Мақсадимиз шунчаки бориб-келиш эмас
Мақсадимиз шунчаки бориб-келиш эмас

 

Ҳудудларга бориб ўрганишлар, одамлар билан мулоқот депутатларга нима беради? Аввало, уларни сайловчилар билан яқинлаштиради, одамларнинг орзу-ўйларига шерик бўлиш, ўйлантираётган масалалари ечимига кўмаклашиш имконини беради. Қачонки, сайловчилар билан юзма-юз, қошу кўзларига боқиб уларни тингласа, ҳудудлардаги ўзгаришлар, ҳолатларни кўрса, одамлар ҳаётига дахлдорлик ҳисси шунча ортиб бораверади.

27-30 сентябрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, юма-юз мулоқотларда одамларни ўйлантираётган ижтимоий масалаларни ўрганишди, қонунчиликка доир таклифлар билан танишишди. Кундалик ҳаётда дуч келинаётган ҳуқуқий масалаларда маслаҳатлар беришди. Ҳужжатлардаги номутаносибликлар сабабли юзага келаётган тушунмовчиликларни бартараф этиш бўйича аҳоли вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

 

Муқаддас ЎРОЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди. Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу йўналишда манзилли, ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар бўйича мутлақо янги – «Темир дафтар», ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар бўйича тегишлича «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» тизимлари ҳаётга татбиқ этилди.

Албатта, улар бугун ўз самарасини бермоқда. Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган аҳоли вакиллари бирон иш бошлашлари, даромад манбаига эга бўлишлари учун субсидиялар ажратилиб, қўллаб-қувватланмоқда.

Аммо ҳудудларларга борганимизда бу масалада бироз тушунмовчиликлар, аҳоли вакилларини ўйлантираётган муаммоларга дуч келаяпмиз. Бу галги учрашувларда сайлов округимдаги фуқаролардан «Темир дафтар»дан чиқариш тартиби бўйича норозиликлар масаласида мурожаат бўлди.

11 нафар фуқаро, тадбиркор ва аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази билан тузилган уч томонлама шартнома тузилиб, уларга субсидия асосида жўжа тарқатилган. 3 кун ичида улар «Темир дафтар»дан чиқарилиб, давлат томонидан бериладиган бола нафақаси тўхтатилган.

Аҳоли вакилларининг эътирозга сабаб бўлаётгани улар ҳали ҳеч қандай даромад манбаига эга бўлмай, фойдага кирмай туриб нафақадан маҳрум бўлишмоқда ва ижтимоий ҳимоя реестридан чиқарилмоқда.

«Темир дафтар»ни юритиш орқали ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилалар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб қарорга илова қилинган ҳужжатнинг 5-бобига кўра, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилалар бандлиги таъминланган ёки доимий даромад манбаига эга бўлганда «Темир дафтар»дан чиқариш тартиби белгиланган. Мурожаатчилар эса ҳали даромад олмасиданоқ дафтардан чиқарилмоқда. Маълумки, жўжалар 1-2 ойда гўштга, 6 ойда тухумга киради. 3 кун ичида бериладиган нафақа пули бекор қилиниши уларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда. Жўжаларни тадбиркорга қайтиб бериб, нафақа пулига кун кўришни лозим топишяпти. Бу эса одамларда яна боқимандалик кайфиятини уйғотади, давлатга қарам бўлишда давом этади.

Ўзларига нотаниш бўлган фаолият турини пухта эгаллаб, доимий даромад манбига эга бўлмагунларича уларга кўмаклашиш лозимлиги иловага қўшимча қилиниши лозим, деб ўйлайман.

 

Зулаҳо АКРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Давлатимиз раҳбари одамларни рози қилиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, халққа яқин бўлиш ҳақида ҳамиша гапирадилар. Аҳолига яқин бўлиш деганда нима тушунилади? Бу аввало, оддий одамлар ҳаётини кўз олдимизда тасаввур қилиш дегани. Уларнинг кўнглидаги, дилидаги орзу-ўйларини ҳис этиш, амалга ошира олмаётган ишларига кўмакчи бўлиш деганидир. Бунда учрашувлар, ҳудудлардаги юзма-юз мулоқотлар яхши самара беради. Қўнғироқ орқали ёки ёзма мурожаатлардан кўра, улар билан кўз-кўзга тушиб мулоқот қилганда уларни янада яхшироқ ҳис қиламиз.

Ҳар гал учрашувларга отланар эканман, ўрганиладиган масалалар, ўтган галги учрашувларда кўтарилган муаммолар, одамлар билан бўладиган мулоқот жараёнлари ҳақида яхшилаб ўйлаб оламан. Бу гал уларга айтар сўзим қанақа бўлади, нималар ҳақида суҳбатлашаман, уларга қандай нафим тегади, деган фикрлар билан йўлга тушаман. Бу галги учрашувларда аҳолидан қатор таклифлар тушди. Мисол учун, Мирзачўл тумани аҳолиси вакиллари боғчаларга электрон навбат масаласида юзага келаётган ноҳақликлар хусусида гапиришди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» 2018 йил 28 мартдаги 244-сон қарорига киритилган ўзгартиришларга асосан мактбгача таълим ташкилотларидаги бўш жойлар ҳисобини юритиш, электрон навбатни шакллантириш ҳамда ташкилотга йўлланма беришнинг Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизими томонидан амалга оширилиши белгиланган. Ариза берувчиларга электрон навбатни онлайн кузатиш, навбат келганлиги ёки навбатдаги ҳолат ўзгарганлиги ҳақида смс-хабар олиш имкониятини яратилган.

Давлат хизматлари портали орқали рўйхатга киритилган болалар электрон навбат тураверади, бу ёқда боғча мудираларининг ўзлари алоҳида рўйхат шакллантиради. Болалар боғчага қабул қилинаверади, электрон тизимда бошқача навбат, амалда эса вазият бошқача…

Шу боис сайловчилар томонидан Давлат хизматлари агентлиги билан Мактабгача таьлим вазирлигининг электрон навбатга кўйиш масаласида номутаносибликлар борлиги сабабли бу ишларни тизимли равишда келишилган ҳолда ташкил этиш таклифи билдирилди.

Мақсадимиз мурожаатларни фақат ўзимизга белгилаб олиш ёки учрашувларда шунчаки қатнашиб келиш эмас. Учрашувлардан қайтиб уларни бир-бир таҳлил қиламиз. Тегишлигига асосан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборамиз. Ҳудудлардаги масалалар ечимида ҳиссамиз бўлишини истаймиз. Токи, келгуси учрашувларда сайловчилар олдига ёруғ юз билан борайлик.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 5.10.2022, №40

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш