Депутат ёрдамчиси муҳим ва керакли институт
Депутат ёрдамчиси муҳим ва керакли институт

 

Парламент фаолиятини такомиллаштириш жамият ҳаётини янгилаш, ривожлантириш демакдир. Кейинги йилларда мамлакатимизда бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. 2021 йилдан бошлаб тизимда яна бир янги институт – депутат ёрдамчиси жорий этилди. Шу орқали халқ вакилларининг электорат билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга асос яратилди.

 

Депутат ёрдамчисининг ҳуқуқий мақоми

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Қонунчилик палатасининг депутатлари сайлов округида ўз вакилига эга. Лекин улар партиянинг тегишли ҳудудий бўлими ходимлари орасидан жамоатчилик асосида тайинланиб, фаолият юритиши сабабли улар асосан сиёсий партия ишлари билан банд бўлиб қолмоқда ва бунинг натижасида депутатлар фаолиятига кўмаклашиш имконияти чекланмоқда.

Бундан ташқари, депутат вакили институтининг фаолияти ўрганилганда, қонун ҳужжатларида унинг ҳуқуқий мақоми, унга қўйиладиган талаблар, уни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тартиби, депутат вакили фаолиятини молиялаштириш масалалари аниқ белгиланмаганлиги маълум бўлди. Бу бўшлиқни тўлдириш мақсадида 2021 йил 15 октябрда кучга кирган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги қонуни депутат ёрдамчиси тўғрисидаги модда билан тўлдирилди.

Унда белгиланишича, депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқасини сақлаб туриш ҳамда ўз сайлов округидаги фаолиятини самарали ташкил этиш учун ёрдамчига эга бўлишга ҳақлидир. Шу муносабат билан 1996 йилдаги «Сиёсий партиялар тўғрисида«ги қонундан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг вакили тўғрисидаги модда чиқариб ташланди.

 

Депутат ёрдамчиси қандай бўлиши керак?

Ўрганилган таҳлиллар асосида замонавий жамиятда депутат ёрдамчиси парламент ва депутат фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликдан тўлиқ хабардор бўлиши, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, уни юритиш этикаси, унинг сиёсий ва ҳуқуқий асосларини тўлиқ ва аниқ тарзда билиши зарур.

Жамоа ва фуқаролар билан муомала қилиш маданияти ва психологик ёндашув уларнинг асосий қуроли бўлиши керак. Чунки у депутатнинг юзи. Ёрдамчи қачонки сайловчиларни хушмуомала билан қабул қилар экан, уларни тинглай билар экан, аҳоли унга, шу орқали депутатга ишонади, суянади, қўллаб-қувватлайди.

Ҳудуднинг географик жиҳатларини тўлиқ билиши депутат ёрдамчисига одамлар орасида бўлиш, кези келганда, уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб аҳолини ўйлантираётган масалалардан яхши хабардор бўлишига хизмат қилади.

Ижтимоий-сиёсий жараёнлардан тўлиқ хабардорлик уларга учрашувлар, семинар ҳамда қабуллар ташкил этиш ва уларни ўтказишда жуда қўл келади. Қолаверса, аҳоли мурожаатларини ҳал этиш, жамиятдаги янгилик ва ўзгаришларни уларга етказиш депутат ёрдамчиларидан билим ва тажриба талаб этади.

Депутатнинг ижтимоий тармоқлар (telegram, facebook, instagram)даги шахсий саҳифаси ва блогини тўғри, аниқ, PR-технологиялардан фойдаланган ҳолда юрита олиши ёрдамчига қўйиладиган яна бир асосий талаблардан бири ҳисобланади.

Депутат ёрдамчисининг вазифалари нималардан иборат?

— депутатнинг уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия, унинг тегишли сайлов округидаги ҳудудий бўлими ҳамда сайловчилар билан самарали алоқа ўрнатишига кўмаклашади;

— сайлов округида жисмоний ва юридик шахслардан депутат номига келиб тушган мурожаатларни рўйхатга олади ва бу ҳақда депутатни хабардор қилади;

— жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини депутат томонидан қабул қилинишига, шунингдек, депутатнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашади;

— сайлов округи ҳудудида депутатнинг ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ишларни депутатнинг топшириғига кўра ташкил этади;

— округ сайловчиларини депутатнинг фаолияти тўғрисида хабардор қилади;

— депутатнинг мурожаатлари, сўровларини тайёрлаш ҳамда сайлов округида депутат томонидан жисмоний ва юридик шахслардан олинган мурожаатлар кўриб чиқилишида иштирок этади, мурожаатларда баён этилган масалаларни ўрганади;

— депутатнинг ўз ваколатларини амалга оширишга доир бошқа топшириқларини бажаради.

Шунингдек, депутат ёрдамчиси округ сайловчиларини Қонунчилик палатаси депутатининг фаолияти тўғрисида, депутатни эса сайлов округи ҳудудида юз бераётган воқеалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида хабардор қилиб боради, депутатнинг ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур бўлган ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлайди.

 

Халқаро тажриба

Депутат ёрдамчиси жаҳон парламентаризми тизимида кенг оммалашаётган сиёсий институт сифатида ўзига хос ўринга эга. Бу дунёнинг ривожланган мамлакатлари, аввало, ўзининг сиёсий давлатчилик муносабатлари, иккинчидан, парламент билан боғлиқ фаолиятида алоҳида аҳамият касб этади.

Маълумотларга кўра, депутат ёрдамчиси хорижий тажрибада кўп ҳолларда «Asissent of Deputy» (AD) номи билан қўлланилади. Шимолий Европа давлатлари, Aвстрия, Чехия, Словакия, Швейцария, Бразилия каби мамлакатларда исм-шарифи партия рўйхатида сайланган депутатлар номидан кейин келган номзодлар депутат ёрдамчилари бўла олишади.

Депутат ёрдамчиси бошқарув соҳасида фаол фуқаролик, профессоналлик ва сиёсий жиҳатларга эга бўлиши алоҳида ажратиб кўрсатилади. Депутат ёрдамчиси географик ҳудуд ва аҳоли сонига қараб белгиланиб, ҳар бир депутат учун 2 тадан 6 тагача жорий этилган. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари, жумладан, Россия, Япония, Финляндия, Дания, Норвегия, Буюк Британия, Италия каби мамлакатларда нафақат парламент депутатининг, балки маҳаллий кенгаш депутатларининг ҳам ўз ёрдамчилари мавжуд.

Дания, Буюк Британия, Финляндия, Литва, Латвия, Аргентина, Россия мамлакатлари парламентлари тизимида депутат ёрдамчиси институти мавжуд. Унинг фаолияти масалан, Россия Федерациясида 1994 йил 8 майда қабул қилинган «Россия Федерацияси сенатори мақоми ва Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думаси депутати мақоми тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади.

Швеция, Испания ва Португалияда депутат ёрдамчиси фракция томонидан белгиланади. Финляндияда депутат ёрдамчисининг асосий вазифаси сифатида депутатнинг давра суҳбатларини ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича электорат билан учрашувга асосий жавобгарлик, ОАВ билан учрашувларни ташкиллаштириш ва умумий ҳисобда котиблик вазифасини бажариш, депутатнинг фаолиятини ижтимоий тармоқларда ёритиш кабилар белгиланган. Депутат ёрдамчисининг вазифалари халқаро қонунчиликда депутатнинг қонун доирасида белгиланган вазифалари билан тўлиқ мос келиши лозимлиги кўрсатилган.

 

Депутат ёрдамчилари нима дейди?

– Депутат ёрдамчиси лавозими жорий этилганлиги, аввало, депутатнинг сайлов округида иш олиб бориши ва аҳоли билан кўпроқ мулоқот қилиши, учрашувлар ўтказиши, мурожаатларини қабул қилиш ва муаммолар ечимини топишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 84-Денов сайлов округидан сайланган депутат Фирдавс Шарипов ёрдамчиси Ҳасан Мирзаев. – Зеро, депутат ойда бир маротаба, баъзида ундан узоқ вақт давомида сайлов округига келади. Депутат ёрдамчиси эса ҳудудда доимий фаолият олиб борган ҳолда депутат ва сайловчилар ўртасидаги «кўприк» ҳисобланади. Ҳудуддаги ҳақиқий вазият, воқеа ва ҳодисалар билан депутатни доимий хабардор қилиб боради. Ўзим ҳам деярли ҳар куни Фирдавс Шарипов билан телефон орқали боғланаман. Кўрсатмалар оламан, маълумотлар тақдим этаман.

Депутатга жорий йил январь ойидан буён 19 та маҳаллада ўтказилган очиқ оммавий сайёр қабулларда 120 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 21 таси жойида ҳал этилган. Муддат талаб этиладиган масалалар тегишли мутасаддиларга йўналтирилган ҳолда назоратга олиниб, қонуний ечим топилмоқда. Айтиш керакки, аксарият мурожаатлар туман даражасидаги масалалар. Хусусан, 102 та муаммо туманда ҳал этиладиган бўлса, 16 таси вилоят ва 2 таси республика даражасида кўриб чиқиладиган масалалар ҳисобланади.

Депутатнинг ҳар бир учрашувидан сўнг мурожаатлар таҳлил қилинади, расмийлаштирилиб, тегишлилиги бўйича туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларга йўналтирилиб, депутатлик назоратига олинади. Мурожаатлар ечим топишида депутат ёрдамчиси масъулият билан ёндашиши, унинг натижаси бўйича керак бўлса жавобгар бўлиши, кунлик изланишда, ўз устида ишлаши зарур.

– Депутат ёрдамчиси «парламент–депутат–халқ» ўзаро муносабатларининг асосий мурвати ҳисобланади, – дейди 90-«Бўстонлиқ» сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Қизилгул Қосимова ёрдамчиси Айтбай Тўрабеков. – Чунки депутат ёрдамчиси жойларда аҳоли билан мулоқотнинг доимий ва жонли вакили сифатида депутатга мурожаатлар ижобий ҳал этилишида асосий кўмакчи ҳисобланади. Депутат сайлов округига Бўстонлиқ тумани ва Юқори Чирчиқ туманининг бир қисми киради. Мазкур округда Бўстонлиқ туманининг аҳоли сони 163000, маҳаллалар сони 59 та ва Юқори Чирчиқ туманидаги 24 маҳаллада 40000 нафарга яқин сайловчи мавжуд.

Учрашувлардан олдин ва ҳар чоракда туман бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлаб, депутатга тақдим этаман. Бундан ташкари, туманда ўтказилаётган муҳим тадбирлар, туман Кенгаши сессиялари, ҳокимлик соатларида қатнашиб, қабул қилинган қарорлар ва бошқа масалалар юзасидан депутатни хабардор қиламан. Ҳар куни эрталаб депутат билан кунлик режамиз бўйича келишиб оламиз, оғзаки ва ёзма топшириқлар оламан ва кечги вақтда олиб борилган ва бажарилган ишлар бўйича маълумот тақдим этиб бораман.

Депутатга тушаётган мурожаатларнинг 80-90 фоизи туман, 5-10 фоизи вилоят ва 1-2 масала республика миқёсида ҳал этиладиган масалалар ҳисобланади. Биз жорий йилдан бошлаб депутат учрашуви ва қабулини туман Кенгаши депутати, туман ҳокими ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшларни қўллаб-қувватлаш раҳбарлари иштирокида ўтказишни йўлга қўйдик. Натижада кўтарилган масалалар ижросини таъминлаш бўйича мутасаддиларга тавсиялар берилиб, уни назоратга олиш маҳаллий Кенгаш депутатларига юклатилмоқда. Айтиш керакки, бу тажриба бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Қизилгул Қосимова ҳар гал учрашув, қабулидан сўнг туман ҳокими билан учрашиб, мурожаатлар бўйича маслаҳатлашиб олади. Натижада кўплаб масалалар ўз ечимини топиб келаяпти. Хусусан, «Қорабой» оилавий шифохона биносини янгидан қуриш 2023 йил Давлат дастурига киритилди. «Чинор» маҳалласини табиий газ билан газлаштириш ишлари бошланиш арафасида. Албатта, халқ билан депутат орасидаги муносабатлар депутат ёрдамчилари иштирокида янада мустаҳкам бўлади.

– Сайловчилар турли географик ҳудудларда истқомат қилади, уларнинг анъана ва қадриятлари ҳам турлича. Аҳоли сони ҳам жойларда бир-биридан кескин фарқ қилади. Шу боис, депутат ёрдамчиси институти ҳудуддан сайланган депутат фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди, – дейди 83-Олтинсой сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Ойбарчин Абдуллаева ёрдамчиси Намоз Эшниязов. – Биринчидан, депутат сайлов округига ҳар доим ҳам кела олмайди, бир ойда бир марта белгиланган вақтда келади. Иккинчидан, ана шу 2-3 кунлик вақт оралиғида аҳолининг ҳаммаси билан ҳам кўришиш, учрашиш имконияти бўлмайди. Депутат ёрдамчилари эса ҳамиша одамлар орасида бўлиб, уларни ўйлантираётган, ташвишга солаётган масалалардан депутатни доим хабардор қилиб туради.

Биз ҳудудни яхши билишимиз, яъни қаерда йўл масаласи қийинроқ, қаерда сув таъминотида камчиликлар кузатиляпти, қайси маҳаллага мактаб, боғча кераклигини ўрганиб боришимиз, депутат билан биргаликда, мутасаддиларга уларнинг ечими бўйича таклифлар билан чиқишимиз зарур. Шу билан бирга, депутат ёрдамчиси оддий одамлардан тортиб, юқори ташкилот раҳбарлари билан ҳам муомала қила олиши, мурожаатчиларга эътиборли бўлиб, уларни тушуниб, тинглай билиши лозим. Шундагина халқ уларга, шу орқали депутатга ишонади, суянади.

– Кейинги йилларда юртимизда, маҳалламиз, умуман, ҳаётимизда ўзгаришлар катта, яхшиликлар, янгиликлар кўп. Қишлоқ врачлик пунктлари, маданият ва спорт иншоотлари, оилавий корхоналар ташкил этилаётгани, ҳар бир фуқаро маҳалла ёки фарзандлари таълим олаётган муассасани обод этишга ҳисса қўшишга интилаётгани қувонарли, – дейди 37-Шароф Рашидов сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Ўрол Ўрозбоев ёрдамчиси Даврон Эргашев. – Албатта, бу каби ўзгаришлар, ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан биз ёрдамчилар ва депутатларга бевосита боғлиқ. Депутат ҳудудларга келар экан, одамларнинг турмуши билан яқиндан танишади, мурожаатларда кўтарилган масалаларга эътибор қаратади.

Ўрол Ўрозбоев бу галги учрашувлар давомида «Сарайлик», «Яхтанлик», «Эски тошкентлик», «Тараққиёт», «Зиёкор», «Совунгарлик», «Жиззахлик» ва «Хавастлик» маҳаллаларида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ҳудудлардаги умумтаълим мактаблари, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиникалар фаолияти ўрганилди.

Мулоқотда 130 нафардан ортиқ фуқаро билан суҳбат ўтказилиб, турли мазмундаги 85 та мурожаат қабул қилинди. Шулардан 5 таси республика, 10 таси вилоят ҳамда 15 таси туман миқёсида ҳал этиладиган масалалардир. Бундан ташқари, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг соғлиғини тиклаш, даволанишида ёрдам бериш, уй-жой кадастри, аукцион орқали олган ерларни ажратиб бериш бўйича мурожаатлар қабул қилинди. Уларга туман ҳокимининг ўринбосарлари, ташкилот, корхона раҳбарлари томонидан муносабат билдирилди.

Ёш бўлсам-да, депутатга яқин кўмакчи бўлишга ҳаракат қиламан, билмаганларимни ўрганаман. Ҳудудларда аҳоли билан мулоқот давомида аниқланган масалаларни депутатга ўз вақтида етказишга ҳаракат қиламан. Депутат билан бирга каттаю кичикка бирдек эътиборли бўлиб, ҳудудий, шахсий муаммоларни ҳал этишга ёрдамлашамиз. Аввалига бундай масъулиятли вазифадан чўчиганман, одамлар билан қандай ишлайман, уларнинг ишончини қандай оқлайман, деган хавотирлар ўтган. Бугун бироз бўлсада, тажриба орттирдим, сайловчиларни қайси жойда қандай масалалар қийнаётгани, кимга қандай ёрдам зарурлигини билишга ҳаракат қиламан. Умуман олганда, депутат ёрдамчиси чин маънода халқ ва парламент ўртасидаги кўприк ҳисобланади. Унинг мустаҳкам бўлиши эса биз ёрдамчилар фаолиятига боғлиқ.

Ҳақиқатан ҳам, депутат ёрдамчиси институти – жойларда аҳоли турмуш тарзига яқин бўлиш, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида англаш ва қонуний ечим топиш билан бирга, мамлакатда давлат ҳокимияти ва халқ ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 18.05.2022, №20

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш