Ҳар бир оила учун керак ва муҳим ҳужжат
Ҳар бир оила учун керак ва муҳим ҳужжат

 

Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Сенати бир қатор муҳим қонунларни маъқуллаб, яна айрим қонунларни янада такомиллаштириш кераклиги ҳақида хулоса берди. Лекин бу ўша қонунларнинг зарурлиги жиҳатидан аҳамиятини туширмайди. Уй-жой кодексининг янги таҳрири ана шундай муҳим қонунлардан биридир.

Нима учун?

Ҳамма билиб турибди, кейинги йилларда давлатнинг уй-жой сиёсатида изчил ўзгаришлар юз берди. Хусусан, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бозор муносабатларига ўтиш турар жой биноларидан шартнома асосида фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг янги ёндашувлари ва механизмларини шакллантиришга ёрдам берди. Уй-жой муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш масалаларини ўз ичига олган амалдаги Уй-жой кодекси нормалари ҳозирги замон талабларига тўлиқ жавоб бермай қолди.

Уй-жой муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги сиёсатни тизимли амалга оширишни мураккаблаштирмоқда. Қонунчиликдаги ҳолатлар уй-жой соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, амалиётда ўз аҳамиятини йўқотган ҳамда аҳолининг эҳтиёжлари ва замон талабларига жавоб бермайдиган нормаларни бекор қилиш, уй-жой муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини тўғридан-тўғри Уй-жой кодексида акс эттириш зарурияти ҳам мавжуд эди.

Шу ва бошқа муҳим масалаларга ҳуқуқий ечим топиш мақсадида Уй-жой кодексининг янги таҳрири ишлаб чиқилган. Бир қатор ижобий ўзгаришлар кўзда тутилган.

Биринчидан, кодекснинг янги таҳрири қабул қилиниши натижасида уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тўғридан-тўғри амал қилиши таъминланади.

Иккинчидан, соҳада давлат назорати механизмлари ўрнатилади, давлат ва жамоат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, қурилиш, реконструкция қилиш ва бузиш ишларини амалга ошириш тартиби янада такомиллаштирилади.

Учинчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг уй-жойдан фойдаланишда қонунчилик ва норматив ҳужжатларга риоя этишдаги масъулияти ошади.

Тўртинчидан, уй-жой объектларини қуришга тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилишга эришилади.

Бешинчидан, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган изчил давлат уй-жой сиёсати амалга оширилади.

Энг муҳим жиҳатлардан яна бири, Уй-жой кодексининг фуқаролик қонунчилиги билан чегараси аниқ белгиланмоқда. Яъни, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи, унинг вужудга келиш тартиби, кўп квартирали уйдаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулки, ўзбошимчалик билан иморат қуриш ва унинг оқибатлари, уй-жой ижараси, турар жойни ижарага бериш ҳақи, турар жойни алмаштириш ва айирбошлаш каби фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган масалалар мазкур кодексдан чиқарилмоқда.

Қонун ҳужжатлари нормалари тўғридан-тўғри амал қилинишини таъминлаш мақсадида уй-жой муносабатларига оид масалалар тартибга солинмоқда. Хусусан, турар жойларни нотурар жой тоифасига ўтказиш ёки нотурар жойларни турар жой тоифасига ўтказиш, боғдорчилик ва бошқа ер участкаларида жойлашган иморатларни уйлар, деб тан олиш тартиби ва асослари, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилган ер участкаларида турар жой қуриш, мулк ҳуқуқи ёки фойдаланиш ҳуқуқи асосида юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкаларида турар жой қуриш асослари ва тартиби, мулкдор оила аъзоларининг, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мулкдор ва унинг собиқ оила аъзоси ўртасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда.

Шунингдек, ётоқхоналардан жой бериш асослари ва тартиби, ётоқхонадаги турар жойлардан фойдаланиш, ушбу турар жойлардан кўчиришга оид қоидалар, вақтинчалик уй-жой фондининг турар жойларини бериш ва ундан фойдаланиш тартиби, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун бериладиган махсус уйлар, жумладан, «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйларининг, «Меҳрибонлик» уйларининг мақоми ва улардан турар жой бериш тартиби, уй-жойни реконструкция қилиш (қайтадан қуриш, қайта режалаштириш)га оид умумий қоидалар акс эттириляпти.

Қолаверса, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларни турар жой билан таъминлашнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари ва уларнинг мазмуни очиб берилмоқда. Жумладан, ипотека кредити бўйича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўлаш, намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар қуриш ва уларни сотиш, аҳолининг алоҳида тоифалари учун турар жойлар қуриш ва уларни сотиш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жой билан таъминлаш, ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари ходимлари ва бошқа айрим тоифадаги давлат хизматчиларини уй-жой билан таъминлашни тартибга солувчи алоҳида боблар киритилмоқда.

Уй-жойни сақлаш харажатларини ва коммунал хизматлар ҳақини тўлаш, уй-жой фондини бошқариш билан боғлиқ қоидалар бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, такомиллаштирилаётгани ҳам айни пайтда долзарб аҳамиятга эга.

Юқорида саналган масалалар ҳуқуқий тизимга солиниши мамлакатимиздаги ҳар бир оила, ҳар бир фуқарога тааллуқли бўлади. Уй-жой кодекси ёшидан, касбидан, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ҳаммага бирдек тегишли ҳужжат. Унинг янги таҳрирда, фуқароларга қулайлик яратадиган ҳолатда қабул қилиниши жуда муҳим. Халқимиз бу кодексга анча муҳтож.

Олий Мажлис Сенатида кодексдаги айрим меъёрларни янада аниқлаштириш билан боғлиқ асослар ҳам келтирилгани қайд этилади.

Хусусан, кодекснинг 23-моддасида уй-жой фондидан фойдаланувчи устидан давлат назорати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда. Шунингдек, кодекснинг 38-моддасида кўп квартирали уйдаги турар жой ўзбошимчалик билан реконстирукция қилиниб, олдинги ҳолатига қайтирилиши тўғрисидаги талаб ўз вақтида бажарилмаса, ваколатли орган мазкур талабни даъво билан судга мурожаат қилиши белгиланган. Бироқ кодексда ваколатли давлат органлари ва уларнинг ваколат доираси аниқ кўрсатилмаган. Бу ҳолат амалиётда турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкинлиги айтиб ўтилади.

Кодекснинг 35-моддасида мулкдорлар билан келишувга кўра, шартнома асосида турар жой қонунчиликда белгиланган тартибда бузилиши ва унинг ўрнига янги турар жой қурилиши мумкинлиги, шартнома эса нотариал тартибда тасдиқланиши ва тегишли тартибда турар жойни қуриш учун тегишли рухсатнома олгандан сўнг кучга кириши белгиланган. Таҳрирда ушбу моддада шартнома тарафлар кимлиги, шартноманинг қайси тури ҳақида сўз юритилаётганлиги номаълум бўлиб қолган. Агар унда қурилиш пудрати тўғрисидаги шартнома назарда тутилаётган бўлса, бу турдаги шартнома учун фуқаролик кодексининг тегишли бобига асосан нотариал тасдиқлаш тартиби назарда тутилмаган. Шу сабабли бу моддани қайта кўриб чиқиш лозим бўлиши қайд этилган.

Уй-жой кодексида улуш киритиш асосида қуришни тартибга солувчи нормалар киритиш зарурати мавжудлиги таъкидланди. Шунингдек, қонун лойиҳасида келтирилаётган 90 дан ортиқ ҳаволаки нормалар эртага тор доирадаги идоравий манфаатларга хизмат қилиши учун воситага айланиб қолиши мумкинлиги боис уларни қисқартириш таклифи берилди.

Сенат томонидан билдирилган таклиф ва фикрлар бўйича, албатта, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ҳам ўз муносабати ва хулосалари бўлади. Бундай ҳолатларда қонунчиликка мувофиқ иш кўрилади.

Олий Мажлис Сенати томонидан рад этилган қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қайтарилади. Қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун ҳар икки палата аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссияси тузилиши мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилади.

Қонун бўйича парламент палаталари томонидан ўзаро ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда иш тутилиши, саволларга биргаликда жавоб изланиши қонун ижодкорлигининг бир қисми ҳисобланади. Бундай ҳамкорлик қонунларнинг мукаммал бўлишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолати кучайишига хизмат қилади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.08.2022, №32

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш