Бухорода “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида форум ўтказилди

Бухоро шаҳар 2-сектор ҳудудидаги маҳаллалар ва Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят, шаҳар кенгашлари ҳамкорлигида “Зарафшон” маҳалласидаги спорт майдонида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида “Беш ташаббус-беш имкон” деб номланган хотин-қизлар ва ёшлар форуми ўтказилди.

Форумда мамлакатимизда ёш авлодни маънавий баркамол инсон этиб тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш, уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус кенг тарғиб қилинмоқда.

Мазкур форум бир неча йўналишда ўтказилди.

Биринчи йўналишда ёшларнинг миниатюра санъати турига қизиқишларини оширишга ҳамда истеъдодини юзага чиқаришларига кўмаклашиш мақсадида “ИСТЕЪДОД” кўргазмаси ташкил этилди.

Жалол Икромий маҳалласида жойлашган “Устоз-шогирд” санъат мактабида 35 нафардан зиёд ёшларимиз санъатнинг миниатюра йўналишида ижод қилиб, уларга Давлат ака Тошев рассомчилик сирларини ўргатиб келмоқда. Азизахон Салимова ўз ижод намуналари билан иштирок этиб биринчи ўринни қўлга киритди ва Бухоро вилояти ёшларига қилинган эътиборни кўриб ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирди.

Иккинчи йўналишда ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун кўмаклашиш мақсадида маҳаллалараро спортнинг Ўзбек жанг санъати ва бадиий гимнастика турлари йўналишларида мусобақалашдилар. Ғолиблар Рафиев Амир ва Борисова Аноралар Ўзбекистон ХДП шаҳар кенгаши ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом ва совғалар билан тақдирландилар.

Учинчи йўналишда аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишлари учун ўтказилган “Ёш дастурчи” беллашувида Фитрат маҳалласида истиқомат қилувчи ўқувчи Икромова Мадина юқори ўринни эгаллаб, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тўртинчи йўналишда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Билимдон” танлови ўтказилди.

Китобхонлик кечасида таниқли ёзувчилар, шоирлар, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, актёрлар иштирокида бадиий чиқишлар қилинди. Ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш, улар орасида маънавий муҳитни янада яхшилаш мақсадида “Беҳиштиён” маҳалласида ўтказилган беллашувда Сарвиноз Аминова ўзининг ижод намуналаридан шеърлар ижро этиб, йиғилганларни ҳайратда қолдирди.

Бешинчи йўналишда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга яқиндан кўмаклашиш максадида мазкур форум доирасида “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тикувчилик цехи ташкил этилди. Унда Неъматова Ибодат опа раҳбарлик қилиб, маҳалладаги 20 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлади ва партия сафига киришга хайрихоҳлик билдирди.

Умуман, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтган “Беш ташаббус – беш имкон” беллашувига беш юз нафардан зиёд ёшлар, хотин-қизлар жалб этилди, фаоллар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир шаҳар маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастури билан якунланди.

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши

 

← Рўйхатга қайтиш