Қонун керак
Қонун керак

 

Ўтган ҳафта Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қизғин муҳокама этилди. Сўз олган, савол берган аксарият депутатлар масаланинг муҳимлиги, лекин юридик ёрдамни кўрсатиш механизмида муаммоли жиҳатлар борлиги ҳақида гапирди. Қонун лойиҳаси керак, лекин такомиллаштириш зарур.

Давлат ҳисобидан ким юридик ёрдам олади? Албатта, кам даромадли фуқаролар, оилалар. Фуқаронинг устувор ҳуқуқлари хавф остида масаласига келганда, давлат фуқарони ҳимоялаш учун ўз ҳисобидан адвокат беради. Пули бор одам белгиланган тартибда адвокатга мурожаат қилади, шартнома асосида ҳақини тўлайди ва ишини битириб олаверади. Аммо имконияти йўқ одам сарсон ва овора бўлади. Ҳуқуқларини тиклаш учун кўп сарғайишига тўғри келади. Қонун лойиҳасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича амалиётда юзага келаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш кўзда тутилган.

Хусусан, Ўзбекистонда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри фаолияти йўлга қўйилади. Бу орқали адвокатларни тизимга киритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари белгиланмоқда. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларидан фойдаланиб, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали тасодифий танлаш тартиби жорий этилиши кутилмоқда.

Лекин лойиҳада айрим масалалар тўлиқ очиб берилмагани ҳам таъкидланган эди. Масалан, маъмурий ишларда жавобгарлик кимнинг зиммасида экани, фуқаронинг аризаси қаноатлантирилмаса, у кимга шикоят ёки мурожаат қилиши ҳақидаги меъёрлар ўрин олмагани қайд этилди.

Масаланинг бошқа жиҳатлари ҳам бор. Адвокатлар ушбу тизимда ўз хоҳишларига кўра ишлаши мумкинлиги белгиланмоқда. Аммо иш сифати, адвокатлар савияси ҳамда масъулияти ҳақида аниқ талаблар кўрсатилмаган. Мисол учун, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро адвокатлик кўмагини олди ва ариза эгасига арзимаган хато ёки билимсизлик натижасида ёрдам бера олмади, дейлик. Натижада эса фуқаро самарали адвокатлик хизматидан фойдалана олмади. Қонунга кўра, иш ниҳоясига етгач, ҳақ тўланади. Бундан келиб чиқадики, аризачининг мушкулини осон қиладими-йўқми, адвокат пул олади. Хизматдаги самарадорлик масаласи очиқ қолиб кетгани эътирозга сабаб бўлди.

Узоқ давом этган муҳокамалардан кейин иккинчи ўқишгача камчиликлар тўлдирилиши зарур, деган хулосага келинди. Айрим депутатлар қатъий танқидий фикрлар ҳам билдирди. Лекин фақат танқид билан иш битмаслиги, таклиф ва мулоҳазалар асосида лойиҳани такомиллаштириш керак, деган хулоса кўпроқ қўллаб-қувватланди.

Бу қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси учун жуда долзарб аҳамиятга эга. Партиямиз фракцияси аъзоларининг фикри, муносабати қандай?

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳар бир давлатда аҳолига малакали ҳуқуқий ёрдам тизими бўлиши, у фуқароларнинг оғирини енгил қилиши лозим. Мамлакатимизда бу борада замин яратилган, эндиликда ушбу тизимни такомиллаштириб бориш долзарб масалалардан биридир.

«Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишдан асосий мақсад жисмоний шахсларга Конституция ва халқаро шартномалар билан кафолатланган ўз ҳуқуқ ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш назарда тутилган. Шунингдек, давлат ҳисобидан барқарор, ишончли юридик ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш, юридик ёрдам олиш, одил судловга эришишда тенг имкониятлардан фойдаланишни таъминлаш имкони юзага келади.

Қонун лойиҳаси зарурати ҳақида бир неча асослар келтирилди.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатилиб, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича давлат ҳисобидан бепул ёрдам кўрсатиш назарда тутилмаганлиги кам таъминланган фуқароларнинг Конституцияда кафолатланган малакали юридик ёрдамдан тўлиқ фойдалана олмаслигига олиб келмоқда.

 Мисол учун, 2021 йилда маъмурий судлар томонидан кўрилган 15 мингга яқин ишлардан 4 мингдан ортиғи пенсия ва нафақа тайинлаш масаласи билан боғлиқ. 2021 йилда фуқаролик ишлари бўйича судларда 519 мингга яқин ишлардан қарийб 148 мингтаси хотин-қизлар даъво аризалари асосида кўрилган.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этишнинг шаффоф механизми жорий этилмаганлиги «чўнтак адвокатлари» ва бошқа коррупциявий омиллар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштирувчи ягона орган белгиланмаганлиги бюджет маблағларининг сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатилишига тўсқинлик қилмоқда. Кейинги 3 йилда юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун 111,9 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Қонун лойиҳасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишлар киритилмоқда. Бу муҳтож фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятларини кенгайтиради. Шунингдек, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси ҳам кенгаяди.

Шунингдек, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш учун масъул давлат органи сифатида Адлия вазирлиги белгиланиб, ушбу вазифа унинг тизимидаги юридик хизмат кўрсатиш марказларига юклатиляпти.

Бу тизим давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартибини жорий этиш, ажратиладиган маблағлар сарфланиши устидан самарали назорат ўрнатиш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш ва малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатларни кучайтиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси камчиликлардан холи эмас, албатта. Масалан, давлат ҳисобидан жалб қилинган адвокатларнинг фаолияти натижадорлиги ва сифатини баҳолаш масаласи очиқ қолган. Биз бу масалани муҳим, деб ҳисоблаймиз.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳар бир қонун ишлайдиган, халқчил бўлиши лозим. Айрим инсонлар бошига бирон бир ёмон иш, ташвиш тушса, кимга мурожаат қилишни ва қандай ҳуқуқий маслаҳат олишни ҳамма ҳам билавермайди.

Қонун лойиҳасига Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси масъул бўлиб, иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Албатта, мутахассислар билан маслаҳатлашиб, ўз таклифларимизни берамиз.

Чунки, қонуннинг қабул қилинишидан биринчи ўринда партиямиз электоратлари манфаатдор бўлади.

Биринчидан, давлат ҳисобидан юридик ёрдам эндликда маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича давлат ҳисобидан бепул ёрдам кўрсатилиши таъминланади. Шу пайтгача юридик ёрдам фақат жиноят ишларини юритишда кўрсатилиб келинмоқда эди.

Иккинчидан, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштирувчи ягона орган белгиланади. Бу эса бюджет маблағларининг сарфланиши устидан самарали назорат таъминланишига олиб келади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тан олишимиз керакки, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишилар кўп ҳолларда ўзи ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида кимга қандай мурожаат қилишни билмайди. Шу жойда бошқа фуқаролар билан тенг шароит яратиш мақсадида ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган, деб ҳисоблайман.

Қонунда кимлар ушбу хизматдан фойдаланиши мумкинлиги ҳам аниқ кўрсатиб ўтиляпти. Аввало, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган кишилар, психологик жиҳатдан аҳволи оғир бўлганлар, ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, ҳаммаси аниқ белгиланмоқда. Бундан ташқари, кимга, қачон ва қайси ҳолларда ёрдам берилиши ҳам қайд этиляпти. Ушбу рўйхатда бўлмаганлар эса автоматик тартибда рад этилади.

Тўғри, кўрсатиладиган хизматлар жуда ҳам мураккаб масалаларда эмас. Аммо ҳар куни кимнингдир ҳаётида учрайдиган ва бугунги кунда тез-тез кузатилаётган ҳолатлар қамраб олинган.

Масалан, 3 та суд бор. Лойиҳага кўра, фуқаролик судларнинг қарийб барча йўналишларида юридик ёрдам олиш мумкинлиги ифодаланмоқда. Маъмурий жавобгарлик билан боғлиқ ишлар кўрилаётганда қайси ёки қайсилар экани аниқ ёзиб қўйилган. Жиноят ишлари билан боғлиқ масалаларда тўлиқ ёрдам олиш назарда тутилмоқда. Эътиборлиси, ёрдам қандай олинади, қай тартибда мурожаат қилинади, умуман, тизим ишга туширилиши учун махсус ахборот портали ҳам яратилмоқда.

Таниш-билишчилик, коррупциядан холи бўлган тизимда мурожаат қилаётган шахс адвокатни ўзи танлай олмайди. Тизимнинг ўзи аниқлаб беради. Адвокатга ҳақ тўлаш миқдори эса белгиланган тартибда амалга оширилади. Муҳими, иш ниҳоясига етгачгина ҳақ тўланади. Фуқаролар кўрсатилатёган хизматдан қониқиш ҳосил қиляптими, деган саволлар атрофида мониторинг юритиш ҳам йўлга қўйилади. Бундан кўриниб турибдики, очиқлик, шаффофлик таъминланади.

Қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланган. Чунки бу жуда муҳим ва долзарб масала эди. Бироқ у ерга айрим таклифларимиз ҳам йўқ эмас. Хусусан, кўратиладиган хизмат сифатини ошириш учун айрим малака талаблари қўйилиши керак, деб ҳисоблайман. Масалан, камида 3 йиллик иш стажига эга бўлган адвокатлар ишга қабул қилиниши кераклиги кўрсатилса, нур устига нур бўларди. Чунки тажрибада гап кўп. Одамларнинг мушкулини осон қилиш, уларнинг муаммосига тезроқ ечим топиш тизим муваффақиятини таъминлайди.

Шу билан бирга, олиб бориладиган мониторинг натижларига кўра, адвокатлар малакасини ошириш ёки тажрибали мутахассисни жалб қилиш учун ойлик хизмат ҳақини кўтариш таклифлари ҳам берилиши мумкин. Зеро, юридик хизматнинг сифатини, фуқароларнинг мурожаатини ҳал қилиш учун малакали адвокат керак.

Кейинги ҳафта қонун лойиҳасининг қандай такомиллашаётгани ҳақида кенгроқ маълумот бериш ниятидамиз.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.08.2022, №32

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш