Бошқарувда очиқлик, қонунийлик ва натижадорлик
Бошқарувда очиқлик, қонунийлик ва натижадорлик

 

Кенг қамровли ислоҳотлар натижасида дунё ҳамжамиятида Янги Ўзбекистон деган демократик давлат бўй кўрсатди. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазиятда бундай натижага эришишнинг ўзи таҳсинга лойиқдир.

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида фаолиятинининг илк кунларидаёқ жамият ҳаётининг ҳар бир соҳалари бўйича бошланган ислоҳотлар Янги Ўзбекистонни барпо этишда мустаҳкам пойдевор бўлди.

Давлат раҳбарининг шижоати ва ҳаракатлари, шунингдек, халқимизнинг ислоҳотларга бўлган умид ва ишончи натижасида мана, бугун бир қанча ютуқларга эришдик ва буни жаҳон ҳамжамияти ҳам юксак эътироф этмоқда.

Амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқлардан руҳланган ҳолда, Янги Ўзбекистоннинг янада равнақ топиши, халқнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида ислоҳотларни янада давом эттириш бугунги кунда давлат раҳбарини ўйлантираётган масала эканига Мурожаатномада яна бир марта гувоҳ бўлдик.

Мурожаатномада 6 та устувор йўналиш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифлар аниқ белгилаб берилди.

Биринчи устувор йўналиш, яъни “Ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш” бўйича амалга ошириладиган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад “Инсон қадри учун”, “Халқни рози қилиш”дан иборатдир.

Энди мамлакатимиз бошқарувнинг замонавий шаклига ўтмоқда. Яъни, “қўл бошқаруви” ўрнига, аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарув жорий этилмоқда.

Бу бўйича дастлабки қадам ҳам қўйилди. Ўтган йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармон билан натижадорликка йўналтирилган ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизимини яратиш ҳамда республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини янгиланган талаблар ва тамойиллар асосида ташкил этиш бўйича қатор тартиблар белгиланди.

Эндиликда вазирликлар фаолияти ислоҳ қилиниб, уларнинг сони қайта кўриб чиқилади ва камайтирилади. Давлат хизматчилари сони босқичмабосқич қисқартирилиб, ҳар бир вазирнинг масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилади.

Бошқарув соҳасидаги ислоҳотларнинг эътиборли жиҳати шундаки, тежаб қолинадиган маблағлар ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтирилади. Бу билан яна бир марта ислоҳотлар инсон манфаатлари ҳимояси учун хизмат қилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Мурожаатномада келтирилган долзарб масалалар бизни янада чуқур ўйлашга ва келгусидаги вазифаларимизни қайта кўриб чиқишга асос бўлади.

Шу боис Мурожаатномада келтирилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тегишли йўналишлар бўйича 2023 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. Унда вазирларнинг сиёсий масъулиятини оширишга, белгиланган режалар бажарилиши бўйича жамоатчилик ва парламент олдида ҳисобдорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Мурожаатномада қайд этилган вазифаларни вақтида ва тўлақонли бажариш, шу орқали аҳоли фаровонлиги ва Ватан равнақига ўз ҳиссамизни қўшиш бурчимиздир.

 

Шуҳрат ЧЎЛЛИЕВ,

Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари,

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ўринбосари,

ЎзХДПдан халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати.

«Ўзбекистон овози», 11.01.2022, №1

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш