Фракция дастурига содиқ
Фракция дастурига содиқ

 

Ҳар бир сиёсий партия парламент сайловларида иштирок этар экан, кўпроқ депутатлик ўрнини эгаллаш орқали парламентда кўпроқ таъсир кучига эга бўлишга интилади. Ҳар бир фракция кейинги чақириққача бўлган вақт оралиғида партия Сайловолди дастуридаги ғояларни амалга оширишга киришади.

Халқ демократик партияси фракцияси 2022 йилда қандай ишлади? 2023 йилга режалар қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракциялари ҳам ҳар бир бошланган янги йил учун ўз электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалар бўйича йиллик “Чора-тадбирлир режасини” ишлаб чиқади ва амалга оширишга киришади.

Хусусан Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳам ушбу чақириқ сайлов олди дастурида белгиланган 80 дан ортиқ вазифадан 70 га яқинини амалга оширишга эришди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан ўтган йилда партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш, кам таъминланган, пенсионер ва ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Фракциянинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятини ҳамда бошқа тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида 2022 йилга мўлжалланган “Чора-тадбирлар режаси” тасдиқланган.

 

Жумладан:

 

  1. Қонун ижодкорлиги

Партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, фракциянинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги режаси тасдиқланган. Мазкур режага асосан, 22 та йўналишда қонун ташаббусларини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, уларга аниқ вазифалар белгилаб берилган. Шу билан бирга фракция йиғилишларида 153 та қонун лойиҳаси биринчи ўқишда ҳамда 104 та қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинган.

Бугунги кунга қадар, фракциянинг қонун ижодкорлиги режасидан ўрин олган 6 та қонун ва қонун ҳужжатлари лойиҳаларига фракция депутатлари томонидан партия сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб берилган таклифлари қабул қилинди.

Шунингдек, фракция аъзолари 4 та қонун лойиҳасига ҳам ташаббускор бўлди.

Ушбу қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракция аъзолари томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ифода этишга, жойлардаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларга ечим топишга, шунингдек, сайловчиларнинг билдирган таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларга алоҳида эътибор берилди.

Ўтган даврда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий аҳамиятга эга муҳим қонун лойиҳаларини жойларда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш мақсадида “марказ – вилоят – туман” тизими жорий этилди. Бунда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тайёрланаётган қонун лойиҳаларини биринчи ўқишдан сўнг партия қуйи бўғинларида, яъни вилоят, туман, шаҳар кенгашларида, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида кенг муҳокама қилиш, таништириш, қонун лойиҳасига асосли, аниқ хулоса ва таклифларни олиш йўлга қўйилган.

Жумладан, фракция партия билан ҳамкорликда 92 та қонун лойиҳасининг жойлардаги муҳокамасини ташкил этиб, уларда фуқаролар томонидан билдирилган 460 дан ортиқ таклифларидан 50 дан ортиқ қонунларни такомиллаштириш жараёнида инобатга олинди.

 

  1. Парламент назорати

Ҳисобот даврида фракция томонидан долзарб масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотини Қонунчилик палатаси мажлисларида эшитиш бўйича ташаббус билан чиқиш, шунингдек, улар фаолияти устидан таъсирчан парламент ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Шунга кўра, ўтган даврда фракция ташаббуси асосида қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси, шунингдек, ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган тизимли камчилик ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган 2 та “парламент эшитуви” ҳамда 2 та “ҳукумат соати” ўтказилди.

Қолаверса, фракция таклифига кўра, сайловчиларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этиш, депутатларнинг аҳоли билан ўтказаётган мулоқот ва учрашувлари давомида кўтарилган масалалар бўйича тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 2 та парламент сўрови юборилди.

Фракция аъзолари томонидан сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларга жиддий эътибор қаратилиб, жойлардаги назорат-таҳлил тадбирлари, сайлов округларидаги ўрганишлар давомида аниқланган долзарб масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига жами 54 та депутат сўрови юборилди.

Жойлардаги тизимли муаммолар, қонун ва қонуности ҳужжатларнинг ижро этилиш ҳолати юзасидан тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари фракция мажлисларида доимий тарзда эшитиб борилди. Ўтган йил давомида бу каби фракция мажлислари сони 23 тани ташкил этди.

Халқ демократик партияси фракцияси, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси тиббиёт соҳасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан парламент ва депутатлик назоратини изчил олиб бориш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ўтган йилнинг 11 март ва 15 декабрь кунлари ўрганиш натижаларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан бирга назорат-таҳлил тартибида муҳокама қилиб олинди. Йиғилиш якунида депутатлар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларига ушбу соҳадаги камчиликларни тартибга солиш ва бартараф этиш юзасидан манзилли таклиф-тавсиялар берилди.

Кўриб чиқилаётган даврда фракция аъзолари томонидан сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларга жиддий эътибор қаратилиб, жойлардаги назорат-таҳлил тадбирлари, сайлов округларидаги ўрганишлар давомида аниқланган долзарб масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига жами 54 та депутат сўрови юборилди.

 

  1. Халқ билан мулоқот:

Ўтган даврда фракция аъзолари томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда 62 маротаба назорат-таҳлил тадбири ўтказилиб, уларда жамият ҳаёти учун муҳим бўлган қонун лойиҳаларининг ижро этилиш ҳолати, жойлардаги мавжуд тизимли муаммолар, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги атрофлича ўрганиб борилди.

Мазкур ўрганишлар давомида 1150 маротаба фуқаролар билан тўғридан-тўғри учрашув ўтказилиб, уларда 37 570 нафар аҳоли қамраб олинди, 1245 та хонадонга ташриф буюрилди ҳамда 2800 та тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро мулоқот ўтказилди.

Натижада фракция аъзолари ташаббуси билан сайлов округларидаги учрашувлар ҳамда ҳудудларда олиб борилган ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, одамларни безовта қилаётган долзарб муаммолар ечимига қаратилган (76 та) қонун лойиҳаларига таклифлар берилди.

Шунингдек, ўтган вақт давомида фракция аъзолари номига фуқаролардан жами 3420 та, шу жумладан 814 та ёзма, 1464 та электрон, 1142 та оғзаки шаклдаги мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 1552 тасига ижобий ечим топилди ҳамда 1309 та мурожаат кўриб чиқиш учун тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилот ва идораларга юборилган ва қолган 340 таси ўз жойида мутасадди ташкилотлар томонидан хал этилган.

 

  1. Фракция ва сиёсий партиянинг ҳамкорлиги:

Ўтган вақт давомида фракциянинг партия билан ўзаро алоқалари мутлақо янгича кўринишда йўлга қўйилиб, улар томонидан жойлардаги муаммо ва камчиликларни ҳал этишда натижадорликка эришиш, шу жумладан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар муаммоларига самарали ечим топишга қаратилган “Депутат маҳаллада”, “Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш”, “Яхшилик ва хайрия”, “Депутат ва ёшлар учрашуви”, “Халқ билан мулоқот – муаммоларни самарали, тезкор ҳал қилиш омили”, “Барчага қулай муҳит яратилиши керак”, “Менинг конституциям”, “Конституция – бахтимиз қомуси, тараққиётимиз пойдевори” лойиҳалари амалга оширилди.

Шу кунга қадар ушбу лойиҳалар доирасида фракция аъзолари ҳамда партия ходимлари жойларда ташкил қилинган кичик ишчи гуруҳлар билан биргаликда 100 дан ортиқ ҳудудга ташриф буюриб, 48 000 нафардан зиёд сайловчи, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳоли вакиллари, ҳамда тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилди.

 

  1. Фракция фаолиятининг ОАВда ёритилиши:

Фракциянинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ҳудудларда ўтказилган сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлари жараёнлари оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб борилди.

Хусусан, ўтган давр мобайнида фракция фаолияти ҳақида ОАВда жами 4536 маротаба, хусусан, телевиденияда 299 маротаба, радиода 111 маротаба, матбуотда 291 маротаба, интернет сайтларида 1213 маротаба, ижтимоий тармоқларда эса, 2622 маротаба чиқиш қилинди.

Жорий йил бошида ҳам Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси мазкур йил учун ҳам чора-тадбирлир режасини ишлаб чиқди ва бир қатор устувор масалаларни белгилаб олди.

 

2023 ЙИЛДА:

  • Фракциянинг Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва ҳудудий партия ташкилотларида жамоатчилик эшитувлари, маслаҳатлар ва халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишнинг бошқа шаклларини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш.
  • “Маҳаллий ижро ҳокимияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқиш.
  • Энергия ресурслари ва табиий газ бозорларини эркинлаштириб, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш учун янги таҳрирда ишлаб чиқиладиган “Электр энергетикаси тўғрисида”ги ва “Табиий газ тўғрисида”ги Қонун лойиҳаларига таклифлар ишлаб чиқиш.
  • “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш ва тегишли тартибда Қонунчилик палатасига киритиш.
  • “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш ва тегишли тартибда Қонунчилик палатасига киритиш.
  • Маҳаллий кенгашлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари регламенти тўғрисида”ги қонун лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқиш.
  • “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.
  • “Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.
  • “Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.
  • “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунига тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш.
  • Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш бўйича, аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, келгуси икки йилда ҳар бир оилавий поликлиника ва шифокор пунктига энг керакли ускуна ва жиҳозлар етказиб бериш, экспресс лабораториялар тўлиқ янгиланиши, янги йилда қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалари, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилиши устидан тегишли жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш.
  • Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирига “Қурилиш соҳасида ишга қабул қилиш бўйича меҳнат шартномаларини соддалаштириш орқали норасмий сектордаги ишчиларнинг қонуний фаолиятини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўровини юбориш.
  • “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси юзасидан сайлов округларида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамалар ўтказиш
  • “Уйма-уй” лойиҳасини амалга ошириш.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ

тайёрлади.

«Ўзбекистон овози», 25.01.2022, №3

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш