланган, қадр топган юртда яшаяпмиз. Кечагина Ўзбекистон ХДП “Лидер аёллари” клубининг тадбирида иштирок этиб, Сенат раиси, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Маҳалла ва Оилани қўллаб – қувватлаш вазири ўринбосари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Омбудсман, Болалар Омбудсмани лавозимларида ишлаётган хотин-қизлар ва бир қатор етакчи аёллар билан бир сафда эканлигимдан фахрландим. Бу менга келгусида партиям учун бор билим ва салоҳиятимни ишга солиб, сайлов жараёнларида шогирдларим, жамоадошларим ва маҳалладошларимни ҳам сафимизга жалб қилган ҳолда, биргаликда, ҳамкорликда ҳамжиҳатликда мақсадларимизни халққа етказишимизга куч берди.

 

Одинахон Назарова,

Ўзбекистон ХДП “Лидер аёллар” клуби аъзоси,

Балиқчи туман кенгаши депутати.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш