Энди барча муаммолар маҳалланинг ўзида ҳал этилади
Энди барча муаммолар маҳалланинг ўзида ҳал этилади

 

Маҳалла азалдан миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб, халқимизни ўзаро бир-бири билан уйғун бўлиб яшашга ўргатадиган, ёш авлод вакилларини бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган маскан ҳисобланади.  

Халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб тузилма сифатида намоён бўлаётган маҳаллада юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ўз ютуқ ва камчиликларини муҳокама қилади, муаммоларига ечим излайди.

Кейинги йилларда маҳалла институтига миллий давлатчилигимизнинг асосий қуйи бўғини сифатида қаралиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга ошираётгани ҳеч кимга сир эмас.

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилиши, ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлиши ҳақидаги ташаббуслар илгари сурилгани маҳалланинг нуфузини янада ошириш, бунинг учун фуқаролар йиғинларининг моддий-техник имкониятлари, тизим ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилишидан далолатдир.

Ҳақиқатдан ҳам, маҳалла шу ҳудудда яшаётган аҳолини бир жойга жамлай оладиган қадрдон масканга айланиши учун хулқи, билими бўйича бошқаларга ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган, жонкуяр, элпарвар, замонавий фикрловчи маҳалла фуқаролар йиғини мутахассислари ва маҳалланинг моддий-техник базаси кучли бўлиши керак.

Жорий йилдан бошлаб маҳалла ўз муаммоларини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизимига эга бўлиши, яъни, бундан буён мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолиши кўплаб масалаларни шу ернинг ўзида ҳал этилишига хизмат қилади.

Ҳар ойнинг охирги ҳафтасида халқ билан мулоқот қилиш мақсадида ўз сайлов округимизда бўламиз. Ҳудудда ўтказиладиган учрашув ва мулоқотлар давомида энг аввало маҳаллалардаги бино ва иншоотлар, улардаги моддий-техник база билан танишишга тўғри келади.

Жойларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мажмуаси ташкил этилиши билан боғлиқ турли хил ёндашув, ечим ва натижаларга дуч келамиз. Қайсидир маҳалланинг идораси тўла-тўкис жиҳозланган бўлса, яна бошқасида бинолар таъмирталаб ҳолатда, замонавий ахборот технологияларидан дарак ҳам йўқлари учраб туради.

Ваҳоланки, бугун ўз ортидан ҳудуддаги аҳолини, ёшларни эргаштира оладиган маҳалла ходими мамлакатимизда ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан ўз вақтида бохабар бўлиши керак. Аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган қонун ва қонуности ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга тўғри етказа олиши лозим.

Аммо шундай бир пайтда маҳалла мажмуаларида зарур ташқи муҳандислик-транспорт коммуникациялари, электр, газ, сув ва алоқа таъминоти ҳаминқадар бўлса, олдимизга қўяётган мақсадларга ҳам эришиш қийин бўлади.

“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мажмуаларини ташкил этиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастур” доирасида 2021-2022 йилларда республика бўйича жами 2 951 та мажмуа, шундан 2 243 та мажмуани давлат-хусусий шериклик асосида, 708 та мажмуа маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қурилиши белгиланган.

Ўтказилган ўрганишлар давомида манзилли дастурда акс этган 2 951 та бинодан 2 051 тасининг қурилиши якунлангани, маҳалла бинолари учун зарур ташқи муҳандислик-транспорт коммуникациялари ўтказилгани, 721 тасида қурилиш ишлари олиб борилаётгани, 189 та мажмуанинг эса қурилиши бошланмагани аниқланди.

Шу нуқтаи назардан, биз депутатлар маҳалланинг ўрни, нуфузи ва мақомини ошириш, айниқса, маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг давлат аҳамиятига молик масалалардаги иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш