Мўътабар оила: Тараққиёт стратегиясининг тарихий мазмун ва моҳияти ҳақида мулоҳазалар
Мўътабар оила: Тараққиёт стратегиясининг тарихий мазмун ва моҳияти ҳақида мулоҳазалар

 

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси мамлакатимиз ва халқимиз тарихининг ўзига хос янги даврини бошлаб беради. Тараққиёт бутун моҳияти билан ялпи жамият ривожланишининг, фуқаролар онги ва тафаккурининг тубдан ўзгариши, миллат интеллектуал салоҳиятининг реал воқеликка айланиши сингари қадриятлар жамулжами ҳисобланади. Янги беш йилликка мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ҳақида гап борар экан, энг аввало, ана шу тарихий ва ижтимоий ҳодисага айланаётган стратегик мақсаднинг асослари, илдизлари, унинг моҳияти ва кўлами хусусида фикр юритишга тўғри келади. Зотан, миллат ва давлат тақдирини, унинг буюк яратувчилик қудратини ўзида ифода этган, ғоят маҳобатли стратегик мақсад тасодифан дунёга келган эмас. Жумладан, бир неча цивилизациявий ҳодисаларга гувоҳ бўлган, инсоният ҳаётига маданият олиб кирган, жаҳон тараққиётига мисли кўрилмаган ҳисса қўшган ўзбек халқининг тарихий тараққиёти босқичлари, унинг динамикаси, эволюцияси муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Давлатчилик тарихи жаҳон давлатчилиги ибтидоси билан тенгдош бўлган Туронзамин халқлари ўзининг буюк яратувчилик, бунёдкорлик имконияти, ақлий салоҳияти, тафаккур кенгликлари билан замонавий цивилизация шароитида ҳам ўзининг юксак маънавий-ахлоқий, маърифий-маданий имкониятларини намоён қилмоқда. Бу – биринчидан.

Иккинчидан, ўтган беш йиллик давр ўзининг бутун кўлами, мазмуни ва моҳияти билан бутунлай янги типдаги ҳаёт, назарий-фундаментал ва амалий жиҳатдан янгиланган давлатчилик асосларининг юзага келиши, бошқарув тизимида очиқлик муҳитининг пайдо бўлиши ва унинг реал воқеликка айланиши билан боғлиқ. Учинчидан, бутунлай янги тафаккурдаги инсоннинг шаклланиши, ҳаётга муносабатларининг жиддий равишда ўзгариши, эркин ва озод фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсади билан боғлиқ.

Дарҳақиқат, ўтган беш йилликда очиқ жамият қуриш ва давлат бошқарувини эркинлаштириш борасида бутунлай янгича тамойил – халқчиллик ва ошкоралик асосидаги давлат бошқаруви тамойили жорий этилди. Президент билан фуқаро, давлат билан жамият ўртасидаги “хитой девори” олиб ташланди. Одамлар тўғридан-тўғри давлат идоралари ва раҳбарлари билан мулоқот қилиш, ўз фикр ва мулоҳазаларини тўғридан-тўғри билдириш имкониятига эга бўлишди. Натижада одамлар кайфияти ўзгарди, тафаккур янгиланди, мақсадлар ва интилишлар реал асосларга эга бўлди. Муаммоларни ҳал этишда умумий сафарбарлик, ялпи ҳамжиҳатлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳурмат қилиш каби соф инсоний фазилатлар чуқурлашди. Фақат шугина эмас, ушбу фазилатлар миллий қадриятга айланди. Жамиятда ялпи барқарорлик, фикрий ва ҳиссий ҳамжиҳатлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳурмат қилиш тамойили қарор топди.

Бир қарашда биз ҳаммамиз ҳам олдинги, бир фуқаролик паспорти маълумотларига қараганда ўша-ўша одамлармиз. Лекин ақлий салоҳият, интеллектуал имконият, онгимиз ва тафаккуримиздаги ўзгаришлар, орзулар ва мақсадларимиздаги эзгулик туйғулари бизнинг ҳар биримизнинг бутунлай янги типдаги фуқарога айланганимиздан далолат беради. Бу ўтган беш йилликнинг энг катта ютуғи, дейишимиз мумкин.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси кейинги беш йилда амалга ошириладиган кенг кўламли ислоҳотларнинг дастури сифатида дунёга келди. Унинг ўзига хос жиҳатлари бор: Биринчидан, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш. Албатта, инсон бутун моҳияти билан мўътабар зот. Дарҳақиқат, Қуръони Каримда “Биз сизни мукаррам қилиб яратдик”, дейилади. Мукаррамлик нимада? Мўътабарлик, азизлик нимада намоён бўлади? Бу ҳақли ва мантиқли саволларнинг жавоби битта. Аллоҳ жонзотларнинг орасида фақат инсонгагина ақл берди, фикрлаш, муносабат билдириш, ўз ҳаётини ўзи йўлга қўйиш имконини берди. Яхшилик ва ёмонликни, эзгулик ва ёвузликни фарқ қила оладиган ва унга муносабат билдирадиган ҳис-туйғу берди. Айни ана шу бебаҳо имконият инсонни мўътабар жонзотга, уни азизу мукаррам хилқатга айлантирди. Улуғ бобокалонимиз Абу Наср Форобий эса “Инсоннинг моҳияти ақлда, ақлнинг моҳияти хатти-ҳаракатда билинади”, деган эди. Дарҳақиқат, инсоннинг қадру қимматини, инсонийлик даражасини белгилайдиган ягона ва бирдан-бир ўлчов ақлдир. Ақлнинг эса ранги, ҳажми, оғирлиги, кенглиги ё торлиги йўқ. Уни ўлчайдиган мезон инсоннинг хатти-ҳаракатида, бизнинг ҳар биримиз ўз феъл-атворимиз доирасида, атрофдагиларга муносабатимиз, хатти-ҳаракатларимиз, мақсад-интилишларимиз орқали ақлимизнинг қай даражадалигини намоён этамиз.

Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида инсон қадрини юксалтириш орқали эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, халқпарвар давлат барпо этиш ғояси илгари сурилар экан, энг аввало, инсон ўзини ўзи қадриятга айлантириш орқали ялпи жамият қадриятий жиҳатларини такомиллаштиришни тақозо этади. Давлатнинг ягона ва бирдан-бир манбаи сифатида халқ, якка тартибдаги ҳар бир инсоннинг ўзини-ўзи қадрият даражасига олиб чиқиши, ақлий салоҳиятини ривожлантириши, ўзини-ўзи англаши, бошқариши, эзгуликлар сари йўналтириши, иллатларини камайтириб, фазилатларини кўпайтиришга интилиши орқали қудратли давлатни барпо этиш имконияти туғилади. Бу эса ялпи жамиятда барчанинг умуммиллий ҳамжиҳатлик, умуммиллий сафарбарлик фазилатларига таянади.

Иккинчидан, адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш. Маълумки, инсоният тарихида одамлар ҳамиша адолатга эҳтиёж сезишган, унга интилиб яшашган. Бироқ адолатсизлик ҳамиша мавжуд бўлган, чунки адолат тамойилларини бузадиган, натижада инсон ҳақ-ҳуқуқларининг паймол бўлишига олиб келадиган иллатларни ҳам инсоннинг ўзи яратади. Инсон мавжудот сифатида ҳамиша ўзига ўзи муаммо яратиб, шу муаммолар гирдобида яшайдиган жонзот ҳисобланади. Ана шундай шароитда жамиятда адолат устуворлигини таъминлайдиган ягона мезон қонунчилик ҳисобланади. Қонунлари мукаммал бўлган ва ушбу қонунлар тўла қувват билан ишлайдиган жамиятда табиий равишда адолат ўрнатилади. Давлатимиз раҳбари бу масалада бот-бот гапиради. Инсон ҳақ-ҳуқуқларини тўла кафолатлаш, қонунчиликни бутун чоралар билан мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, мустақил ва одил суд тизимини вужудга келтириш масалаларини долзарб қилиб кўтармоқда.

Кейинги беш йилда суд-ҳуқуқ тизими бутунлай ислоҳ қилинди. Унинг янги тузулмавий шакли жорий этилди. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, қонун олдида барчанинг тенглигига эришиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Учинчидан, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш. Бу, албатта, жамият тараққиётини белгилайдиган муҳим омил. Миллий иқтисодиёт давлат қудратининг ҳам, халқ фаровонлигининг ҳам, ҳар бир фуқаро бахтли, саодатли, фаровон ҳаётини таъминлашнинг ҳам асоси ҳисобланади. Президент Ш.М.Мирзиёевнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида янги беш йилликда амалга ошириладиган ишлар аниқ, конкрет, муддати белгиланган ҳолда ифода этилган. Фармон кўлами жиҳатидан маҳобатли, мазмуни жиҳатидан ғоятда чуқур, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан тўла асосланган. Иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашга қаратилган ҳар бир соҳа аниқ бандларда ўз ифодасини топган. Мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар зиммасига ўта аниқликдаги вазифалар юклатилганки, бу бевосита Янги Ўзбекистон тараққиётини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Тўртинчидан, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш. Айтиш мумкинки, ҳозирги жаҳон цивилизациявий шароитида давлатларнинг қудрати уларнинг ҳарбий-техник салоҳияти билан эмас, балки кучли ижтимоий сиёсати билан ўлчанади. Фуқароларнинг фаровон турмуш тарзини ташкил этиш давлат ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш тизимини бутун чоралар билан ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини янада чуқурлаштириш, жисмоний тарбия ва спортни ҳар бир оилада қарор топтириш жамият ижтимоий кайфиятини белгилайдиган муҳим омил ҳисобланади. Ҳар бир маҳалла ўз ҳудудида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш орқали ялпи жамият маънавий-руҳий кўтаринкилигини таъминлайди. Аҳоли турар жойларида жисмоний тарбия билан шуғулланишни ташкил этиш анъанага айланиб қолди. Бир қарашда оддий кўринадиган ушбу ҳодиса бутун моҳияти билан янги типдаги инсонни вужудга келтириш каби ғоят залворли маънавий-руҳий ҳодиса эканлигини англаш қийин эмас.

Узлуксиз таълимнинг барча бўғинларини тубдан ислоҳ қилиш жараёни давом этмоқда. Янги Ўзбекистоннинг бутунлай янги мазмундаги фуқароларини шакллантириш бевосита мактабгача таълим муассасаларидан бошланади. Мурғаккина фарзандларимизни маънавий-руҳий ва жисмоний соғлом ўсиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Мактабгача ёшдаги болаларимизнинг 60 фоиздан кўпроғи болалар боғчаларига жалб этилмоқда. Бу кейинги беш йилда амалга оширилган шу соҳадаги энг катта ютуқларимиздан ҳисобланади.

Умумтаълим мактабларида ишлаётган ўқитувчиларнинг моддий ва маънавий манфаатдорлиги кескин оширилди. Ўқитувчининг обрўсини, шаънини оширишда давлатнинг ўзи раҳнамолик қилмоқда. Президент ­Ш.М.Мирзиёев ўқитувчи, мураббий, муаллим сўзларининг нақадар улуғворлигини, мўътабарлигини, жамики тараққиётимизнинг асосида ўқитувчи туришини алоҳида таъкидламоқда.

Миллий фанимиз тараққиёти, албатта, ялпи ривожланишнинг муҳим омили ҳисобланади. Бу борада олий таълим сифатини ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот институтларида фундаментал кашфиётларни, илмий янгиликларни амалга ошириш ва ҳаётга жорий этиш имкониятлари кенгаймоқда. Бешинчидан, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш.

Маънавият ҳар қандай тараққиётнинг сарчашмаси. Маънавият – олам ва одам ҳалоскори. Буюк немис файласуфи Освальд Шпенглер “Қаерда маънавият йўқолса, ўша ерда зоология кучаяди”, деган эди. Дарҳақиқат, маънавий қашшоқлик, ахлоқсизлик кучайган пайтда инсон ўз моҳиятини йўқотади. Одам шаклидаги бошқа жонзотга айланади. Унинг ягона ва бирдан-бир қадрияти маънавиятда намоён бўлади.

Инсониятнинг ҳозирги тараққиёт босқичида ахлоқсизлик хуруж қилаётган бир пайтда Ўзбекистон ва унинг халқини буюк мақсадларга, порлоқ келажакка даъват этаётган қудратли куч маънавият бўлиб қолди. Давлат эса Президентимиз бошчилигида маънавий янгиланишларга ҳомийлик қилмоқда. Баркамол инсон тарбияси, янги Ўзбекистоннинг янги, кучли, қудратли янги фуқаросини вужудга келтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Ялпи маърифатли жамият қуриш ғояси илгари сурилмоқда. Бу ғоянинг реал воқеликка айланаётганлигини битта мисолда кўриш мумкин. Тўрт йил бурун олий таълим тизимида 55 минг талаба ўқир эди. Бугун улар сони 200 мингга яқинлашди. Олий таълим муассасалари сони эса 3 баравардан ошди. Бу давлатимизнинг ҳам, халқимизнинг ҳам тарихий ютуғидир.

Олтинчидан, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон инсоният тақдири билан боғлиқ бўлган умумпланетар масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок этаётган саноқли давлатлардан бири ҳисобланади. Аниқроқ қилиб айтганда, йирик ва ривожланган давлатлар Америка Қўшма Штатлари, Германия, Туркия, Хитой, Россия, Франция, Англия давлатлари қаторида Ўзбекистон ўз сўзи ва позициясига, аниқ ва ўзгармас сиёсий концепциясига эга бўлган давлат сифатида умумбашарий масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, иқлим ўзгаришлари, экологик бўҳронлар, радикализм, экстремизм ва терроризмга қарши кураш, Осиё, Африка, Лотин Америкасида очарчилик хуруж қилаётган бир пайтда камбағалликка қарши курашиш борасида аниқ концепцияга эга бўлган давлат сифатида ўзини намоён этмоқда.

Еттинчидан, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш. Кейинги беш йилда мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини ошириш борасида жиддий чора-тадбирлар амалга оширилди. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўзининг ҳарбий тайёргарлиги ва техник таъминланганлиги жиҳатидан дунёда нуфузли ўринга эга. Ўзбекистон давлатининг қатъий позицияси шундан иборатки, у бирон бир давлатнинг ички ишларига аралашмайди. Ўзининг тинчлигини, барқарорлигини, чегаралар дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган Қуролли Кучларига эга. Ҳар қандай ташқи зарбани барбод этадиган армияси мавжуд. Бу бутун халқимизнинг фахру ифтихорига айланди. Ҳар қандай давлат билан очиқ муносабатда бўлиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан чуқур ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу ҳозирги замон шароитида Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бутун нуфузини, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини белгилайди. Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси 2022-2026 йилларда мамлакатимизнинг ҳар томонлама барқарор ривожланишини ўзида ифода этган. Ушбу ҳужжат, айтиш мумкинки, 35 миллионли Ўзбекистон деб аталган мўътабар оиламизнинг истиқболини кафолатлайди. Зотан, Тараққиёт стратегияси ҳар бир фуқаронинг қалб даъвати, эртанги кунга ишончи, буюк истиқболга боғлиқ бўлган эзгу мақсадларининг реал ифодасига айланди.

 

Нарзулла ЖЎРАЕВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор.

“Ўзбекистон овози”, 9.02.2022, №6

 

 

← Рўйхатга қайтиш