Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд шаҳар Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида навбатдаги тадбир ташкил этилди.
А. С. Пушкин номидаги кутубхонада "Тараққиёт стратегияси - Янги Ўзбекистон учун" шиори остида ташкил этилган тадбирда партия шаҳар Кенгаши раиси Исломбек Умиров йиғилганларга тараққиёт стратегиясида илгари сурилган устувор мақсад ва вазифалар ҳақида маълумот берди. Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мамлакатимизни кейинги 5 йилда ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида 100 та мақсадга эришишга қаратилган ва 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган 398 та чора-тадбирни ўз ичига олганини қайд этди. Ушбу мақсадлар юртимиз ривожига, халқимиз ҳаётини фаровон этишга хизмат қилиши таъкидланди.
– Диққатга сазовор томони, Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқишда ва қабул қилишда фуқароларимиз фаол иштирок этди. Мисол учун, фақатгина учта асосий электрон платформага жамоатчилик муҳокамалари якуни бўйича 17 мингдан зиёд фикр-мулоҳазалар келиб тушди. Бу билан ҳужжатда халқимизнинг истак-хоҳишига кенг ўрин берилишига эришилди. Бундан кўринадики, халқ билан мулоқот тизими ривожланиб бормоқда, давлат органларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқоти яхши натижа беряпти. Бу эса ўз-ўзидан аҳолининг давлат органларига нисбатан муносабатини тубдан ўзгартирди, унинг фаоллиги, ислоҳотларга ишончи ва дахлдорлигини кучайтирди, – ЎзХДП Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси Исломбек Умиров.
Тадбирда иштирок этган кутубхона ходимлари, талаба ёшлар 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.