Бугун юртимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни катта тантана билан нишонланмоқда. Ҳарбийларимиз Ватанимиз мустақиллиги, давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраш, халқимиз осойишталигини сақлашдек шарафли ва муқаддас бурчини мардлик ва жасорат кўрсатиб бажармоқда.
Юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини таъминлаётган ҳарбийларимизни эъзозлаш ва қадрлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилоят кенгаши ва Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази ҳамкорлигида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари П.Зармасов, Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш маркази раҳбари А.Жанузаков, “Ватанпарвар” ташкилоти масъул ходими О. Хўжаев мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, армияни ҳар қандай эҳтимолий хавф-хатар ва таҳликаларга шайлигини ошириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтдилар.
Бўлажак ҳарбийлар томонидан намойиш этилган чиқишлар табдир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.