Электр энергияси ва табиий газни тежаш учун локал қозонхоналар қуриш керак
Электр энергияси ва табиий газни тежаш учун локал қозонхоналар қуриш керак

 

Кузнинг сўнгги кунлари тугамасдан юртимизга совуқ ҳаво оқимининг бирданига кириб келиши, қанчалик куз-қиш мавсумига тайёр бўлмайлик, тизимдаги оқсоқликларнинг юзага келиб чиқишига сабаб бўлди.

Сўнгги йилларда аҳоли сони ортиб бориши билан бирга, қурилаётган янги кўп қаватли уйлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Лекин уларни электр таъминотига улаш учун алоҳида трансформатор ўрнатилмай эскисига қўшиб улаб кетилиши ҳамда янги газ ёки сув қувурлари тортиб келинмай, аксинча 50-60 йил аввал яратилган тизимга қўшимча сифатида улаб кетилиши, бугунги кундаги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда Республикамизда 15500 дан зиёд кўп квартирали уйларга иссиқлик таъминоти корхоналаридаги 79 та марказий ва 345 та маҳаллий қозонхонлар томонидан иссиқлик энергияси узлуксиз етказиб берилади. Шаҳар иситиш тизимида йўқотишлар жуда катта. Бу иссиқлик қувурларига ишлатилган изоляциянинг номукаммаллиги билан боғлиқ. Аммо ушбу қозонхоналар барча кўп қаватли уйларни қамраб олганми? Афсуски, йўқ.

Барчамизга маълум, ҳудудлардаги мавжуд кўп қаватли уйларнинг аксариятида, иситиш тизими марказлашган тизимдан узилиб, мустақил иситиш тизимига ўтказилган. Янги қурилаётган кўп қаватли уйлар ҳам шундай иситиш тизимига мослашган ҳолда лойиҳалаштирилмоқда.

Куз-қиш мавсумига кириб келишимиз билан, лимитдаги бор газ кўп қаватли уйларни иситиш учун берилади, чунки уларни бошқача йўл билан иситишнинг имкони йўқ. Аммо, кўп қаватли уйларнинг хаммасида ҳам марказлашган иситиш тизими йўқлиги сабаб, газ плиталарни ёки бошқа иситиш мосламаларини ёқиб қўйиш йўли билан хонадонлар иситилади. Бу эса миллий бойлигимиз бўлган газ ва электр энергиясининг ортиқча сарф бўлишига сабаб бўлмоқда.

Энг ёмони жуда кўплаб фуқароларимизнинг ис газидан заҳарланиши ёки портлашдан ҳалок бўлиши хавфи ортиб бормоқда.

Муаммони қандай ечиш мумкин?

Менимча, қанчалик катта маблағ талаб қилмасин, кўп қаватли уйларга локал қозонхоналар ўрнатиш орқали иситиш тизимига ўтказиш зарур. Янги қурилаётган уйларни лойиҳалаштиришда ҳам мана шундай тизимга мослаштириб режалаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Сўнгги йилларда энергия тежовчи, газни кам сарфловчи, бир вақтнинг ўзида электр энергияси, газ ва кўмирда ишловчи иссиқлик қозонлари ишлаб чиқарилмоқда.

Кўп қаватли уйларга битта маҳаллий иситиш қозонхонасини ўрнатиш орқали қанчадан-қанча электр энергияси ҳамда табиий газ иқтисод қилинади.

 

         Бунинг натижасида йилига:

         Табиий газнинг иқтисоди – 106980,0 минг.м3

         Электроэнергия иқтисоди – 30 400,0 минг Квт;

         Совуқ сув таъминоти иқтисоди – 605, минг м3

         Иссиқлик тармоқлари энергосамарадорлиги 56,9 % дан -93 % га ортади.

 

Йиллар давомида куз-қиш мавсумида юзага келаётган муаммолардан беталофат олиб чиқиш, аҳолини рози қилиш, инсонларга қулайлик яратиш учун барча имкониятларни ишга солиш зарур.

 

Дилбар Мамажонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш