Билим ҳар қадамда керак
Билим ҳар қадамда керак

 

Давлат раҳбарининг барча маърузаларида, таълим тизимининг ривожига жуда катта ҳисса қўшган олимлар ва экспертлар билан ўтказилган йиғилишларда, қолаверса, соҳани ривожлантиришга оид қабул қилинган қарорларда бу борада жиддий, кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб берилди. Бу ўз навбатида, жамоатчилик томонидан юксак баҳоланиб, таълим соҳасини ривожлантириш аллақачон умуммиллий мақсадга айланиб кетди.

Мақсад – Янги Ўзбекистоннинг мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб шаклланишига эришиш.

“Бўш қоп тикка турмайди”, деган доно халқимиз, бу йилда Қорақалпағистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. Келгуси йилдан ушбу амалиёт қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам йўлга қўйилади. Бунинг учун бюджетдан 2,3 триллион сўм ажратилади. Бу ҳам таълим сифатига ижобий таъсир этувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Ислоҳотларнинг аввалида жамиятда ўқитувчининг мавқеини, ўқитувчилик касбининг нуфузини оширишга катта эътибор қаратилди. Педагог ходимларнинг мақомини ҳар томонлама мустаҳкамлаш давлат ва жамиятнинг энг муҳим вазифаси, деб эътироф этилиши, педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва обрў-эътибори давлат ҳимоясида эканлиги конституциявий кафолатланмоқда. Шунингдек, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўймаслик қатъий белгилаб берилди.

Мамлакатимизда баркамол авлодни шакллантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларни олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга тўсқинлик қилаётган омиллардан бири сифатида ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузи пасайиб кетганлиги, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслигида, деб белгиланди.

Шунинг учун ҳам, сўнгги йилларда педагоглар ойлик маоши 1,5 баробар оширилди. Ўқитувчиларнинг меҳнатлари турли хил йўллар билан рағбатлантирилмоқда. Умумтаълим муассасасида ўқув-тарбия жараёни сифатини янада яхшилаш, фанлараро интеграцияни кучайтириш, таълим ва тарбия жараёнини замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этиш, STEAM ёндашувини самарали татбиқ этиш, таълим жараёнида педагог ходимларга ўз вақтида методик ёрдамни ташкил этиш, уларнинг касбий ва методик маҳоратини ҳамда малакасини оширишда фаоллиги учун рағбатлантириш тизимлари ҳам йўлга қўйилган.

Шунингдек, CEFR бўйича 15–30 фоизлик устама олса, TESOL ёки С1 даража сертификатига эга бўлганидан сўнг унинг устига яна 50 фоиз устама қўшилади. Оддий ўқитувчи 30 фоиз устама олса, яна 50 фоиз устама олишини тасаввур қилинг. Энди шу ўқитувчи агар таълим сифати паст бўлган бошқа ҳудудга борса, яна қўшимча 100 фоиз устама олади.

Авваллари олимпиадада ғолиб бўлган бола фақатгина мақтов ёрлиғи билан тақдирланган бўлса, айни пайтда халқаро олимпиада ғолиби 122 миллион сўм билан тақдирланяпти. Уни олимпиадага тайёрлаган устозига ҳам деярли шунча пул берилади ва бу кўплаб халқаро олимпиадалар учун ҳам татбиқ этилди.

Айни вақтда Ўзбекистон тарихида биринчи марта бошланғич синфларда фанларни ўзлаштириш даражасини аниқлайдиган нуфузли халқаро баҳолаш дастурлари йўлга қўйилди. Шу йил давлат бюджети ҳисобидан барча замонавий шароитларга эга 70 та янги мактаб бунёд этилади, 460 та мактаб кенгайтирилади. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қурилиш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда эса уларнинг сони мингтага етказилади.

Ўқитувчиларнинг билими ва касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқитувчиларга муддатидан аввал аттестациядан ўтиш имконияти яратилди, ана шундай чора-тадбирлар туфайли кейинги бир йилда малака тоифасига эга муаллимлар сони 300 мингдан ошгани таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Қолаверса, бу ўз навбатида педагоглар ўз устида мунтазам ишлашига шароит яратиб берди. Давр талабидан келиб чиқиб, педагог кадрлар малакасини ошириш курсларининг ўқув дастурига асосан ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш мақсадида электрон ресурслар яратилди. Ўқитувчиларнинг малакасини ошириш мақсадида Кембриж, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Мақсад – бутун умр давомида узлуксиз касбий таълимни йўлга қўйиш. Авваллари педагог ўзи фаолият олиб бораётган мактабдан узилиб, вилоят марказида малака оширган. Бу ортиқча оворагарчиликка сабаб бўлган. Айни пайтда www.onlinedu.uz узлуксиз касбий таълим платформаси орқали муаллим ўзининг вақти ва имкониятига қараб малака ошириши мумкин.

Айни пайтда малака ошириш марказларида АҚШ ва Россиядан жалб қилинган ўқитувчилар фаолият олиб боряпти. Мақсад – чекка ҳудуддаги ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш. Мактаблар учун замонавий ўқув дастурлари ва дарсликлар яратиш бўйича ЮНИСЕФ, ЮСАИД халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликда, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Финляндия каби ривожланган давлатларнинг тажрибали экспертлари иштирокида кенг қамровли изланишлар давом эттирилмоқда.

Ихтисослаштирилган ёки анъанавий мактаблар ўқувчилари учун ҳам бир хилда давлат таълим стандартлари белгиланган ёки ўқув дастурлари мукаммал даражада яратилмаган эди. Ҳозирда ўқувчи билим, малака, кўникмаларига алоҳида даражалар белгиланганлиги ўқув дастурлари орқали ўқувчининг билим даражасини белгилаш имкониятини яратади. Содда қилиб айтганда, иқтидорли ўқувчи паст ўзлаштирувчи ўқувчи билан бир хилда топшириқлар олмаслиги, дарс жараёнларида ўқувчининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, индивидуал ёндошув имкониятини беради.

Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида «PISA» (The Programme for International Student Assessment) Ўқувчиларни баҳолаш халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг 2021 йилда биринчи 70 таликка, 2025 йилда 60 таликка ва 2030 йилга бориб эса биринчи 30 та илғор мамлакатлар қаторига киритиш кўзда тутилган. Халқ таълими тизимида ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолашда таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро дастурлар ва изланишлар (PISA, TIMSS, PIRLS ва бошқалар)да Ўзбекистон Республикасининг доимий иштироки таъминланади.

Таълим тараққиёти учун белгиланган жасоратли меҳнат йўли аниқ. Президентимиз барча мактаблардаги меҳнат жамоаларига юзланганларидек, жондан азиз фарзандларимиз мактабдан чет тилларини, касб-ҳунар ва компьютер саводхонлигини пухта ўрганиб чиқиши жамиятни ўзгартириб юборади. Инонаманки, педагогларимиз бу вазифаларни жасорат ва шараф билан уддалашади.

 

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 11.01.2022, №1

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш