Фаоллик ва даҳлдорлик ислоҳотларнинг муваффақияти гарови
Фаоллик ва даҳлдорлик ислоҳотларнинг муваффақияти гарови

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан жойларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Янги Ўзбекистон – тараққиёт стратегияси” йўналишида белгиланган устувор вазифаларга оид партия фаоллари ва депутатлик гуруҳлари учун ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири бугун, 16 ноябрь куни партиянинг Марказий Кенгашида видеоконференц алоқа тизимида ЎзХДП Сирдарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳамда депутатлик гуруҳлари аъзолари иштирокида ўтказилди.

ЎзХДП Депутатлик бирлашмаларининг ишини мувофиқлаштириш ва Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш бўлими мудири Боймурот Юсупов  таъкидлаганидек, сўнгги беш йилдаги ислоҳотлар Ўзбекистон тараққиётида янги босқични бошлаб берди ва “Янги Ўзбекистон” концепцияси ҳақиқатга айланди. Б. Юсупов ўз чиқишида янги стратегиянинг еттита устувор йўналиши мамлакатда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, фуқаролар ва этник гуруҳлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, одамларнинг маънавий оламини янада ривожлантириш, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, кам таъминланган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, халқаро майдонда мамлакатнинг обрў-эътиборини янада  мустаҳкамлашга хизмат қилишини қўшимча қилди. Президентимизнинг қўшма мажлисдаги нутқида кўтарилган ижтимоий масалаларнинг ҳал этилиши партия Сайловолди дастурида белгиланган ижтимоий вазифалар ижросини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади. 

Нотиқ ўз сўзида аҳоли муаммоларини ўрганиш, улар мурожаатлари билан ишлашда депутатлик назоратини кучайтириш жуда ҳам муҳимлигини қайд этди. Чунки буларсиз сайловчи ишончини қозониб бўлмайди. Маҳаллий кенгаш депутатларининг аҳоли билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўз ваколатларидан самарали фойдаланишлари ҳамда депутатлик вазифаларини масъулият билан бажарилишини таъминлашлари зарур бўлади.

Муҳокамаларда сўзга чиққан ЎзХДП Янгиер шаҳар Кенгаши раиси Алишер Тошматов, Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати, котибият мудири Воҳид Ҳасанов нотиқнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, халқ ичига, одамлар ичига кириб, улар дуч келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ҳал қилишни таъминлашга кўмаклашишга эътиборни қаратиш муҳимлигини айтишди.

Бугун Тараққиёт Стратегиясида белгиланган етти йўналишдаги вазифалар ижроси ҳар биримизга боғлиқ. Стратегия бўладими, қабул қилинаётган қарор ва фармонлар бўладими, унинг ишлаши учун ҳар бир депутат фаол бўлиши, уларнинг мазмун-моҳиятини оддий одамларга етказиш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ўстириш устида тинимсиз ишлашимиз зарур бўлади. ЎзХДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Шерали Мамадецоев шулар ҳақида сўз юритди.      

Тадбир қизғин савол-жавоблар, мунозаралар асосида ўтди. Энг муҳими, фаоллик ва даҳлдорлик ҳисси билан яшаш ислоҳотларнинг муваффақиятига хизмат қилади. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва конституциявий эркинликларига ҳурмат билан ёндашиш эса халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини янада мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, фуқаролик жамиятини, ривожланаётган иқтисодиётни ва сиёсий плюрализмни қуришда аҳолининг самарали салоҳиятини очишга ёрдам беради.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш