Асосий мақсад – аҳоли турмуш даражасини юксалтириш
Асосий мақсад – аҳоли турмуш даражасини юксалтириш

 

Нукусда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан “Бош мақсадимиз халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш” шиори остида сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
 
Тадбирда партия Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Х.Ешимбетов, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Ш.Уснатдинов ва бошқалар мамлакатимизда жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарликнинг бориши, сайловларнинг юртимизда демократик жараёнларни жадаллаштиришдаги аҳамияти, партиянинг янги сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифаларга тўхталишди.
 
Таъкидланганидек, партия биринчи навбатда, давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий ҳимоясига муҳтож аҳоли вакилларининг манфаатларини ифода этиши, ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик ҳамда демократия ғоялари учун курашади. Бугунги кунда одамларнинг дунёқараши, онгу тафаккури, ҳуқуқий маданияти, сиёсий фаоллиги, ислоҳотларга қизиқиши ва талаби ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Халқ демократик партияси мана шундай янгиланиш ва тараққиёт йўлини танламоқда.
 
– Тадбирдан кўзланган мақсад, партия сайловолди дастурининг асосий йўналишларини аҳолига етказиш ва бўлажак сайловларда аҳолининг, жумладан, ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашдан иборатдир, – дейди партия фаоли Айша Матниязова. – Бунда асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса ёшлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг юқори сифатини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишидаги вазифаларга қаратилади.
 
Тадбир доирасида сайловга оид савол-жавоблар викторинаси ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди. Йиғилганларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА
Манба: http://uza.uz/oz/society/asosiy-ma-sad-a-oli-turmush-darazhasini-yuksaltirish-24-10-2019

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш