Икки ёшли болалар ҳам боғчага бориши мумкин
Икки ёшли болалар ҳам боғчага бориши мумкин

 

Энди давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритувчи мактабгача таълим муассасасига (МТТ) болаларни 3 ёшдан эмас, 2 ёшдан қабул қилиш мумкин. Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида белгиланди. Шунда нималар ўзгаради ва қандай қулайликр юзага келади?

Ҳозирги кунда тадбиркорлардан нодавлат МТТлар қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш учун олган кредитларни қайтаришда қийинчиликларга дуч келаётгани сабабли муддатларини узайтириб берилишида амалий ёрдам сўраб, кўплаб мурожаатлари келиб тушмоқда.

Янги қабул қилинган қарор билан республикада 2018-2019 йилларда молиялаштирилган 966 та йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳасига ажратилган 1,7 триллион сўм имтиёзли кредитларни навбатдаги асосий қарзини қайтариш муддатини 2023 йилнинг 1 августига қадар узайтирилишига рухсат берилди.

Шунингдек, йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига аввал фақат фойдаланилган табиий газ учун 50 фоиз миқдорида компенсация тўланган бўлса, эндиликда 1 сентябрдан иситишнинг бошқа турларидан, жумладан, суюлтирилган газ ёки кўмир маҳсулотларидан фойдаланувчи нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ҳам компенсация пули ажратилиши белгиланди. Шу ўринда айтиш жоизки, республикада фаолият кўрсатаётган нодавлат МТТларнинг 512 тасида марказлашган газ мавжуд эмас ва бу ташкилотлар альтернатив иситиш воситаларидан фойдаланиб келмоқда.

Яна бир жиҳати, ана шундай ташкилотларга аввал бу турдаги компенсация тўлаб берилмаган эди. Демак, хусусий боғчалар фаолияти яхшиланиши керак.

Барча давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат МТТларига қатнаётган болаларга 7 ёшга тўлиб, ҳали мактабга чиққунга қадар МТТга қатнаган кунларига субсидия тўланиши ёки тўланмаслиги масаласи аниқлаштирилади. Боқувчисини йўқотган аёлларнинг 2 ёшли болаларига ҳам субсидия тўланишига рухсат берилди.

Шу билан бирга, оилавий шаклдаги МТТларга ҳам бир қатор енгилликлар жорий этилди. Хусусан, ота-оналар тўлови миқдорини мустақил равишда белгилаган ҳолда 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилишга рухсат этилди. Оилавий МТТ фаолиятини бошлаш учун соғлиқни сақлаш органлари билан мажбурий равишда тарбияланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатишга оид шартнома тузиш тартиби бекор қилинди.

Энг муҳими, қарор билан барча нодавлат МТТларга 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилишга рухсат этилди. Бунда 3 ёшга тўлмаган болаларга ота-оналар тўлови миқдорини мустақил равишда белгилашига рухсат этилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.08.2022, №32

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш