Президент раҳмати — энг катта мукофот
Президент раҳмати — энг катта мукофот

 

Йил якунланар экан, ўтган 365 кунни хаёлдан кечирамиз. Хотираларни титкилаймиз. Нималарга эришдигу қайси нуқталарда бой берганларимиз бўлгани ҳақида сарҳисоб юритамиз. Одамлар ўғлини уйлантириш, қизининг тўйини қилиш, кенжасини мактабга бериш ёки Олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига тайёргарлигининг харажатлари ва яна бошқа эзгу режалар ҳақида ўйлаган. Кимдир янги иншоот қуриш ёки бошлаган иморатини битказиш ва ўз бизнесини йўлга қўйиш ҳақида бош қотирса, бошқа бир одам янада каттароқ миқёсдаги вазифалар ҳақида ўйлайди. Шу тариқа январь ойи қарши олинади. Янги йил ҳақида партиямиз фаоллари, депутатлардан ортиб, фахрийларнинг ҳам фикрлари, шукрона сўзлари бор.

 

Январ ИНОЯТОВ,

Қашқадарё вилояти ҳокими маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими:

— Ҳаётимнинг асосий қисми халққа хизмат қилиш билан ўтди. Жорий йил бошидан яхши ниятлар билан янги режаларимизни бошлагандик. Табиат инжиқликлари, об-ҳавонинг ёмон келиши оқибатида сув танқислиги кузатилган бўлса-да, йил яхшиликлар билан якунига етмоқда. Айниқса, йил охирига келиб мамлакатимиз саноатида яна бир ёрқин саҳифа очаётган тарихий воқеага бевосита гувоҳ бўлдик. Вилоятимизнинг Ғузор туманида “Uzbekistan GTL” заводининг очилиши ҳамюртларимизга чинакам байрамона туҳфа бўлди.

Бу тенги йўқ завод бўлди биз учун. Дунёда бу каби заводлардан 5 та бор экан. Уларнинг бири айнан Қашқадарёда иш бошлаши ва бунинг натижасида минглаб одамларнинг ишли бўлиши фаровонлик, тўкин-сочинликдан дарак, деб биламан.

Маълум бўлишича, ушбу завод минтақамизда нефть-газкимё саноати соҳасидаги энг йирик корхона ҳисобланади. У ерда йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланиши кўзда тутилмоқда.

Мана шу рақамлар маъноси ҳақида ўйлар эканман, йил бўйи қилинган меҳнат, бошдан ўтган ташвишлар унутилиб кетади. Халқимизнинг даромадига даромад қўшадиган, давлатимизнинг обрўсини кўтарадиган бу каби чора-тадбирлар Учинчи Ренессанснинг пойдевори, деб ҳисоблайман.

Уч қизим бор. Саккиз набиранинг бобоси, 5 нафар чеваранинг катта бобосиман. Яқин кунларда 6-чеварам ҳам дунёга келади. Мен учун бахт уларнинг кулгуси, бахту камолини кўришдан иборат.

Вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси сифатида кексалар билан ишлар эканман, уларнинг қувончу ташвишига шерик бўлишга имкон қадар ҳаракат қиляпман. 265 минг нуронийдан хабар олиб, учрашиб, суҳбатлашяпмиз. Уларнинг мурожаатларини ҳал этишга эътибор қаратяпмиз. Мана шуларда ҳаловат бор, бахт бор мен учун.

Бир нарсани фахр билан таъкидламоқчиман. Куни кеча бўлиб ўтган йирик йиғилишда Президентимиздан раҳмат эшитдим. У кишининг ҳар бир ишдан бохабарлиги ва эътиборлилигидан бошим осмонга етди. Билдирилган ташаккур эса энг катта рағбат ва мукофотлари, десам адашмайман. Айнан шу сабабли ҳам мен учун унутилмас 2021 йилдан чексиз миннатдорман.

Бизга ўхшаган ёши улуғайиб қолган кишилар юртга тинчлик тилайди, дуога қўл очиб омонлик сўрайди. Халқ фаровон бўлса, бола-чақамиз соғ-саломатлиги, хотиржамлик — биз учун бахт мана шунда.

 

Раъно ВАЛИЕВА,

халқ депутатлари Қизилтепа туман Кенгаши депутати:

— Бирор бир янгилик яратиш учун инсонга аввало яхши фикр, яхши ғоя ва шунга яраша ташаббус лозим. Бундан 22 йил олдин, яъни 1999 йилда фермер хўжалигимизни ташкил қилдик. Бу ҳам ана шундай яхши ташаббус эди. Ушбу имкониятни бизга давлат берди, мустақиллик берди, истиқлол берди. Биз мулк эгаси бўлдик, ер эгаси бўлдик. Ғалла экиб, тонналаб ҳосил олдик. Пахта етиштириб, режаларни ортиғи билан бажардик. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси бизга куч берди, катта мақсадлар қилишга туртки бўлди.

Ўтаётган йилда ҳам қанчалар мураккаб бўлмасин, хирмонларимиз тўлди. Омборларимизда дон захираларини яратдик. Халқимиз дастурхони тўкинлигига бироз бўлса-да ҳисса қўшдик. Набираларим тўкин-сочинликда, асосийси, тинчликда камол топяти. Бугун кимлардир қадрламаётган ҳаётимизга ҳавас билан боққанлар қанча?

Инсонга хотиржамлик, саломатлик энг катта бойликдир. Бугун ана шундай замонда, осуда маконда ҳаёт кечиряпмиз. Мана шунинг ўзи бахт. Унинг қадрига етиш, асраб-авайлаш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Йўқотиш ва топиш ҳаёт қонуниятидир. Демак, йўқотганимизда тушкунликка тушмаслик, топганимизда шукр келтиришни ҳам унутмаслик лозим. Зеро, ҳар бир ишда хайр, ҳар битта синовда сабр талаб этилади.

Шундай экан, азиз юртдошларимизга энг аввало соғлик, омонлик, тинчлик ва хотиржамлик тилайман. Тинчлик ва осойишталигимизга кўз тегмасин. Ҳамжиҳатликда, сабр ва матонат билан танлаган йўлимиздан оғмайлик. Олға интилишдан толмасин ҳеч ким.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА ёзиб олди.

“Ўзбекистон овози”, 29.12.2021, №52

 

 

 

Теглар

Фахрий Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш