Фермер хўжаликлари манфаатлари ҳимояси муҳим
Фермер хўжаликлари манфаатлари ҳимояси муҳим

 

Бугун парламент Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясига мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб давлат буюртмаси асосида пахта ва бошоқли дон етиштириш амалиёти бекор қилинди. Қишлоқ хўжалигида эркин рақобатни таъминлайдиган, меҳнат унумдорлигини ошириш ва манфаатдорликни таъминлашга қаратилган қулай агробизнес муҳити яратилмоқда.

Қонун лойиҳасида фермер хўжаликларининг тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ, давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулоти назарда тутилган ҳажмларда етказиб берилишини таъминлаши билан боғлиқ мажбурияти бекор қилинмоқда.

Шунингдек, фермер хўжаликлари туман ирригация бўлими билан сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш бўйича тузилган шартномага мувофиқ сув ресурсларидан фойдаланиши, сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриши назарда тутилмоқда.

Депутатлар лойиҳани муҳокама қилар экан, мазкур қонун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, чекка ҳудудларда аҳоли бандлиги таъминланиши, манфаатдорлиги ва даромадлари ошишига хизмат қилишини таъкидлади. Қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, ҳужжат концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Йиғилишда Йўл ҳаракати тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, йўлларда ҳаракатланиш ҳавфсизлигини таъминлаш, яъни йўлларда турли қоидабузарликлар содир этилиши, инсонлар ўлими билан боғлиқ мудҳиш ҳолатларнинг олдини олиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Тақдим этилган қонун лойиҳасида йўл ҳаракати соҳасидаги асосий принципларга ҳам ўзгартиришлар киритилаётган бўлиб, эндиликда йўлларда хавфсизликни таъминлашда экологик хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофаза қилинишининг устуворлиги, маҳаллий аҳоли ва йўл ҳаракати иштирокчилари фикрининг инобатга олиниши ҳам кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлар ҳам қайта кўриб чиқилган бўлиб, Ички ишлар вазирлиги давлат йўл ҳаракати хавфсизлигининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Депутатлар қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилар экан, унинг ниҳоятда зарурлигига эътибор қаратди. Боиси сўнгги йилларда автоҳалокатлар қурбонлари сони тобора ортиб бормоқда. Муаммони қонунчиликка муайян ўзгартиришлар киритибгина тизимли ҳал қилиш мумкин. Фракция аъзолари экстремал иқлим шароитлари, табиий офатлар, авариялар, ёнғинлар ёки техноген хусусиятли бошқа фавқулодда вазиятлар рўй берганда инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимояланиши юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини бериб, қонун лойиҳасини маъқуллади.

Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида форс-мажор ҳолатларда давлат авиацияси ҳаво кемалари томонидан ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди ва маъқулланди.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш