35 мингдан зиёд сайловчиларнинг имзолари тўпланди
35 мингдан зиёд сайловчиларнинг имзолари тўпланди

 

Миллий сайлов қонунчилигимизга кўра, сиёсий партиялар узоғи билан сайловга 50 кун қолгунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзодни қўллаб-қувватловчилар имзоларини тўплашни ташкил этиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига жорий йил 24 октябрь куни ўтказиладиган сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилаётган Мақсуда Ворисованинг номзодини қўллаб-қувватлаш мақсадида имзо тўплаш жараёни ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кенгашлари, шаҳар ва туман кенгашлари ва бошланғич ташкилотлари масъуллари Марказий сайлов комиссияси томонидан партиянинг ваколатли вакилига тақдим этилган белгиланган тартибдаги имзо варақалари бланкалари талаб даражасида тўлдирилишига алоҳида эътибор қаратяпти, — дейди партия ахборот хизмати раҳбари Абдували Сайбназаров. — Ушбу жараёнлар, фуқаролар билан учрашувларда сайловчиларга имзо варақаларини тўлдириш тартиби ва бу борада қатъий амал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар тушунтирилмоқда. Имзо варақасини тўлдириш жараёнлари корхона ва ташкилотлар, таълим, тиббиёт муассасалари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида сайлов қонунчилигига амал қилинган ҳолда олиб борилмоқда.

Сайловчиларнинг ҳар бири бу муҳим жараёнга масъулият билан ёндашиб, юрт тақдирига бефарқ эмаслигини намоён этаётгани қувонарли ҳол. Сайловчиларнинг имзоларини йиғиш ишлари бошланганидан буён ўтган икки кун ичида республикамиз бўйлаб 35 мингдан зиёд сайловчиларнинг имзолари тўпланди.

Дарҳақиқат, ушбу муҳим жараёнда партия вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг “Имзоларни тўплаш тартиби”, деб номланган 38-моддасида сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли эканликлари ҳақида батафсил тушунча берилмоқда. Шунингдек, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, бўлажак муҳим сиёсий жараённинг мамлакатимиз тараққиётидаги аҳамияти ва Сайлов кодекси ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилмоқда.

Халқ демократик партияси Тошкент вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари ва бошланғич ташкилотлари масъуллари ҳам белгиланган тартибдаги имзо варақалари бланкаларини талаб даражасида тўлдиришга эътибор қаратишяпти. Партия Тошкент вилояти кенгаши томонидан Қуйи Чирчиқ, Оққўрғон туман кенгашларида ўтказилган тадбирларда партия фаоллари томонидан имзо тўлдириш тартиби, сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва Сайлов кодекси ҳақида тушунтиришлар берилди.

Партиянинг Бухоро шаҳар кенгаши 2400 нафар сайловчининг имзосини йиғиш тараддудида. Шу боис шаҳарнинг барча маҳаллалари, ташкилот ва муассасаларида иш қизғин. Мазкур жараёнда дастлаб фуқароларга имзо варақаларини тўлдириш тартиб-тамойиллари тушунтириб бериляпти. Шундан сўнг партия дастурий ғояларини қўллаб-қувватлаган хайрихоҳлар имзо қўйишмоқда. Улар орасида сайлов жараёнларида илк маротаба қатнашаётган ёшлар ҳам бор.

Бир сўз билан айтганда, Халқ демократик партиясининг барча ташкилотларида ушбу муҳим жараён қизғин ва уюшқоқлик билан амалга ошириляпти.

 

Муҳтарама Комилова,

ЎзА

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш