Одамларимиз ўзи, оиласи ва фарзандлари учун қулай уй-жой қурмагунча ёки унга эга бўлмагунча ҳаловат топмайди. Ўзбек оиласи, бола-чақаси билан ижарама-ижара кўчиб юришни, «қирққа кириб ҳам ўз уйига эга бўлмаслик»ни қабул қила олмайди.
Халқ демократик партияси эҳтиёжманд фуқароларни турар жой билан таъминлаш бўйича янги таклифлар билан чиқяпти.
Афсуски, бугунги шароитда орзу-ҳавасдагидек уй-жой қуриш, уни сотиб олиш кўпчилик оилалар учун жиддий муаммога айланмоқда. Қурилиш молларининг нархи қимматлиги туфайли уй кўтариш, янгидан қурилган, замонавий ёки арзонлаштирилган уйларни сотиб олиш ҳам ниҳоятда қимматга тушмоқда.
Оқибатда айрим ёшлар уй-жойи йўқлиги, ота-онаси унга шароит яратиб беролмаётгани учун оила қуришга ҳадиксирамоқда. Кўплари бошпана учун пул тўплаш мақсадида оғир меҳнатларни қилишга, чет элларда ишлашга, емай-ичмай мисқоллаб пул йиғишга мажбур бўлмоқда. Тайинли уй-жойи йўқлиги туфайли қатор ёш оилалар бузилиб кетмоқда.
Халқ демократик партияси уй-жой қайғусида юрган юртдошларимизнинг муаммоларини яхши тушунади ва бу масалада мамлакатимизда янгича тизим жорий этиш, ижтимоий-иқтисодий имкониятлари чекланган кишиларнинг манфаатларини ҳимоялаш зарур, деган ташаббусни илгари суряпти.
Вазият шундайки, айрим, балки кўпроқ кишилар бутун умр топган-тутганини ўзи ва фарзандлари учун уй-жой қилишга сарфлайди. Ҳаммасига эга бўлганда эса кучини, соғлиғини йўқотган бўлади.
Жойларда мутасаддилар билан ўтказилаётган сайёр қабуллар чоғида ҳам уй-жой муаммолари бўйича кўплаб мурожаатлар бўлмоқда.
Шуни инобатга олган ҳолда халқимизни, биринчи навбатда, ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам арзон ва сифатли уй-жойга эга бўлиши ниҳоятда долзарб вазифадир.
Бу йўналишда аҳолини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш қайси моддий манбалар асосида амалга оширилишини белгилаш зарур.
Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш лозим:
1. Дунёнинг қатор ривожланган давлатларида «ҳашамат солиғи» мавжуд. Ҳашаматли ипотека уйларини қураётган компаниялар ва тижорат банклари даромадидан мажбурий ажратмалар олиб қолиш тартибини қонунан жорий этиш мумкин. Бу маблағлар махсус фондларга йўналтирилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, уй-жойи йўқ, яшаш шароити жуда оғир аёллар, «Меҳрибонлик» уйларида тарбияланган шахслар учун арзон уй-жой қуришга сарфлаш кўзда тутилади.
2. Муайян ойлик даромадга эга бўлган, аммо жойларда қурилаётган уй-жойларни ипотека кредити асосида харид қилиш учун дастлабки бадал пулини тўлашга қурби етмайдиган оилалар, ёшлар учун уйни дастлабки бадалсиз сотиб олиш имкониятини яратиш лозим.
3. Ижара асосида яшаётган аксар оилалар ва ёшларнинг уй сотиб олишга қурби етмайди. Шу билан бирга, улар топган даромадининг катта қисмини уй-жой ижараси учун сарфлайди. Табиийки, бу уларнинг яқин келажакда ўз уйига эга бўлиш имкониятини янада камайтиради. Шу боис арзон уйларни олишга, ижара асосидаги квартираларда туришга моддий имконияти етмайдиган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ижара асосида фойдаланишга мўлжалланган муниципиал уйларни қуриш бугунги давр талабидир.
Муниципал уй-жойлар дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида мавжуд бўлиб, улар қулай, ихчам, замонавий ва ижара тўлови арзонлиги билан ажралиб туриши лозим. Бундай уйларни мавжуд талаб асосида мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида қуриш, шу орқали аҳолининг ишлаш, ўқиш ва яшаш учун ўзи истаган жойга бемалол кўчиб ўтишига қулай шароит яратиш лозим.
Яшашида ва уй-жой масаласида ҳаловати бўлмаган инсон ўзини бахтли ҳис этмаслигидан ташқари, ҳеч бир соҳада ёки ишда муваффақиятга эриша олмайди. Биз аҳолининг уй-жой масалалари билан боғлиқ оғриқли муаммоларини ҳал этиб бериш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Ҳар доим халқ манфаатлари ҳимояси ҳақида ўйлайдиган Халқ демократик партиясидан кўрсатилган нмозодларга овоз беринг!
Дурбек Худойқулов,
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши сектор мудири.