Мақсуда Ворисова сирдарёлик сайловчилар билан учрашди
Мақсуда Ворисова сирдарёлик сайловчилар билан учрашди

 

Мамлакатимизда 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён олдидан сайловолди ташвиқоти бошланди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисова сайловчилар билан илк учрашувни Сирдарё вилоятидан бошлади.

Вилоятдаги барча туман ва шаҳарлар сайловчилари билан видеоконференция орқали мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари аъзолари иштирок этишди. Учрашувни Халқ демократик партиясининг Сирдарё вилояти кенгаши раиси, номзоднинг ишончли вакили Шавкат Мамадисоев олиб борди. У сайловчиларга номзод Мақсуда Ворисованинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Юзма-юз мулоқотда М.Ворисова сайловчиларни ўз сайловолди дастурининг устувор йўналишлари билан таништирди. Хусусан, мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш, пенсия ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш, аёлларнинг бола парваришидаги даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш, “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурати асослаб берилди.

Шунингдек, оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш Сайловолди дастурдаги асосий йўналишлардан эканлиги таъкидланди.

Аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар кўрсатишни таъминлаш, шифокорлар ва ҳамшираларнинг иш ҳақини ошириш, дорихоналар ва хусусий тиббий муассасаларга алоҳида ижтимоий ташкилот мақомини бериш, тиббиёт ходимларининг шаъни, қадр-қиммати ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилиш масалалари ҳам кечиктириб бўлмас вазифалар сирасига киради.

Номзод олий таълим учун грантлар сонини ошириш, фуқароларнинг судларда халқ маслаҳатчилари сифатида, шунингдек, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш борасидаги устувор йўналишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Номзод Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболдаги имкониятлари ҳақида тўхталди. Вилоятда аҳоли бандлиги, янги иш ўринлари ташкил этиш, ичимлик суви ва коммунал инфратузилма билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш зарурлиги таъкидланди.

Қизғин мулоқот руҳида ўтган учрашувда иштирокчилар Президентликка номзодга ўзларини қизиқтирган саволлар бериб, ҳудудларни янада ривожлантиришга доир фикр ва таклифларини ҳам билдиришди.

Учрашувда бир қатор фаоллар сўзга чиқиб, Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашини билдирди. Сайловчиларни Президентликка номзод Мақсуда Ворисовага овоз беришга чақирди.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш