Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ, манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқини кафолатлаш ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида муҳим аҳамият касб этди.
Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши томонидан Қўрғонтепа туманида ташкил этилган семинар мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, унда белгилаб берилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш масалалари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасида амалий ишларни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда партия вилоят кенгаши бўлим мудири Ш. Ураимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси Б. Қурбонов кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиқиб, семинар иштирокчиларига мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида маълумот бердилар.
Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг вазифалари қайта кўриб чиқилгани, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари тузилмасида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилгани, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилгани, «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилди, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилгани таъкидланди. Шунинг билан бирга, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш масалаларига доимий эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Семинарда, шунингдек Ўзбекистон ХДП томонидан жойларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.