Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши томонидан сайловларни адолатли ўтказиш, шаффофликни таъминлашга кўмаклашиш мақсадида сайлов участкалари кузатувчиларини сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида “Партия кузатувчиларини сайловга тайёрлаш” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Унда партиянинг Сирдарё вилоят кенгаши масъул ходимлари, партия фаоллари, тарғиботчилар гуруҳлари аъзолари, вилоят сайлов округидан вакиллар иштирок этди.
Семинарда ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши бўлим бошлиғи Ғ.Эшмурзаев, Сирдарё вилояти сайлов округидан Ҳ.Сулайманбекова кузатувчиларнинг сайловдаги иштироки, ҳуқуқ ва имкониятлари тўғрисида қатнашчиларга батафсил маълумотлар беришди.
Таъкидланганидек, сайлов кампаниясида кузатувчиларнинг иштироки сайлов натижаларининг ошкоралиги ва ҳаққонийлигининг ғоят муҳим кафолатидир. Сайлов кампаниясини ташкил этишда ошкоралик муҳитининг яратилиши, сайлов куни сайлов участкаларида кузатувчиларнинг ҳозир бўлиши сайловнинг адолатли ўтишига жамоатчиликнинг ишончи ортишини, фуқароларнинг сайлов жараёнида фаол иштирокини таъминлайди.
Шунингдек, кузатувчилар муҳим сайлов-технологик вазифани ҳам бажарадилар: овозларни санаб чиқишни кузатган ҳолда улар овоз натижаларининг умумий якунлари аниқланишини таъминлайдилар, назорат усулларини қўллаб, кузатувлар натижасида тўпланган ахборот манбаи асосида сайлов расмий якунларига ҳаққоний баҳо ва хулоса берилишига ҳисса қўшадилар.
Семинарда маърузачилар тадбир иштирокчиларининг сайлов ва кузатувчилар фаолиятига доир саволларига батафсил жавоб бердилар.
ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши