Таълимга эътибор – келажакка эътибор
Таълимга эътибор – келажакка эътибор

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида давлатимиз раҳбари анъанага кўра ўтаётган йил якунларини сарҳисоб қилди, келаси йил номини эълон қилди ва келажак учун қатор ташаббуслар билан чиқди.

Президентимиз 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном беришни таклиф қилди. Бу ташаббус бир овоздан қўллаб-қувватланди.

“Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз", деди давлатимиз раҳбари.

Президент таъкидлаганидек, болаларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқиши зарур. Фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтиришимиз лозим.

Ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур. Шу боис, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланади.

Келаси йили 70 та янги мактаб қурилади, 460 таси кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келаси беш йилда уларнинг сони мингтага етказилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда йўлга қўйилган бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти келаси ўқув йилидан ушбу қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этилиши таъкидланди.

“Биз Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак.

Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”, - деди давлатимиз раҳбари. Биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланди.

Ўқитувчиларнинг мақоми, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарурлиги қайд этилди. Келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.

Янги йил биз, таълим ходимлари зиммасида улкан масъулиятли вазифалар йили бўлади. Президентимизнинг ушбу мурожаатидан биз педагоглар руҳландик, мотивация олдик.

Ҳақиқатдан ҳам келажагимиз бўлган ёшлар тарбиясига, таълим олишига ва уларнинг маънавий етук инсон бўлиб шаклланишида бор кучимиз ва билимимизни аямаймиз.Таълимнинг сифатини биргаликда  янада кўтарамиз.

 

Завра Абдуллаева,  

Тўрткўл тумани Халқ таълими бўлими бошланғич таълим ва филология фанлари методисти, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

ЎзА

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш