Фан, таълим ва маданият вакиллари билан мулоқот
Фан, таълим ва маданият вакиллари билан мулоқот

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Гулистон шаҳридаги Баркамол авлод мактабида “Конституциявий ислоҳотларга фан, таълим, маданият соҳаси вакилларининг муносабат ва таклифлари” мавзусида очиқ мулоқот ўтказди.

Тадбирда ЎзХДП фракцияси аъзолари, Сирдарё вилоятидаги олий таълим муассасалари, касб-ҳунар ва умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, маданият, санъат соҳаси вакиллари, шунингдек, халқ депутатлари Сирдарё вилоят, туман шаҳар Кенгашлари депутатлари ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этди.

Мулоқотда Конституциявий ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини эришиш долзарб масала экани, мамлакатимизда таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш борасидаги туб ва кенг қамровли ислоҳотларни изчил давом эттириш, таълим тизими замон талаблари асосида юксалиши учун фундаментал ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш зарурати ҳақида сўз юритилди.

Кейинги йилларда ҳар бир инсоннг билим, таълим-тарбия ва илм олиш ҳуқуқларини таъминлаш борасида катта қадамлар қўйилгани, соҳа вакиллари, жумладан, ўқитувчиларга нисбатан муносабат ўзгаргани, уларнинг бошқа ишларга жалб қилинмай, ўз устида ишлаши ва билимини мунтазам ошириб бориши учун рағбатлантириш чоралари кўрилгани аниқ мисоллар билан гапириб берилди.

Таълимнинг халқимиз келажагидаги аҳамияти юқори эканини ҳисобга олиб, тизимдаги бугунги ўзгаришлар ва ислоҳотларни давом эттириш ҳамда янги босқичга олиб чиқиш, янада кўпроқ ютуқларга эришиш учун қонунчиликка қандай ўзгартиришлар киритиш лозимлиги ҳақида йиғилганларнинг таклиф ва мулоҳазалари сўралди.

Конституциямизнинг 63-моддасига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф берилди. Мазкур модданинг иккинчи қисмидагиота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деган меъёрни “ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлашга, таълим-тарбия олиши ва саломатлигини асрашга мажбурдирлар” мазмунида баён этиш таклиф қилинди.

Йиғилишда билдирилган барча таклиф, фикр-мулоҳазалар ишчи гуруҳи томонидан ёзиб олинди. Улар мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилган ҳолда, партия Марказий Кенгашидаги асосий ишчи гуруҳда умумлаштирилади.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

← Рўйхатга қайтиш