Тушга айланган кўз ёши
Тушга айланган кўз ёши

 

Бир умр қаергадир шошилдик, югурдик, чопдик, тортишдик, уришдик, йиқилдик, турдик... Яна югурдик... Қаёққа бунчалик шошилаётганимизни ўйлаб ҳам кўрмадик.

Олдинда эса манзил битта...

Сафар Остоновнинг кундалигидан.

 

Сафар Остонов билан деярли тенгдош эдик. У мени Аҳмаджон, мен уни Сафар дердим. Роса эллик йил бир-биримизга шундай мурожаат қилдик. Катта идорада ишлаганимизда ҳам навқирон йигитликда шууримизга муҳрланган шу одатимизни тарк этмадик.

1972 йили журналистика факультетининг талабаси бўлсам-да, газета муҳаррири Рустам Шоғуломов мени ишга таклиф қилди. Қисқа суҳбатдан сўнг корректура хонасига кирдик. Жуссаси кичик бир йигитча – Сафар Остонов газетанинг босмахонага топширилаётган саҳифаларини корректор сифатида ўқиб ўтирган экан, улардан бирини менга бериб, диққат билан ўқиб чиқишимни тайинлади. Ўзи эса айрим сўзларни алоҳида бўғинларга ажратиб, “Ле-о-нид Иль-ич, парти-я қа-рор-ла-ри”, деб бош кўтармай ўқишда давом этди. Хато ўтиб кетмаслиги учун шундай қилиш одат экан.

Саҳифа материалларини ўқиб, айрим хатоларини тузатдим, баъзи сўзларни бошқа муқобилларига алмаштирдим. Иккита мақоланинг сарлавҳаси бир-бирига ўхшаш бўлиб қолган экан, биттасини ўзгартирдим. Каттароқ расмий мақоладаги такрор жумлаларни қисқартирдим. Иқтибосларга аниқлик киритдим. Саҳифа “бўялди”. Бош корректор уни газета муҳаррири хонасига олиб кириб кетди. Юрагим дукиллай бошлади. Нотўғри тузатган, ўринсиз қисқартирган бўлсам-чи?

Орадан бироз ўтгач, Сафар Остонов хонага қайтиб келиб, “Яхши ўқибсиз, каттага маъқул бўлди”, деб мени хурсанд қилди.

Шу-шу, бирга-бирга ишлаб кетдик. Орадан кўп ўтмай иккимиз ҳам бўлимларга ишга кўтарилдик. Бирга юрт кездик, бормаган туман, қишлоқ ёки овул қолмади ҳисоб. Кўплаб шаҳарлар бўйлаб хизмат сафарларида бўлдик.

1980 йили Москва Олимпиадаси арафасида Москвада икки ҳафта туриб, бу муҳим воқеага тайёргарлик ишларини кузатдик. Сафар ташкилий қўмита ўтказаётган матбуот конференцияларида қатнашди, мен Олимпиада шаҳарчаси хусусида мақолалар тайёрладим. Дўстлар орттирдик, давраларни қизитдик. Янги танишганлар бир-бирларига “визитка” беришар экан, бизда бундай нарса йўқ, сафарга отланаётганимизда аввалроқ Москвада малака ошириб кетган газета масъул котиби Жаббор Раззоқовнинг “визитка”ларидан бир дастасини олволган эдик, ўшаларни берамиз. Баъзи “дўст”ларимиз ҳайрон бўлишиб, “Йигитлар, нима, сизлар бир кишимисизлар?” дейишади.

Бир куни Сафар ташкилий қўмита журналистлар учун ўтказган йиғинидан жиғибийрон бўлиб қайтди. Қўйиб берсангиз – портлаб кетгудай. Нима бўлибди денг? Хорижлик бир журналист машҳур гимнастикачи, кўп бор жаҳон чемпиони Николай Андриановга: “Олимпиадада қатнашадиган иттифоқ терма жамоасида бошқа миллатларнинг ҳам вакиллари борми?”, деган савол берибди. Андрианов истеҳзо билан: “Бор, командамизда ҳатто ўзбек ҳам бор”, дебди. “Ярамас, “ҳатто” деди-я, ўрнимдан шартта туриб, унга ўхшатиб савол бермоқчи бўлдим, аммо имкон беришмади. Агар бу ердаги имкониятлар бизда бўлса борми, ўзбеклардан жуда кўп спортчи чиқади, нима, чиқмайдими?”, дейди куюниб.

Ўша куни анча вақт ухламай Тошкентга қайтгач, енг шимариб, спорт муаммолари хусусида мақолалар ёзишни режалаштирдик.

Шундай қилдик ҳам. Иккимизда уй-жой муаммоси бор, ижара уйларда яшаймиз. Қиш-қировли кунларда болалар билан қийналамиз. Бир йили мен ўн олти қаватли, пештоқида ҳайҳотдай соати бор матбуот уйининг ўн учинчи қавати балконида баҳордан кузгача яшадим. Сафар ҳам кўп қийинчилик кўрди. Биз билан бирга ишлайдиган, ҳаётнинг не-не заҳматларига дош берган Эркин ака Маликов ҳамма уйсизларга: “Шундай синовлардан ўтганларга Аллоҳнинг марҳамати бор, сабр қилинглар”, дерди. Нашриётдан уй олиш илинжида эртаю кеч, туну кун мақола, очерк, лавҳа, ҳисобот ёздик, суҳбат уюштирдик. Бу ҳам етмаганидек, республика комсомол ташкилоти раҳбарларининг ҳавойи маърузаларини тайёрлардик, зарбдор қурилишларнинг илғорларини, “дала маликаси” етиштираётган маккажўхорикорларни ошириб-тошириб мақтардик. Шалоғи чиқиб кетган поездларда вилоятлардан бўш жой йўқ – гоҳ ўтириб, гоҳ тикка, Тошкентга қайтар эканмиз, Сафар, мен, Мирзакарим, Зиёвуддин, Абдуҳамид тўғри редакцияга келиб, ёзув машинкасининг қулоғини бурардик. Топширилган вазифа бажарилмай қолмасди. Чарчамайдиган бўлишимиз учун Эркин ака бизни иш кунлари тушликка ўн учинчи қаватдан ҳовлидаги ошхонага пиёда югуриб тушишга, овқатланиб бўлгач – юқорига пиёда чиқишга мажбур қиларди.

Кўп йиллар шундай ишладик. Вақтдан ютқизган бўлишимиз мумкин, аммо қаламимиз чархланди, фикримиз тиниқлашди. Танлаган касбимизнинг сир-асрорлари, журналист учун зарур бўлган муомала маданияти, хизмат сафарлари одобини ўргандик. Ўша кезлари биз билан бирга ишлаган ҳамкасбларимизнинг ҳаммаси кейинчалик матбуотда, ижодда ўз йўлларини топишди. Мен ёшлар нашриётига ўтиб, таҳрир ишига шўнғидим, телевидениеда саккиз йил сиёсий шарҳловчилик қилдим, халқаро мавзуларда памфлетлар ёздим. Чингиз Айтматов ижодига қизиқиб, бадиий публицистика билан шуғуллана бошладим.

Сафар спорт ва ҳуқуқий журналистикани танлади. Ҳар иккисида ҳам самарали ижод қилди. Турли олимпиадаларда мухбир бўлиб қатнашди. Ўзбекистонлик гимнастикачи Венера Зарипова ҳақида “Венеранинг кўз ёшлари” номли рисола битди. Гимнастикачимиз Олим Отахонов, боксчимиз Руфат Рисқиев ва бошқалар тўғрисида китоблар ёзди. Улар бугун ҳам мароқ билан ўқилади. Юртдошимиз Рустам Чагаев Германияда девқомат боксчи Николай Валуев билан рингга чиққанида толмас мухбир Сафар Остонов минг машаққатлардан ўтиб, жанг ўтаётган жойга етиб борди. Жанг якунида мағлуб Валуевга: “Сизнингча, Чагаев ниманинг ҳисобига ғалаба қозонди?”, деган савол берди.

Кейинроқ Сафар бутун фикри-зикрини ҳуқуқий журналистикага қаратди.

Судга иши тушиб, заҳмат чеккан жабрдийдаларга ёрдам қўлини чўзди. Қисқа қилиб айтганда, бир қаламкаш бажариши мумкин бўлган барча ишларни қилди.

Сафар “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлаганида қўшни – адабиёт газетасининг бош муҳаррири сифатида кўп кузатганман: газета қабулхонаси ҳамиша одамлар билан гавжум: кимнидир ишдан асоссиз бўшатишган, кимдир бировнинг мулкини ўзлаштириб олган, фермер иш ҳақи тўламай қўйган... Кимгадир тиббий ёрдам керак, кимнингдир фарзанди конкурсдан ўта олмаган... Сафар ёрдам сўраб келганларни эътибор билан тинглар, зарур ҳолларда жойларга газета мухбирларини юборарди. “Бунинг унча оғири йўқ, аммо ўғли, набираси ёки қизи қамалиб қолган оналарни тинглаш жуда оғир, – дерди у. – Қамалганларнинг айби аниқ, ҳукмда ҳаммаси очиқ-ойдин ёзиб қўйилган, аммо она – Она-да. Бир нима, деб кўнглига таскин бериш керак”.

Муҳаррир сифатида мен уни тушунардим. Ишимизда баъзан шундай ҳолатлар бўлардики, бийрон тилингга бир оғиз сўз келмай қоларди. Сафар гапни чўзмай, бор ҳақиқатни борлигича айтар, баъзи ҳамкасбларимизга ўхшаб, “Бўлди, кўриб чиқамиз, ҳаммасини жой-жойига қўямиз, кутинг, хурсанд бўласиз”, демасди. Бундай дейишга унинг виждони йўл қўймасди.

Сафар ўзини аямай ишлади. Газетачиликка бор вужуди билан шўнғиб кетди. Дам олиш кунлари у учун энг маҳсулли кунлар бўлди. Одамларга ёрдам бериш, кимларнингдир шахсий, хусусий, оилавий муаммоларини ҳал қилишга вақт топди, аммо бирор жойда аниқ-тиниқ дам олишга, асаб толаларини асрашга вақт топмади. Мактабга шошилаётган аълочи ўқувчидай ҳар тонг ишхонага шошилди...

Сафар Олий Мажлис депутатлигига сайлангач, янада фаоллашди, газетада, айниқса, телевидениеда жиддий чиқишлар қилди, баъзиларга ўхшаб қоғозга қараб, тайёр матнни қироат билан ўқиб бермади, дилида борини очиқ-ойдин тўкиб солди. Кейин-кейин ҳаммаси изга тушиб кетди. Аммо... вақт ўтган, қирқ йиллик қадрдон дўстимиз учун қазо шаробини ичишдан бошқа чора қолмаганди. У Аллоҳнинг бу иродасига сўзсиз бош эгди. Қонунчилик палатаси спикери, партиянинг янги раҳбарияти, дўст-қадрдонлар видолашув маросимига бош-қош бўлдилар.

Қадрдон дўстимни сўнгги марта ҳукумат касалхонасида кўрдим. Ўзим бир аҳволдаман, хонадан чиқишим мумкин эмас, аммо “депутат Остоновни олиб келишди”, деган гапни эшитиб, олдига кирдим. Озиб-тўзиб кетибди. Нафас олиши қийин. “Шу йўтал қўймаяпти-да, оғриқ йўқ, ҳар куни гимнастика қиламан, бундай-бундай”, – деди қўлларини ёнига, юқорига чўзиб. – Бир ой бўлди, аниқ ташхис йўқ...”

Эртасига тушга яқин хонада мажолсиз ётган эдим, эшик очилиб, Сафар кириб келди. Қўлида овқат. “Ўртоқлар ош олиб келишибди”, деди. Қани энди иштаҳа бўлса?! Бир қошиқ-ярим қошиқ еган бўлдик – суҳбатимиз ўз-ўзидан матбуот муаммоларига, бу соҳага билиб-билмай аралашаётган айрим “мутахассис”ларга кўчди. Қийналиб, ҳансираб бўлса-да, кўнглида тугилиб турган кўп гапларни айтди. “Ҳаёт ўзгариб кетди, одамлар ҳам ўзгарди, кимнинг кимлигини билиш қийин”, деди.

Икки кундан кейин мени бошқа касалхонага ўтказишди. Бошқа кўришмадик. Жанозанинг иккинчи куни тушимга кирди...

Қанақа туш денг?

1975 йилнинг май ойи эди. Сафар иккимиз таҳририятдан Самарқанд вилоятига жўнатилдик. Газета муҳаррирининг топшириғига биноан ёшлар ташкилоти фаолиятидан мақолалар ёзишимиз керак. Керакли материалларни тўплаб бўлгач, Сафар менга:

“Бугун бир жойга борамиз, иш бор”, деди. Хўб, дедим. Самарқанд туманидаги Охалиқ қишлоғига бордик. Боришга бордигу, у ерда ҳамроҳим негадир мунғайиб қолди, кайфияти йўқ, юзи ҳорғин. Кейин... шу атрофдаги қишлоқ кўчаларини кезиб, ниманидир қидириб, биридан иккинчисига қайта-қайта ўтаётганимизда Сафар менга бир ҳикоя айтиб берди:

“Болалигимда онам яшаган уйни топишим керак. Сал-пал эслайман. Иккита пастқам-пастқам хонаси, ҳовлида тандир-ўчоқ, бостирма бор эдими-ей. Бир куни онам... ҳовлини ўзларининг айтишича, ноиложликдан (Сафар сабабини айтган эди – ёдимда қолмабди) арзон-гаровга сотиб, пулини рўмолининг учига тугди, биз бошқа қишлоққа кўчиб кетдик. Арава ғилдирагининг ғижирлаши, онам овоз чиқармай йўл бўйи йиғлагани, мен эса биздан узоқлашаётган уйимизга қараб бораётганим ҳамон ёдимда...”

Ўшанда Сафарнинг кўзида ёш кўрганман. Бошқа ҳеч қачон – маиший, оилавий муаммолар, ҳаётнинг не-не гурзимонанд зарбалари ҳиқилдоғидан олганида ҳам йиғламади. Ўзини тутди, ҳеч кимга арз қилмади, ўзига ярашиғли мақомда яшади-ўтди.

Тушимга Сафарнинг кўз ёшлари кирибди. Охалиқ, Омонқўтон кўчаларида сарсон кезиб юрганимиздаги кўз ёшлари...

 

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

«Ўзбекистон овози», 23.02.2022, №8

 

 

← Рўйхатга қайтиш