Ижтимоий тармоқларда вакцинадан кейин вафот этгани айтилаётган йигит бўйича депутат муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда вакцинадан кейин вафот этгани айтилаётган йигит бўйича депутат муносабат билдирди

 

Она учун энг оғир синов — бу кўзининг оқ-у қораси, жигарбанди, фарзандининг хасталиги, бевақт ўлимини кўриш. Бундай оғир мусибатга бардош бериш онадан метиндек сабр, ирода талаб этади.

Ижтимоий тармоқларда Ўрта Чирчиқлик онахон ўғли вакцина олганидан кейин вафот этгани айтилаётган видеолавҳага кўзим тушиб қолди. Ўғлидан бевақт айрилган онахонга, уларнинг яқинларига чуқур таъзиямни билдираман, уларга сабр-бардош тилайман.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан ўтказилаётган текширув натижалари эълон қилингандан сўнг бир хулосага келиш мумкин. Видеомурожаатдан англаганим шу бўлдики, онахон одамларга вакцина олишдан олдин яхшилаб текширувдан ўтишни тавсия қиляпти, мутахассислардан бу масалага бефарқ бўлмасликни ўтиниб сўраяпти. Марҳум йигитнинг қай даражада тиббий кўрикдан ўтказилгани ёки вакцина қабул қилганидан кейинги ҳаракатлари қандай бўлганлигини билмаймиз.

Аммо Тошкент вилоятидан сайланган депутат сифатида ушбу ҳолат бўйича ўтказилган текширув натижалари билан яқин орада танишиб чиқишга ваъда бераман. Қолаверса, ушбу ҳолатга алоқадор шифокор-мутахассисларнинг саъй-ҳаракатлари, фаолияти холисона баҳоланишига ҳисса қўшиш ниятим ҳам бор.

Кези келганда айтиш керак, бир неча йиллик иш тажрибасига эга мутахассис, шифокор сифатида айта оламан, беморлар ҳар доим ҳам шифокор тавсиясига тўғри амал қилавермаслиги оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Вакцина олганидан кейин бемор ортиқча жисмоний ҳаракатлардан тийилиб туриши, салқин ичимликлар истеъмол қилмаслиги, турли хил сувли ҳавзаларда чўмилмаслиги, қуёшда кўп юрмаслиги, 3 кун давомида қўл ва оёққа муздек сув теккизмаслиги тайинлаб айтилади. Лекин фуқароларимиз бу тавсияларга ҳар доим жиддий эътибор қаратмаслиги кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

Очиғини айтганда, сўнгги вақтларда вакцинанинг ножўя таъсири ҳақида ноўрин гап-сўзлар кўпайгани, бу гапларни тарқатишга бош-қош бўлаётганларни тушунмаяпман. Узоққа бормайлик, қонунчилик палатасидаги деярли барча депутатлар шу кунга қадар коронавирусга қарши эмланди, лекин биронтамизда оғир оқибатларга сабаб бўлувчи ҳолатлар кузатилмади.

Шу боис, соҳа вакиллари, суриштирув органи ходимларининг тегишли хулосалари тақдим этилгунига қадар «вакцина соғлом инсоннинг ўлимига сабабчи бўлибди» қабилидаги юзаки хулоса қилувчиларга оғирроқ бўлиб, мутахассисларнинг ҳақиқий баҳоларини кутишни тавсия қилган бўлардим.

Сўзимнинг якунида бир маълумотга эътибор қаратсам, айнан эмлаш кампаниясининг тўғри амалга оширилиши натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳудудида бўғма, қоқшол, вирусли В гепатити каби хавфли юқумли хасталиклар учрамаяпти. Бу эса бутун дунё бўйича одамларнинг силласини қуритаётган ковид деб аталмиш балодан қутулишнинг ягона йўли вакциналаш эканлигини яна бир бор исботлайди. Зотан, касални даволашдан кўра, олдини олиш маъқул эканлигини касалликни бошидан ўтказганлар, у билан курашганлар жуда яхши тушунади.

Яқиндагина коронавирус билан касалланиш ҳолати бўйича дунёда иккинчи ўрин, ўлим ҳолати сони кўплиги бўйича учинчи ўринда турган Ҳиндистонда вакцинациялаш ишлари жадал суръатларда амалга оширилиши натижасида коронавирусдан тузалиш нисбати 97 фоизга етди. Қолаверса, мамлакатда эмлаш кампанияси тўғри ташкил этилиши Ҳиндистонни иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлар сирасига олиб кирди. Бу каби мисолларни кўплаб келтирса бўлади.

Мутахассис сифатида хулосам шуки, албатта, вакцина олиш керак, чунки коронавирусга қарши энг самарали восита эканлигини бутун дунё тан олган ва шу йўлда бормоқда.

 

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси

UzA

 
 
 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш