Камбағалликни қисқартиришда янги тизим жорий этилмоқда
Камбағалликни қисқартиришда янги тизим жорий этилмоқда

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида камбағалликни камайтириш учун аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни бундан кейин ҳам изчил амалга оширилишига алоҳида урғу бериб келадилар. Шу боисдан ҳам Президентимиз мазкур муаммо ечимининг энг тўғри ва мақбул йўлини, яъни ҳар бир инсонни танлаган соҳасидаги билимларини юксалтириш, малакали касб-ҳунар ўргатиш, ёшларни устозларга бириктириб, тажриба орттириш механизми энг тўғри йўл эканлигини кўрсатиб бердилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги депутатлик бирлашмалари аъзолари ўз сайлов округларида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб қувватлашга қаратилган тизимли ишларни, ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнларини жойларга чиққан ҳолда доимий равишда ўрганиб келмоқда. Депутатлар кам таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли қатлами хонадонларига ташриф буюриб, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, сўнги йилларда мамлакатимизда, шу жумладан, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди.

Мамлакатнинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида 2026 йил охиригача мамлакатда камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартиришни режалаштирмоқда.

Стратегияга кўра, норасмий ишлаётган 2,5 млн. фуқароларнинг бандлигини қонунийлаштириш, уларга ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини бериш, хотин-қизлар ўртасидаги ишсизликни икки баравар қисқартириш, 700 минг нафар ишсиз аёлларни давлат ҳисобидан ўқитиш, ногиронлиги бўлган одамлар бандлигини 3 баробар ошириш режалаштирилмоқда.

Маълумки, 2022 йил республикада камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушди. (Маълумот учун: 2022 йил январь ойи бошида минимал истеъмол харажатлари миқдори ойига 440 минг сўмдан 498 минг сўмга (кунига 14,4 минг сўмдан 16,3 минг сўмга) оширилган эди. Ушбу кўрсаткич мамлакатдаги қашшоқлик чегарасини аниқлаш учун ишлатилади).

Бу ишларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилда камбағалликни қисқартириш ишларини янгидан ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Янги тизим уч босқичда амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Унга кўра,

- биринчи босқичда, “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” ягона тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади;

- иккинчи босқичда, ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар тузилади;

- учинчи босқичда, оила учун касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилади.

Натижада 2023 йилда яна 1 млн. аҳолини камбағалликдан чиқариш режалаштирилмоқда. Бунда маҳалладаги ишсиз аҳолини даромадли қилиш мақсадида жорий йилнинг 1 апрелга қадар ҳар бир вилоятда камида 5 тадан микромарказни ишга тушириш кўзда тутилган. Маълумот учун: Ғиждувон, Булоқбоши, Зангиота, Фарғона туманлари, Қўқон, Марғилон, Урганч шаҳарларида камида 20 тадан шундай марказларни ташкил қилиш режада бор.

2023 йилда, тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 млн. сўмдан 300 млн. сўмгача оширилади;

  • деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори 50 млн. сўмгача оширилади (амалда 33 млн. сўм);
  • аввал оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олиб, яхши натижа кўрсатган тадбиркорлар ушбу дастурлар доирасида яна имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлади (ҳозир фақат бир марта олиш мумкин);
  • кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга рухсат берилади.

Шунингдек, 2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 трлн. сўм берилади (2022 йилда — қарийб 10 трлн. сўм). Президент имзолаган тегишли қарорга кўра, оилавий тадбиркорликка қўшимча 300 млн. доллар ажратилади.

Бундан ташқари, бюджетдан ажратилган 1,5 трлн. сўмни аввало энг оғир маҳаллаларда камбағалликни қисқартиришга йўналтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Унга кўра, вилоят ҳокимликлари тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ажратилиши режалаштирилаётган 135 млн. долларлик кредит линияси бўйича оғир маҳаллалар кесимида тадбиркорлик лойиҳалари пакетини шакллантиради. Ушбу маҳаллаларда камида 50 минг аҳолини банд қилиш вазифаси қўйилмоқда.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бу жараёнга жамият эътиборини кучайтириш, инсон томонидан ўзини-ўзи ривожлантириш ҳолатини тубдан ислоҳ этиш, инсон капиталини такомиллаштириш бугунги кундаги долзарб масалалар саналади. Янги Ўзбекистонда фуқароларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган бугунги ижтимоий сиёсат эндиликда Халқаро Меҳнат Ташкилоти қоидаларига тўла мос келади. Пировард мақсад инсонни касбий ёки интеллектуал жиҳатдан ривожлантириш орқали уни бахтли ва бой-бадавлат қилишдир.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш