Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти йўлга қўйилган эди.
Мономарказ йил давомида 2320 нафар тингловчини қисқа муддатли курсларда ўқитишга мўлжалланган.
Жорий йилда мономарказда 4571 нафар фуқаро ўқиш истагида мурожаат қилган бўлиб, ҳозирда улардан 1045 нафари марказда касб-ҳунар ўрганмоқда. Марказ фаолиятини бошлаганидан буён бу ерда 3189 нафар тингловчи сабоқ олиб, турли касб-ҳунарларни эгаллади ва бугунги кунда улар иқтисодиёт тармоқларида фаолият кўрсатмоқда.
Ўтган давр мобайнида мономарказни “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Темир” дафтарда турган фукаролардан 56 нафари битириб, уларнинг 4 нафари доимий ишга кирган, 52 нафари эса ўз-ўзини банд қилиб, хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Уларнинг 5 нафари субсидия олишга муваффақ бўлган. Айни кунларда мономарказда 22 нафар ногиронлиги бор ва 12 нафар “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Темир” дафтарлар рўйхатига кирган фуқаролар касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Карлар жамияти Бухоро вилояти бўлинмаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоланганган эди.
Аҳамиятли томони шундаки, мономарказда ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив таълимни ривожлантириш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, ҳозирги кунга қадар мономарказда қандолатчилик, ёш болалар учун энага, тарбиячи ёрдамчиси, ошпазлик, пайвандловчи, электрик, аёллар сартароши ва уқаловчи йўналишларида жами 27 нафар ногиронлиги бўлган тингловчилар турли касб-ҳунарларга ўқитилди. Ҳозирги кунда 22 нафар худди шундай тингловчи таҳсил олмоқда. Уларнинг 20 нафари аёлларни ташкил қилади.
ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши ташаббуси билан "Аёллар билан юзма-юз" лойиҳаси доирасида Бухоро шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономарказида имконияти чекланган аёллар иштирокида тадбир ўтказилди. Унда имконияти чекланган фуқаролар, маҳаллалардаги кам таъминланган оила вакиллари ҳамда партия ходимлари иштирок этишди. Тадбир жараёнида таклиф этилганлар мономарказдаги ўқув жараёни, назария ва амалиёт билан танишиб, имконияти чекланган шахслар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва у ерда касб-ҳунар ўрганаётган аёллар билан суҳбатлашишди.
Тадбир давомида хотин-қизлар муаммоси ҳам ўрганилди.
Таъкидлаш жоизки, ЎзХДП Бухоро шаҳар Кенгаши жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилган аксарият фуқаролар мономарказга йўналтирилиб, уларнинг бандлиги таъминланмоқда.