Депутатлик гуруҳлари фаолияти таҳлил қилинди
Депутатлик гуруҳлари фаолияти таҳлил қилинди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан қабул қилинаётган қарорларни жойларга етказиш, 2021 йил давомида партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда 2022 йил учун аниқ вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Самарқанд вилоят кенгаши томонидан жорий йилнинг 16 февраль куни Халқ депутатлари вилоят, туман шаҳар кенгашларидаги депутатлик гуруҳи раҳбарлари иштирокида ижроия қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар кенгаши ходимлари, партия депутатлик гуруҳи раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишда кўтарилган масалалар авваламбор, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари олдига, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифаларини янада самарали ҳал қилишга қаратилган асосли таклифларни тизимли тайёрлаш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритиш тажрибасидан кенгроқ фойдаланиш механизмини такомиллаштириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Хусусан, партиямизнинг Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар Халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари кун тартиби ҳамда шу ҳокимият органлари доимий комиссиялари муҳокамасига сиёсий партиялар дастурий мақсад-вазифалари ва ўз доимий электорати манфаатларини ифода этувчи таклифлар киритишга доир ташаббускорлиги ортиб бораётгани кузатилмоқда. Кейинги йилларда партиямизнинг маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари мансабдор шахсларнинг жойларда ижтимоий иқтисодий масалаларнинг ҳал этилиши, давлат дастурларини амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш ташаббусини илгари суришда янада фаоллик кўрсатмоқда. Жумладан, 2021 йил давомида амалий Ҳаракат дастурида ва Ҳаракат дастуридан ташқари умумий ҳисобда депутатлик гуруҳларида 154 та масала, доимий комиссияларда 65 та масала, сессияларда 89 та масала кўрилган, 39 мансабдор шахслар ҳисоботлари эшитилган.

Ўзбекистон ХДПнинг дастурий мақсадларини амалга оширишнинг асосий тамойили кам таъминланган оилаларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, уларнинг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва янги технологияларни жорий этиш асосида уларнинг ижтимоий таъминотга бўлган эҳтиёжларини яна ҳам тўлиқроқ қондириш ҳисобланади.

Мазкур вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш учун ижтимоий йўналтирилган дастурларнинг жойларда амалга оширилаётгани бўйича жамоатчиликни кенг xабардор қилиш мақсадида, давлат органларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари билан мустаҳкам ҳамкорлигини таъминлаш талаб этилади. Бу ўз навбатида, олдимизга қўйилган мақсадларга эришишга замин яратади.

Йиғилиш сўнгида партия депутатлик гуруҳларининг ишини жонлантириш, партия билан алоқаларни мустақкамловчи қарор лойиҳалари Ижроия қўмита аъзолари томонидан маъқулланди ва партия гуруҳлари олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш