Сўз — сирдарёлик депутатларга
Сўз — сирдарёлик депутатларга

 

Сирдарё кўпинча катта воқеалар, муҳим тажрибалар марказида туради. Ҳудуднинг уникал жиҳатлари бор. Ўтган ҳафта вилоятда ҳоким ўзгарди. Тажрибали ҳоким давлат маслаҳатчиси бўлди. Янги ҳоким ҳам кўпни кўрган дейишмоқда. Вилоят раҳбарияти, мутасаддилар зиммасига жуда масъулиятли вазифалар қўйилди.

Ҳудуднинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш депутатларга ҳам чамбарчас боғлиқ. Сирдарёда депутатлар ўзгариш ва янгиланишларнинг нафақат иштирокчиси, балки ижодкори бўла оляптими? Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар нима режалар билан банд?

 

Шерали МАМАДЕЦОЕВ,

ЎзХДП вилоят Кенгаши раиси:

– Депутатлик – одамларнинг ишончи, бу ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Депутатлар фаолиятини мунтазам мониторинг қилиб борамиз, чунки халқ олдида улар билан баробар масъулмиз. Қонунчиликка мувофиқ, вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўладиган бундай депутутларни чақириб олиш мумкин. Кейинги сайловда ишончни оқламаган депутатларни кўриб аҳоли вакиллари бизнинг партия кўрсатган номзодга овоз берадими, шу округдаги партия тарафдорларини сақлаб қола оламизми, партия обрўсини тушириб қўймаймизми? Доим шу саволлар ҳақида ўйлаймиз.

Фаолиятида сусткашлик сезилаётган депутатларга ёрдам беряпмиз. Ноябрь ҳолатига кўра, натижаларимиз йил бошидагидан анча яхшиланди. Айни вақтда депутатлик фаолияти қониқарсиз 10 депутатдан 6 нафари ўз фаолиятини фаол равишда йўлга қўйиб олди. Фаолиятида мутлақо ўзгариш бўлмаган 2 нафар депутатни чақириб олишга мажбур бўлдик.

 

Жумабой РАҲМОНҚУЛОВ,

Боёвут туман Кенгаши депутати:

– Депутат бўлиб сайланганимдан буён туманимизда кўп ўзгаришлар, янгиликлар бўлди. «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастури асосида ҳудудларда бир қатор ишлар қилинди: кўчалар асфальтланиб, янги мактаб-боғчалар қурилди, айримлари қайта таъмирланди. Ички йўллар яхшиланди, қатор соҳаларга инвестициялар киритилди. Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ҳолати яхшиланди. Бунинг учун 5 та артизан қудуғи қазилди. 2 та йирик тикувчилик фабрикаси иш бошлади. Уларда 2 минг нафарга яқин хотин-қиз ишлаяпти.

Айтаверсам янгиликлар, яхши ўзгаришлар кўп. Бу йил туманимиз янгитдан туғилди, деб айтсам бўлади. Бу жараёнларда депутатларимиз фаол иштирок этишяпти.

Партия гуруҳимиз оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратиб келмоқда. Доимий комиссия йиғилишларида ҳам бу масалалар атрофлича ўрганилиб, бандлик ва аҳолини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари ҳисоботлари тингланмоқда. Яқинда партиямизнинг ташаббуси билан 2 та фестиваль ўтказдик. Шу асосда ишсиз аёллар ва ногиронлиги бор шахслар ҳамда кам даромадли оилалар вакилларини ўйлантираётган масалалар ўрганилди. Тадбир якунида туман ҳокими ўринбосарлари, ҳоким ёрдамчилари билан ҳисобот қилдик. Уларнинг ижросини таъминлаш, назорат ўрнатиш бўйича вазифалар белгилаб олдик.

 

Гулнора БОЙМИРЗАЕВА,

Янгиер шаҳар Кенгаши депутати:

– Кўп йиллар “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғинига раислик қилдим. Депутат бўлсам, жамиятда хотин-қизлар ўрни ва мавқеини, ижтимоий фаоллигини оширишга, ҳар бир хонадоннинг бекаси бўлмиш аёлларга яхши шароитлар яратилишига ҳисса қўшишни мақсад қилган эдим. Аввало аёлман. Шу боис хонадон бекаси, ҳам она сифатида ҳудудимдаги хотин-қизлар муаммоси, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, уларнинг турмуш даражаси ва саломатлиги билан доим қизиқаман.

Улар билан деярли ҳар куни учрашаман. Депутатлик кабулимга келишларини кутиб ўтирмайман. Хонадонларга эшик қоқиб кириб бораман. Ўтган чоракда “Жамоатчилик қабулхонасига” мурожаат қилган 10 нафарга яқин хотин-қиз партиядошимиз Бувнисо Бўтаева раҳбарлик қилаётган “Ҳунар–Ризқ” ишлаб чиқариш корхонасида касб-ҳунарга бепул ўргатилиб, мустақил иш бошлаши учун кредит олишларига кўмаклашилди.

Нафақат хотин-қизлар, балки аҳолининг барча вакиллари эътиборимизда. Айниқса, сайлов округимдаги 55 нафар боқувчисини йўқотган оилалар, 4 нафар чин етим, 17 нафар ногиронлиги бор болалар ҳақида ҳамиша қайғурамиз. Уларни ўйлантираётган масалаларни депутатлик сўровлари орқали ҳал қилишга ҳаракат қилаяпмиз.

 

Ойдин АСРАРОВА,

ЎзХДП Оқолтин туман кенгаши раиси, туман Кенгаши депутати:

– Йил бошида “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш учун хатлов ишларини амалга оширдик. Тумандаги 13 та маҳаллада 9549 та хонадон бўлиб, уларда истиқомат қиладиган 396 нафар ишсиз ёшлар рўйхатга олинди. Уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. 45 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 101 нафари тадбиркорларга бириктирилиб, 86 нафари ишга жойлаштирилди. Бунда депутатларнинг иштироки қандай, деб сўрашингиз табиий. Депутатлик гуруҳи ҳам ҳудуддаги янги иш ўринлари, бандлик масаласини мунтазам ўрганиб боради. Жамоатчилик қабулхонаси, аҳоли билан учрашувларда бу борада кўплаб мурожаатлар бўлади. Уларни эътиборсиз қолдиришга ҳаққимиз йўқ.

Туман Кенгаши депутати сифатида ҳар чоракда ҳисобот бераман. Мурожаатлар асосида эҳтиёжманд кишиларга “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси томонидан молиявий кўмак ажратилишига эришяпмиз. Яқинда сайлов округимдаги ўнлаб хотин-қиз тикувчиликка ишга жойлаштирилди. “Депутат – маҳаллада”, “Бир кекса 10 ёшга мураббий” каби лойиҳалар доирасидаги тадбирларда ҳам бунга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Яқинда партия гуруҳи ташаббуси билан Мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури тўғрисидаги Президент қарори ижроси ўрганилди. Масала сессияга киритилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ишлар кетяпти. Буни айтишдан мақсадим нима? Демоқчиманки, маҳаллий Кенгашлар, партия гуруҳларининг фаолияти ҳудуддаги ўзгаришларга, муаммолар ечимига асос бўлади. Улар кўтарган масалалар эса сайловчиларнинг, аҳолининг оғирини енгил қилиш, турмушини яхшилашга хизмат қилади.

 

Гулнора ҚУВВАТОВА,

Сардоба туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

– Давлат идораларида ва айниқса, халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида бизга қулоқ солишаяпти, фикр-мулоҳазаларимиз билан ҳисоблашишаяпти. Туман Кенгаши сессияларида билдирган тўртта таклифим кенгаш раиси, яъни туман ҳокими томонидан қўллаб-қувватланди. Битта чекка маҳалла кўчасига шағал тўкилди, битта болалар боғчаси хоналарининг поли янгиланди, иккита оғир бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун мураккаб жарроҳлик операцияси учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиб берилди.

Туманда 29 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизга, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар ҳамда уй-жойга муҳтож 17 нафар хотин-қизга ипотека кредитлари берилишини назоратга олганмиз. Афсуски, аксарият ҳолларда туманимизда режалаштирилган кўп қаватли уй-жойлар қурилиши чўзилиб кетаяпти, бунда ўринли ва ўринсиз сабаблар борлиги аниқланди. Бу бўйича ҳам ўрганиш олиб бориб, масалани сессия кун тартибига олиб чиқишни режалаштирдик.

Айрим хулосаларим ҳам бор. Аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, муаммоларни тезкорлик билан жойида ҳал этиш йўлидаги “маҳаллабай” ва “фуқаробай” шаклдаги ишлар ҳам негадир оқсаяпти. Бошида ҳаммаси қизғин бошланди, кейин сустлашиб кетди. Албатта, бунда биз депутатлар ҳам жонсарак бўлишимиз керак. Одамларга қийинчилик туғдираётган, ҳал этилиши лозим бўлган масала мутасадди раҳбарлар, ҳар бир депутатнинг эътиборида, доимий назоратида бўлиши керак.

 

Гулруҳ САЙФИДДИН қизи,

ЎзХДП Марказий Кенгаши депутатлик бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси.

«Ўзбекистон овози», 30.11.2022, №48

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш