Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери: кейинги чақириқдаги депутатларга осон бўлмайди...
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери: кейинги чақириқдаги депутатларга осон бўлмайди...

Нуриддинжон ИСМОИЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери:

— Шу кунлардаги ўзгаришлар, янгиланишларга барчамиз гувоҳ бўляпмиз. Президентимизнинг Олий Мажлис депутатлари, сиёсий партия вакиллари билан бўлган учрашувларида белгиланган вазифалар, билдирилган таклифлар босқичма-босқич амалга ошмоқда. Айниқса, охирги уч йил давомида Қонунчилик палатаси фаолияти тубдан ўзгарди. Давлатимиз раҳбари бизга кутмаган катта-катта имконият ва ваколатларни ишониб топширди. Парламент назорати йўналишидаги ишимиз деярли қайта кўриб чиқилди. Ҳар ойда ҳукумат соати ўтказилмоқда. Вазирлар фаолиятлари юзасидан депутатлар олдида ҳисоб бермоқда. Бир пайтлар Сенат йиғилиши эълон қилинганда қонун лойиҳаларини етказиб беролмасдик. Ҳозир 40 та қонун лойиҳаси қўлимизда турибди. Қонунлар сони билан бирга моддалар кўлами ҳам ортган. Вазирлик ва идора вакиллари депутатлардан қонунни ўтказиб беришни сўрашмоқда. Бу парламентда уч йилда бўлган ўзгаришлар, холос.

Айтиш лозимки, кейинги чақириқдаги Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам осон бўлмайди. Уларнинг зиммасига янада кўпроқ масъулият юкланади. Олдимизда бажариладиган ишлар кўп. Масалан, тиббиёт соҳаси, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада такомиллаштириш лозим. Эндиликда вилоятларда биттадан намунали туман ташкил этилади. Галдаги вазифа мамлакатимиздаги барча туманларда аҳоли учун ҳавас қилгудек турмуш шароити яратишдир. Тан олиш керак, ҳали интернет тармоғи уланмаган тиббий масканлар, ҳатто компьютер ўрнатилмаган поликлиникалар мавжуд.

Очиқ тан оламиз, биз бажарилган кўпгина ишларимизни, ташаббусларимизни етарли даражада кўрсатиб беролмаяпмиз. Ғалла бўйича бозор муносабатларига ўтиш борасида 52 депутат жойларда бўлди, ўрганди. Зарур деб топилган жойларда ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлам манфаати ҳақида қайғурилди, кўмак берилди. Натижада ҳукумат томонидан бу тоифага ажратиладиган маблағни оширишга эришилди.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, сайловларга киришда биз ОАВлар билан ишлаш, журналистларнинг мавжуд муаммоларга эътиборини қаратиш йўлларини қидиришимиз лозим.

Теглар

Қурултой Сайлов-2019 Мен ЎзХДПни танладим Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш