Меҳнат ҳуқуқлари бўйича қонунчилик такомиллаштирилмоқда
Меҳнат ҳуқуқлари бўйича қонунчилик такомиллаштирилмоқда

 

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни қисқартириш дунё миқёсидаги муаммолардан биридир. Халқаро меҳнат ташкилоти эълон қилган охирги ҳисоботга кўра, 2022 йилда дунёда ишсизлар сони 207 млн. нафарни ёки жами ишга лаёқатли аҳолининг 5,9 фоизини ташкил қилиши мумкин. Агар дунёдаги ҳозирги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, ишсизлар сони бундан-да кўпайиши эҳтимоли йўқ эмас. Бундан ташқари, ҳисоботда 2023 йилда дунёда ишсизлик кўрсаткичи бироз камайиб 203 млн.ни ташкил этиши қайд этилган.

Мамлакатимизда иш билан банд аҳоли сони 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, 13 млн. 538 минг нафарни, расмий секторда банд бўлганлар 6 млн. 196 минг нафарни ҳамда норасмий секторда меҳнат қилаётганлар сони 5 млн. 885 минг кишини ташкил этган. Маълумот учун айтадиган бўлсак, ишга лаёқатли аҳоли сони 19 млн. 345,0 минг кишини ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 101,1 фоизга ёки 202,6 минг кишига ошган.

Тараққиёт ва юксак ривожланишга эришган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, улар истиқболли мақсадларни амалга ошириб, улкан ютуқларни қўлга киритганига гувоҳ бўлиш мумкин. Бугун Ўзбекистон ҳам ўз тарихининг ана шундай масъулиятли чорраҳасидан ўтмоқда, десак, муболаға бўлмайди.

Сўнгги йилларда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар кўриляпти. Хусусан, бандлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асосларини ишлаб чиқиш борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда гап кетганда, қуйи палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Қўмита томонидан аҳоли бандлигини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, бандлик ва меҳнат муҳофазаси соҳаларида қонунчиликни такомиллаштириш, қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини олиб бориш йўлида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, ўтган даврда қўмита қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида 3 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлди. Улардан 2 таси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди, 1 таси эса Президент томонидан имзоланди.

Шунинг билан бирга, қўмита 5 та назорат-таҳлил тадбирларини ўтказди. Ушбу йўналишда жорий йил март ойида 2 та вазирликнинг ахбороти эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, фуқароларни тадбиркорликка йўналтириш ва касб-ҳунарга ўргатиш ишларини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижалари жорий йил 19 март куни қўмитанинг Сергели туманидаги сайёр йиғилишида муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.

Шунингдек, қўмита аъзолари томонидан жойлардаги долзарб муаммоларни ўз вақтида, самарали ҳал этиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари номига 7 та депутат сўрови юборилди.

Қайд этиш жоизки, қўмита фаолиятида фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида, тўлиқ ўрганиш ҳамда улар юзасидан қонуний чоралар кўришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Жумладан, жорий йил I чоракда қўмитага келиб тушган жами 169 та мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилиб, улардан 52 таси ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, ҳисобот даврида қўмита аъзолари томонидан 284 нафар фуқаро қабул қилиниб, улар томонидан кўтарилган масалалардан 106 таси депутатларнинг саъй-ҳаракати натижасида ҳал этилди.

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси бир қатор назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш, ижтимоий соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар билан чиқишни режалаштирган. Шу кунларда қўмита аъзолари томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги, таълим олиши, тадбиркорлик қилиши ва касб-ҳунарга ўқиши билан боғлиқ жиҳатлар, “Ижтимоий хизмат” электрон платформаси ва ижтимоий ҳимояга алоқадор ўзгартиш ва қўшимчалар назарда тутилмоқда.

 

Бобур Мирзо ТЎХТАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси котибияти катта референти.

«Ўзбекистон овози», 20.04.2022, №16

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш