Тараққиётнинг янги, демократик босқичига қадам қўйган жонажон Ватанимизда янги парламент ва янги маҳаллий Кенгашларни сайлаш учун тамомила бошқача руҳ ва ўзгача ёндошувдаги сайлов кампанияси давом этмоқда. Бўлажак сайловлар Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган умуминсоний, илғор демократик ғояларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлади.
Тобора ривожланиб бораётган жамиятимизда кўппартиявийлик, фикр ва қарашлар хилма-хиллиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари тобора кенг ва мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси бўлиб ўтадиган сайловларда муваффақиятли иштирок этиш учун ҳар қачонгидан қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Мазкур партия аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя этишни ўз олдига мақсад қилиб белгилаган.
Азалдан ўзбек халқи меҳр-оқибат, инсонпарварлик тамойилларини миллий қадриятлар сифатида улуғлаб келади. Айниқса, аҳолининг ногирон – имконияти чекланган, ёрдамга муҳтож қатламига ёрдам қўлини чўзиш, уларни қийнаётган муаммолар ечимини топиш, ҳар томонлама ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш – чинакам инсонпарварлик намунаси саналиб келинади.
Ана шундай эзгу қадриятлар Халқ демократик партиясининг мақсад-моҳиятига айлганганида ҳам катта маъно мужассам. Негаки, бизнинг партия ҳамиша халқ билан бирга бўлиш, аҳолининг ичига кириб бориш, муаммо ва талаб-таклифларини ўрганишни ўзининг кундалик вазифа қилиб белгилаган. Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашни ўз олдига мақсад қилиб белгилаган Халқ демократик партияси томонидан кўрсатилаётган номзодлар парламентда ўз фракциясининг нуфузини оширишда, албатта қадрли сайловчиларга таянади. Бу борада ҳар бир сайловчини Сайловолди дастуримиз билан яқиндан танишиб чиқишни таклиф қиламан.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзодлари сайлов жараёнида муваффақият қозонган тақдирда келгусида парламент фаолиятида фаол иштирок қилиб, ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар, ёшлар манфаатига доир қонунчиликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим сиёсий режаларни амалга оширишни режалаштирган. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турар жой билан таъминланиши, уларни фаол ижтимоий ҳаёт: тадбиркорлик, ўқув-ишлаб чиқариш соҳаларига жалб қилиш бош мақсадимиз сирасига киради. Айниқса, ногиронларнинг уй-жой билан таъминланишида бошланғич тўловсиз ипотека кредитлари олишларида қулайликлар яратишни кўзлаяпмиз. Бунинг учун қонунларга ўзгартишлар киритиш режалаштирилган.
Шунингдек, ёшларни иш билан таъминлаш ва уларнинг мақсад ва интилишларини қўллаб-қувватлаш партиямиз ҳар бир номзодининг диққат-эътиборидаги масала саналади. Аёлларнинг қишлоқда яшовчи қатламининг саломатлиги ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида жиддий амалий чора-тадбирлар режаси ҳам ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ қилинмоқда. Қишлоқ аёлларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган тадбирларимиз кенг миқёсда изчил ўтказилиб борилмоқда. Бу каби самарали тадбирлар келгусида ҳам давом эттирилади.
Албатта, сайлов эртанги кунимиз билан боғлиқ муҳим масала. Фаол ҳар бир сайловчи партиямиз номзодларини масъулият ва бедор руҳ билан ишлашга, элим деб, юртим деб ёниб яшашга ундайди.
Раҳимберган ЮСУПОВ,
ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси