Бугун Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Маълумки, партиянинг 2019 йилдаги сайловолди дастурида бола парвариши билан банд бўлган аёлларнинг фарзандига қараган даврини меҳнат стажи сифатида эътироф этишни қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйиш масаласи илгари сурилган эди. Мазкур таклифни амалга ошириш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур қонунни қабул қилиш билан етим болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга қараб турилган вақтни иш стажига қўшиб ҳисоблаш даврини узайтириш, шунингдек республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган даврда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича юзага келадиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш, карантин тадбирлари давомида фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Жумладан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш, ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, болани парваришлаш бўлиш вақтининг ҳаммасини жамланганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш каби ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган даврда амал қилиб турган даврда пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган фуқаролар, ушбу тадбирлар (чекловлар) даврида ёки тугагандан сўнг бир ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган тақдирда, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинлаш таклиф этилмоқда.
Фракция йиғилишида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Қонун лоийҳаси миллий қонунчиликдаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид айрим масалаларни халқаро ҳужжатлар билан уйғунлаштириш, қонунчилик ҳужжатларида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини, ушбу соҳани тартибга солишда иштирок этадиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини, фуқароларнинг Ўзбекистондан ташқаридаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш кўзда тутилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонуности ҳужжатлари қонун даражасида мустаҳкамланади, шунингдек халқаро ҳужжатлардаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид нормалар миллий қонунчиликка имплементация қилинади, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш ва чет эллик фуқароларни Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида жалб қилиш тартиби ягона қонунда тизимлаштириш каби масалалар белгилаб берилади.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳалари депутатлар томонидан маъқулланди.
Йиғилишда фракция фаолиятига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати