25 ноябрь — Хотин-қизларга нисбатан зўравонликларга барҳам бериш Халқаро куни
25 ноябрь — Хотин-қизларга нисбатан зўравонликларга барҳам бериш Халқаро куни

 

Аёлларга нисбатан зўравонлик жиддий эътибор қаратадиган муаммо ҳисобланади. Хотин-қизларга нисбатан зўравонликларга барҳам бериш Халқаро кунининг белгиланганлиги халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, давлат ва нодавлат жамоат ташкилотлари аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш учун имкониятдир.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” ҳамда Тошкент вилоят Кенгаши томонидан Зангиота туманида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

ТадбирдаЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Тошкент вилоят ҳамда Зангиота туман Кенгаши масъул ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Зангиота туман ҳокими ўринбосари, фаол хотин-қизлар, маҳалладаги аёллар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Ҳасанова томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, жумладан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имтиёзлар тўғрисида”, Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунлар ҳамда қонунга киритилаётган “Гендер аудит” тушунчаси тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Ўзбекистон ХДП МК “Аёллар қаноти” раҳбари Г. Асатова 25 ноябрь - Хотин-қизларга нисбатан зўравонликларга барҳам бериш Халқаро куни тарихи ҳақида гапириб, Ўзбекистонда ҳам бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

— Ўзбекистон БМТнинг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенциясига қўшилганига 27 йил бўлишига қарамай ҳамон аёллар ҳуқуқларини топташ ҳолатлари учрамоқда. Жорий йилнинг 9 ойида тазйиқ ва зўравонликка учраган 32 783 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган. Хотин-қизларга нисбатан қайд этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 36,7 фоизи (19 300 тадан 7 087 таси) уларнинг оилаларида содир этилган.

Тадбирда сўзга чиққан Зангиота туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Саодат Усмонова, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати А.Гиясова ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича туман ва маҳалларда олиб борилаётган ишлар, самара бераётган ижобий натижалар ҳақида ўзаро тажриба алмашдилар, шунингдек, хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш борасида айрим қонун ва меъёрий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича асосли таклифларни бердилар.

Тадбир сўнггида хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликлардан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида тавсиялар берилди ҳамда ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар келишиб олинди.

Шунингдек, хотин-қизлар фаолларидан бир гуруҳи партия сафига қабул қилиниб, уларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғлари топширилди.

Тадбир қизғин баҳс-мунозара ва савол жавобга бой тарзда ўтди.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш