Депутатликка номзодлар кўрсатиш, сайловолди ташвиқотини олиб бориш, сайлов участкаларига ўз кузатувчилари, ваколатли вакилларини тайинлаш ва бошқа ҳуқуқлар сайлов жараёнида сиёсий партияларнинг асосий ҳуқуқлари ҳисобланади. Шу маънода айтадиган бўлсак, янгидан шаклланадиган вакиллик ҳокимияти қандай бўлиши, мамлакат тараққиётига қанчалик даражада таъсир кўрсатиши, ҳаётий қонунлар қабул қилиниши, умуман, халқимиз ҳаёти эртага қандай бўлиши сиёсий партиялар томонидан кўрсатилаётган депутатликка номзодларнинг салоҳиятига, сайловолди дастурининг халқчиллигига кўп жиҳатидан боғлиқ.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ Демократик партияси тизимида депутатликка номзодларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, уларнинг сайловолди дастурида аҳоли, электорат манфаатларига хизмат қилувчи таклиф ва ташаббусларни илгари суриш бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда. ЎзХДП Хоразм вилоят кенгашида ҳам ушбу ўқувга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.
– Ўқув машғулотлари келгуси ҳафтадан бошланади. Унда Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётган олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, сиёсатшунос ва ҳуқуқшунослар тренинг-машғулотлари олиб боришади, –дейди вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари С.Бобожонов. – Бунда депутатликка номзодлар сайлов қонунчилигига оид янгиликлар билан яқиндан танишиб, ўзларининг сайловолди дастурларини ишлаб чиқиш, сайловчилар билан учрашувлар, мулоқотлар ўтказиш бўйича кўникмаларини янада оширишади.
Ўқув-машғулотининг янада қизиқарли ва таъсирчан ўтказилиши учун хоналар кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган, слайд ва видеоматериаллар ҳозирланган.
ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.