Ижтимоий ҳимоя, жумласини кўп ишлатамиз. Хўш унинг маъноси қандай?
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида қайд этилишича, Ижтимоий ҳимоя - кенг маънода мамлакат аҳолисини ижтимоий ва моддий муҳофаза қилишни таъминлайдиган ва жамиятда қарор топган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий чора-тадбирлар мажмуидир.
Энди шу маънодан келиб чиқиб, бир мулоҳаза қилайлик. Хўш, биз хотин қизларимизни қандай ижтимоий ҳимоя қилаяпмиз? Бу борада Бахмал туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлари қандай ишларни амалга ошираяпти?
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Бахмал туманида жами 152 472 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 75 643 нафари аёллардир. Туманда жами 31351 та оила, 23417 хонадон мавжуд.
Биз мурожаат қилмоқчи бўлган, депутатимиз билан бирга ўрганмоқчи бўлган масала уларнинг турмуш тарзи эмас, балки ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар қай даражада ҳимоя қилинаётгани ҳақидаги айрим саволларга жавоб топишдир.
Депутатларимизнинг хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларидаги фаоллиги қай даражада? Шу ва бошқа саволларга жавоб излаб йўлимизда давом этар эканмиз, партиянинг Бахмал туман Кенгаши депутати Шаҳноза Неъматуллаевани учратдик ва опамизни мавзуга тортдик.
– Оқтош ва Қутлуғобод ҳудудларида яшовчи кам таъминланган, ишсиз 100 нафар хотин-қизлар касбга тайёрланиб, бугунги кунда 60 нафари Туронбанк орқали имтиёзли кредитлардан фойдаланиб, тикув дастгоҳлари олишди, – дейди Бахмал туман хотин қизлар қўмитаси раиси ҳамда ЎзХДПнинг Бахмал туман Кенгашидаги депутати Шаҳноза Неъматуллаева. – Бундан ташқари, Барлос ҚФЙ ҳудудидан 50 нафар ишсиз, Бахмал ҚФЙда 19 нафар кам таъминланган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 50 нафар ишсиз хотин-қизларга кредит асосида тикув машиналари берилди ва шу ҳудуддаги мактабнинг бўш биноларига жойлаштирилди.
Депутат билан суҳбат давомида яна шундай маълумотга эга бўлдикки, Бахмал туманидаги 500 нафар кам таъминланган хотин-қизларга 50 бошдан жўжа тарқатилган.
Республика Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан Бахмал туманида оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган 27 нафар хотин-қизларни ногиронлик аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича режа-жадвали тасдиқланган. Жорий йилнинг 6 ойи давомида оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган 10 нафар хотин-қизларга ногиронлик аравачалари хамда 6 нафар аёлга эшитиш мосламаси берилган.
Бахмал туманида бугунги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилаяпти. Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар 999 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиб, кам таъминланган, оғир турмуш шароитида яшаётган 135 нафар хотин-қизлар жамоат ишларига жалб қилинди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб қувватлаш ва уларга амалий ёрдам бериш давлат ва жамиятнинг, ҳар биримизнинг бурчимиздир.
ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши
Ахборот хизмати