Маълумки, дунёда озиқ-овқат танқислиги кучайиб бормоқда. Экспортга қўйилаётган чекловлар ва транспорт-логистикадаги узилишлар муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Бозордаги нархларнинг кескин ўзгариб туриши, аҳоли ўртасида норозиликларга сабаб бўлгани ҳам айни ҳақиқатдир. Бироқ, дунёда бўлаётган вазият беихтиёр бизнинг иқтисодиётимизга ҳам ўзининг таъсирини ўтказмай қолмайди. Мамлакатимизда аҳоли даромадининг қарийб 40-50 фоизи озиқ-овқатга сарфланади.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масалалари бўйича куни кеча бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан шулар хусусида батафсил фикр юритилди.
Йил бошида 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳоли учун ажратилди. Одамларга уруғ, кўчат ва ўғитдан ёрдамлашиш бўйича “Томорқа хизмати” йўлга қўйилди. Томорқаларда маҳсулот етиштириш учун жорий йилнинг ўзида 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилди.
Бундай имкониятлар натижасида маҳсулот кўпайиб, нархлар тартибга тушмоқда. Сўнгги бир ойда ички бозорда помидор нархи ўртача 3 бараварга, бодринг 10 фоизга, картошка 30 фоизга, сабзи 15 фоизга арзонлади. Бундан ташқари, 6 ойда 821 минг тонна ёки ўтган йилгига нисбатан 102 минг тонна кўп мева-сабзавот экспорт қилинди.
Яна бир муҳим томони, ушбу ажратилган ерларда 785 минг аҳолининг бандлиги таъминланди.
Йиғилишда туман ва маҳаллалардаги ижобий тажрибалар билан бирга камчиликлар ҳам очиқча муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари аҳоли таклифлари асосида янги имкониятларни белгилаб берди. Йил якунигача яна 20 минг гектар, келгуси йилда 100 минг гектар экин майдони аҳоли учун ажратилиши таъкидланди. Шунда жами 200 минг гектар бўлади.
Албатта, бу жуда катта имконият. Шу орқали қўшимча 1 миллион 200 минг аҳолини банд қилиш учун шароит яратилади. Маҳсулот етиштириш ва сотишда аҳолига кўмаклашиш учун маҳаллаларга ҳосилдор уруғ ва кўчат етказиш, кичик ҳажмли музлаткичлар ўрнатиш, иссиқхоналарни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Бугунги кунда 64 та туманда аҳоли ўз томорқасида 3 марта ҳосил олмоқда. Ҳосил яхши бўлса, битта оила 60-100 миллион сўмгача даромад қилиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари бундай ишларни бошқа туманларда ҳам рағбатлантириш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Хусусан, сув таъминоти оғир маҳаллаларда катта қудуқ қазиш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори 150 миллион сўмгача оширилиши белгиланди. Кичик қудуқлар учун Қорақалпоғистонда 5 метрдан, қолган ҳудудларда 10 метрдан ортиқ чуқурликнинг ҳар бир метрига 100 минг сўмдан субсидия берилади.
Қудуқ қазишга гидрогеологик хулосалар 2025 йилга қадар бепул берилади. Сув тежовчи технологиялар жорий этиш бўйича бериладиган субсидиялар деҳқон хўжаликлари учун ҳам татбиқ этилади.
Аҳолимиз хонадонларида халал бераётган яна бир муаммо шундаки, юртимизда 2 миллион 600 мингта хонадоннинг кадастр ҳужжатлари йўқ. Уларнинг эгалари томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уйини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаётгани ҳақида Халқ қабулхоналарига ҳамда биз депутатларга ҳам кўплаб мурожаатлар тушмоқда эди.
Қолаверса, кадастри бўлмагани учун ер солиғи 3 карра миқдорда ҳисобланмоқда.
Йиғилишда Адлия вазирлигига кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилди. Янги қонун қабул қилингунига қадар, бу уйларга уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатиб турилади. Кўраяпмизки, қаршисида қулай имкониятлар бўла туриб ундан фойдалана олмаётган аҳоли орамизда кўплаб топилмоқда. Президентимиз киритаётган ўзгаришлар эса мана шу камчилик ва муаммоларни бартараф этиш учун муҳим кўприк вазифасини ўташи шубҳасиз.
Эртанги кунимизнинг янада тараққий этиши биздан сергакликни, ташаббускорликни, келажагимизга бўлган ишонч, ҳар бир вазифаларни бажаришда софдилликни, виждонан ёндашишни талаб этади. Зеро, биз депутатлар, барча масъуллар, фаоллар касбимизга, қолаверса, республикамизда олиб борилаётган одилона ислоҳотларнинг тарғиботчи ва ижрочиси сифатида Юртбошимиз бераётган топшириқларга масъулият билан ёндаша олсаккина, ўзгаришлар амалиётда ўз аксини кўрсатади.
Ўрол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 20.07.2022, №29