Тиббий хизмат кўрсатиш сифати ўрганилди
Тиббий хизмат кўрсатиш сифати ўрганилди

 

Янги йилнинг илк кунлариданоқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округи ҳудудларида бўлиб фуқароларнинг турмуши, яшаш шароити, эҳтиёжи, уларни ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганмоқда. Айтиш мумкинки, ушбу учрашувлар давлат идораларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг амалий кўриниши сифатида кенг жамоатчилик эътиборини тортаётгани билан аҳамиятлидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шерзод Раҳмонов Шофиркон тумани ҳокимлиги масъуллари ҳамроҳлигида ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа объектларини кўздан кечириш жараёнида нафақат уларнинг фаолияти билан танишишмоқда, балки муаммоларига ечим топишда ҳам кўмаклашмоқда.

Жумладан, “Мазлахон Чандир” МФЙ даги 16-сонли МТТ да тарбияланаётган 105 нафар жажжи ўғил-қизга мўлжалланган маскан ҳам эътибордан четда қолмади. Боғча мудираси Гулмира Неъматова шарт-шароит билан таништирар экан, муассаса қайта таъмирлашга муҳтожлиги ва 1 дона электр двигателига эҳтиёж борлигини билдирди. Шунингдек, Шерзод Раҳмонов “Читкарон” МФЙдаги уй боғчаларини, ундаги шароитларни кўздан кечирди. Шаҳодат Сафаровага тегишли уй боғчасида 6 киши иш билан таъминланган бўлиб, улар 25 нафар бола тарбиясига бириктирилган. Умуман, болалар муассасаларида кунлик овқатланиш рационига амал қилиш, машғулот хоналари, ётоқхона жиҳозлари таъминоти, қолаверса, санитария ва иссиқлик тизими ўрганилиб, нуқсон ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тавсиялар берилди.

Шу билан бирга, халқ вакили бошчилигидаги гуруҳ “Читкарон” МФЙ да 2 минг 500 нафар аҳоли саломатлигига бевосита масъул тиббиёт пункти филиалида ҳам бўлишиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати билан танишдилар. Ҳозирда бу масканда умумий амалиёт шифокори етакчилигида 5 нафар патронаж ҳамшира фаолият олиб бормоқда. Бу ерда аҳоли билан мулоқот давомида филиалда эмлаш ишларини ташкил этишни йўлга қўйиш таклифи билдирилди ва бу мурожаат депутат томонидан маъқулланди. Шу маҳаллада яшовчи Амин Тоиров ҳудудда профилактика инспектори учун хизмат хонаси ташкил қилиш лозимлиги, қолаверса, шу ҳудуддаги “Мискин ота” қабристони атрофини ободонлаштириш ва атрофини ўрашда амалий ёрдам сўради.

Шу куни депутат томонидан “Бобир” МФЙ даги “Оқработ” маҳалла тиббиёт пункти фаолияти ҳам ўрганилди. Унда қарийб 2 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширалар мурожаатига қулоқ тутилди.

Халқ ноиби "Гулистон" МФЙ да фаолият юритаётган "АМIRTEX" тикувчилик фабрикасида ҳам бўлиб, бу ерда меҳнат қилаётган 1 минг 200 нафардан ортиқ чевар хотин- қизга яратилган шарт-шароит билан ҳам яқиндан танишди. Ўрганишлардан сўнг барча мурожаатлар қабул қилиниб, уларни бартараф этиш, жойлардаги етишмовчиликларни ҳал қилиш юзасидан тез орада амалий чоралар кўрилиши айтилди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш