Куни кеча муҳим воқеа — фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) сайлови бошланди. Ҳудудларларда жараёнга тайёргарлик қизғин ўтди. Номзодлар ҳам, аҳоли вакиллари ҳам бирдек ҳаяжон ва масъулият билан сайлов кунини кутишганди.
Ҳар бир учрашувда аниқ бир йўналиш, мақсад бўйича ўрганиш олиб боришга ҳаракат қиламиз. Ўтган галги учрашувларда ҳудудлардаги оилавий шифокорлик пунктлари фаолияти ўрганилган бўлса, бу галги учрашувда Қуйи Чирчик туманидаги “Чақмоқ”, “Хўжа”, “Ойдинобод” ва “Пахтачи” маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган сайлов участкаларидаги тайёргарлик ҳолати билан танишдик. Сайлов участкаларида умумий тайёргарлик яхши. Одамлар ҳам бўлажак сайловга бефарқ эмас. Маҳалла раислари сайловига қизиқиш катта. Чунки ўзлари сайлаган номзод эртанги кунида уларнинг мурожаатларини эшитувчи, ҳудуддаги масалаларга эътибор қаратувчи шахс бўлади. Шу боис уларда жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик кучайган.
Бу галги талаб бўйича маҳалла раиси олий маълумотли бўлиши белгиланган. Маҳалла раисларига қатор ваколатлар бериляпти. “Маҳалла жамғармаси” ташкил этилган. Ваколатлардан тўғри фойдаланиш, маҳаллага ажратиладиган ёрдамларнинг манзиллигини таъминлаш, албатта, оқсоқоллардан етарли билим ва тажриба талаб этади. Шу боис номзодлар таржимаи ҳоли билан танишдим. Улар олий маълумотли, тажрибали, давлат ташкилотларида ишлаган шахслар эканига гувоҳ бўлдик. Узоқ йиллардан бери халқ ичида, одамлар орасида юрган, айримлари қайта қўйилаётган номзодлар. Ўйлаймизки, сайлов очиқлик, шаффофлик тамойиллари асосида ўтади.
Ўрганиш жараёнида бир қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Масалан, ишчи гуруҳ аъзоларининг бириктирилган кўчалар бўйича ўтказилган учрашувларининг баённомалари йўқлиги ёки сайловни ўтказишда керакли ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги маълум бўлди. Уларни бартараф этиш учун тушунтириш ва белгиланган ишчи гуруҳлар фаолиятига тааллуқли тавсиялар берилди.
Учрашув давомида ҳудуддаги мактаблар ҳолати ҳам ўрганилди. 26-мактаб 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу мактабда 525 ўқувчи икки сменада ўқияпти. Мактабда ошхона, фаоллар зали, тўгараклар ўтказиш учун синфхоналарга эҳтиёж бор. 24-мактабда ҳам ошхона, фаоллари, спорт зали мавжуд эмас. Ушбу таълим муассасаларини инвестиция дастурига киритиш учун депутатлик сўрови юбориш режалаштирилди.
Шунингдек, депутат Оққўрғон туманида туман ҳокими ўринбосарлари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари қабулида ҳам қатнашди. Унда фуқаролар ўзларини ўйлантириб келаётган масалалар билан мурожаат этишди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, баъзи масалалар учун бажариш муддатлари белгиланди.
Хусусан, “Зарафшон” маҳалласида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Озода Қурбонова ногиронлик нафақаси олиш, “Зарбдор” маҳалласида яшовчи Дониёр Шарипов стадион қуриш, Собир Раҳимов маҳалласида яшовчи Дилдора Холдарова ишлаб чиқариш учун кредит ажратиш, “Толовул” маҳалласида яшовчи Юлдуз Эргашева сув таъминоти масалаларида мурожаат қилишди. Бу масалалар мутасаддилар томонидан жойида ҳал этилди.
Кўпинча ўз жойида ҳал этиладиган масалалар бўйича мутасаддиларни айблаймиз. Улар нега олдиндан муаммони ўрганишмаган, қизиқишмаган, деймиз. Айрим ҳолларда эса одамлар шахсий масалаларда кимга, қаерга мурожаат қилишни билишмайди, учрашувлар ташкил этилгандагина кўнглидагиларни баён этишади. Шу боис фуқароларни ўз ҳуқуқ ва бурчлари билан янада яхшироқ таништириш керак, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим, деб ўйлаймиз.
Зухра ШАДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 18.05.2022, №20