Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мазкур Конвенция 1977 йил 1 июнда Халқаро меҳнат ташкилоти Бош конференциясининг 63-сессиясида қабул қилинган бўлиб, 1977 йил 20 июнда кучга кирган. Халқаро ҳужжатда иш жойларида меҳнат шароитларини, жумладан, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини, меҳнат жараёнларининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускунларнинг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш, шунингдек, меҳнат шароитларини қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлаштириш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш белгиланган.
Ратификация амалга оширилиши иш жойида ҳаво ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатарларнинг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги халқаро стандартларни мамлакатимизда жорий этишга хизмат қилади. Бу масалалар Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга, иш берувчиларнинг ходимлар олдидаги масъулиятини кучайтиришга асосларни янада мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳужжат бир овоздан маъқулланди.
«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасида меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, қонун лойиҳаси билан шунга қўшимча меъёр таклиф этилмоқда.
Хусусан, худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим муассасасининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Жиноят кодексида ҳам меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Агар бундай ҳуқуқбузарлик таълим муассасасининг педагог ходимига нисбатан маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши ҳам белгиланмоқда.
Сифатли таълим стратегик вазифа сифатида қўйилган даврда педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада қатъий кафолатлаш муҳим экани таъкидланиб, қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Депутатлар Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқди. Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига 2021 йил 12 январдаги қонунлар билан тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу Қонунларда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш ва бошқа шу каби масалалар назарда тутилган. Қонун лойиҳаси билан Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисидаги қонуннинг 5- ва 24-моддаларидаги тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Ҳужжатнинг муҳимлиги инобатга олиниб, лойиҳа депутатлар томонидан маъқулланди.
Йиғилишда фракция фаолиятига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон ХДП фракциясининг 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси депутатлар фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида тасдиқланди.