Юртимиз тараққиётининг янги даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда Айниқса, ушбу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Кексалар ва ногиронларнинг турмуш даражасини яхшилаш, пенсия таъминоти ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор давлат дастурлари қабул қилинди. Натижада ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг барқарор тизими яратилди.
Таъкидлаш жоиз, 2020 йил 15 октябрда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан юртимиздаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳар тарафлама ҳимоя қилинди, улар жамиятнинг фаол ва тенг ҳуқуқли аъзосига айланди, ташаббуслари рағбат топди.
Шунингдек, қонун асосида ногиронлиги бўлган шахсларни энг кўп қийнаб келаётган масала – тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар тартибида имтиёзли даволанади, протез-ортопедия анжомлари билан таъминланади.
Куни кеча Президентимизнинг соҳадаги ишларни янада жадаллаштиришга қаратилган — “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди.
Унга мувофиқ, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 440 минг сўмдан 622 минг сўмга оширилади.
Шу билан бирга, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорда нафақа тўланади. Парваришлаш нафақаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилинган мурожаатларга асосланиб бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўлаб борилади.
Бир сўз билан айтганда, белгилаб берилган вазифалар доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади.
Ўрол ЎРОЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.