Боғча кўрган бола билан боғчага бормаган боланинг фарқи катта бўлади. Шунинг учун мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш, шароитини яхшилаш, зарур воситалар билан таъминлаш масалалари жиддий эътибор талаб этади. Мактабгача таълим эртага фарзандимизнинг ким бўлиб улғайишида долзарб аҳамиятга эга.
Тегишли ҳужжатларга асосан МТМларга болаларни қабул қилиш ёши 3 ёш этиб белгиланди. Бунгача болалар 2 ёшдан 6 ёшгача қабул қилинишлари мумкин эди. Шунга кўра, аёл фарзандини дунёга келтирганидан сўнг 2 йил мобайнида ҳақ тўланадиган таътилга чиқиши, кейин фарзандини мактабгача таълим муассасасига бериб, ўзи ишлаши мумкин эди. Бу ёш чегараси бир йилга кўтарилди.
Мутахассислар бу ёшни танлашда боланинг жисмоний, руҳий-психологик ва бошқа томонлама ўзини тўлақонли эплай олиши назарда тутилганини кўп бора таъкидлашди. Болага ҳеч ким ўз онасидек қарай олмаслигини, унга онадай меҳрибон бўла олмаслигини яхши биламиз.
Лекин бу борада кўпчиликни қийнаётган муаммолар борки, улардан кўз юмиб бўлмайди. 2-3 ёш оралиғидаги фарзанди бор оилаларнинг аксарияти ёш оилалардир. Уларнинг кўпчилигида эр ҳам, хотин ҳам ишлайди. Рўзғорини тиклаб олиши, оёққа қўйиши керак, улар учун бир кун ишлаш ҳам фойдали.
Имкониятлардан оқилона фойдаланиб, кредитга уй-жой ва бошқа зарур нарсалар харид қилаётган ёш оилалар жуда кўп. Аммо айрим оилаларда фақатгина эркакнинг топгани етмаяпти. Оила бошлиғи рўзғорни ҳам моддий жиҳатдан таъминлашга, ҳам кредит тўлашга қийналиб қолиши мумкин. Бундай шароитда аёллар ҳам ишлаб, турмуш ўртоғига ёрдам беришга интилади. Бу интилишни тўғри тушуниш ва имконият яратиш керак, деб ўйлаймиз.
Бироқ бундай оилаларнинг ҳаммасида ҳам фарзандига қараб турадиган яқин қариндош, бувиси, яъни ишончли қаровчиси йўқ. Ана шундай шароитда, албатта, оиланинг ягона муаммоси болани унга ғамхўрлик қиладиган боғчага топширишдан иборат бўлиб қолади. Бироқ мактабгача таълим муассасаларида болаларни қабул қилиш ёши 3 ёш этиб белгиланган.
Яна бир масала борки, 2 ёшдан кейин оилаларга бола пули ҳам тўланмайди. Бу эса ёш оилалар, ёлғиз оналар учун қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Кўпчилик аёлларимиз худди шундай муаммолар юзасидан дардини кимга айтишни билмай ҳайрон.
Ваҳоланки, Меҳнат кодекси 233-моддасига мувофиқ, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. Ана шу муддатдан кейин аёллар ишга чиқиш ҳуқуқига эга эканини ҳам эсдан чиқармаслик керак.
Шуларни инобатга олиб Халқ демократик партияси сайловолди дастурида мактабгача таълим муассасаларида 3 ёшдан кичик болалар учун махсус тарбия гуруҳларини ташкил этиш масаласи кўтарилган.
Албатта, ҳамма ота-она ҳам фарзандини хавфсиз, моддий-маънавий, ҳуқуқий, жисмоний ва тиббий жиҳатдан ҳимояланган маскан, яъни мактабгача таълим муассасасига беришни хоҳлайди. Лекин боласи уч ёшга тўлмаганлиги учун унга бошқа қаровчи (энага) ёллашга мажбур бўлмоқда. Бу эса ишончли эмас, одатда уларнинг кўпчилиги бола тарбияси бўйича етарли малака, билимга эга бўлмайди.
Тўғри, 2 ёшдан ҳам болаларни боғчага қамраб олиш мумкин. Бунинг учун ота-оналар фақатгина нодавлат оилавий мактабгача таълим муассасаларига мурожаат қилиши талаб этилади. Уларда эса нарх-наво жуда қиммат. Улардан фақатгина даромади юқори бўлган оилалар фойдаланиши мумкин. Лекин ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар-чи? Улар қандай йўл тутиши керак. Ишламайман деса, оиласи қийналиб қоладиган, ишлайман деса, боласи ҳали 3 ёшга тўлмаган оналар қандай йўл тутиши керак? Бу билан аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи чекланмаяптими?
Энди ўйлаб кўрайлик, оилада 2 ёки 3 нафар фарзанд бор. Кичик фарзанд ҳали 3 ёшга тўлмаган. Рўзғорнинг кам-у кўстига ишлатилиб келинаётган давлат томонидан берилаётган маблағ ҳам 2 ёшдан сўнг тўхтатилди. Бундай шароитда қандай йўл тутиш керак? Ёлғиз оналар нима қилиши керак? Бу саволларга жавоб қандай бўлиши ҳақида ўйлаб кўриш зарур.
Депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларида аҳоли вакиллари шу масалада кўплаб саволлар, таклифлар билан мурожаат қилди.
Шуларни инобатга олиб партиямиз мактабгача таълим муассасаларида 3 ёшдан кичик болалар учун махсус тарбия гуруҳларини ташкил этиш зарур, деган таклиф билан чиқмоқда.
Аёл ишлашга муҳтожми, демак, у бунга ҳақли. Бу унинг қонуний ҳуқуқи. Она оиласи, фарзандлари учун ишлаш истагида бўлса, онанинг бу хоҳиши чекланиши нотўғридир.
Халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун! Сайловда Халқ демократик партияси номзодларига овоз беринг!
Лазиза Шерова,
ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.