Бўстон туманида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан ташкил этилган "Аёлларга кўмак" лойиҳаси доирасида навбатдаги тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир тумандаги "Гулистон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 20-қишлоқ оилавий поликлиникасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун ташкил этилган навбатдан ташқари тиббий кўрик билан бошланди.
Тиббий кўрикдан сўнг шу ернинг ўзида поликлиника ходимлари ва аҳоли вакиллари учун сайлов тарғиботи тадбири ташкил этилиб, унда 24-октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президент сайлови ва унга Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисованинг таржимаи ҳоли, Сайловолди дастури тўғрисида маълумотлар берилди. Иштирокчилар сайловда партиямиз номзодини қўллаб-қувватлашларини таъкидладилар.
Ўрни келганда айтиш керак, "Аёлларга кўмак" лойиҳаси туфайли кўплаб хотин-қизларимиз ўзини ўзи банд қилди, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Улардан бири Машҳура Раҳмоновадир. Бугунги кунда тадбиркор томонидан ташкил этилган тикувчилик цехида 15 нафар аёл меҳнат қилмоқда. Улар учун корхонада барча шароитлар яратилган. Эътиборлиси, ташкил этилганига эндигина бир йилдан ошган корхонада тайёрланган тўқимачилик маҳсулотлари хорижга экспорт қилинмоқда.
Тадбир доирасида кам таъминланган оиларнинг ҳамда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди.
ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши