Жисмонан соғлом ва маънан етук, мустақил фикрга эга, Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир авлод – ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш йўлидан дадил бораётган мустақил давлатнинг муваффақиятли гаровидир. Шу сабабли ёшларни тинглаш, уларга кўмак бериш ривожланган давлат барпо қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ёшларга ўз келажагини қуришда кўмак бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида “Депутат ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ш. Раҳмонов, туман ҳокими, Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Жамшид Шаропов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят Кенгаши раиси З.Н. Туйева, маҳалла ёшлари, туман корхона, ташкилот раҳбарлари, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Халқ демократик партияси наздида бугунги кунда ёшлар нафақат мамлакатимиз келажаги, балки давлат ва жамият ривожи йўлидаги мақсадларга эришишда таянч ҳал қилувчи куч бўлиб ҳисобланади.
Мулоқот давомида мутасаддилар томонидан ёшларнинг мурожаати тингланди. Депутат ва ёшлар иштирокида очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда туманда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, барча соҳада ёшларнинг ўрни ва ролини оширишга қаратилган чора-тадбирлар, давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Бугунги кунда ёшлар ўқиб- ўрганишлари, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, ҳунарли бўлиши учун Давлат дастурида кўплаб ташаббуслар илгари сурилгани, режалар айтилгани ҳақида батафсил гапириб берилди. Ёшларга оид қабул қилинаётган қарор ва фармонлар, қонунлар ёшларга қаратилаётган эътиборнинг юксак намунаси эканлиги таъкидланди. Шунингдек, ёшлар томонидан келиб тушган 20 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилди.
Унда олий таълим муассасаларига кирган талаба ёшларнинг шартнома пулларини тўлашда амалий ёрдам кўрсатиш, касб эгаллаш мақсадида тикув машинаси ажратиш, “Боғиафзал” маҳалла фуқаролар йиғини ёшларини китобхонликка жалб этиш мақсадида ихчам кутубхона ташкил этиш, ишга жойлаштириш, “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритиш, ўз-ўзини банд қилиш учун пайвандлаш дастгоҳини ажратиш, спорт майдончаси ташкил этиш каби мурожаатлар тингланди. Мулоқот сўнггида тикув машинасини сўраб мурожаат қилган янгиқишлоқлик Илёсова Мафтунанинг мурожаати қаноатлантирилиб, тикув машинаси ажратилди.