Жамоат транспорти одамлар учун қулай бўлади
Жамоат транспорти одамлар учун қулай бўлади

 

Куни кеча давлатимиз раҳбари яна бир муҳим долзарб масалада видеоселектор йиғилишини ўтказди. Мазкур йиғилишда ҳозирги кунда муҳим бўлган жамоат транспорти ва одамларга қулайлик яратиш ҳақида кўплаб вазифалар белгилаб берилди.

Юртимизда бу хизматдан кунига 10 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланиши, жорий йилда 2 мингта автобус олиб келиниши, бироқ қанча кўп автобус олиб келинмасин, жойлардаги транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизими ўзгармаса, аҳоли эҳтиёжига яраша хизмат кўрсатиш ижобий бўлмаслиги қатъий таъкидлаб ўтилди. Бугунги кунда барча соҳаларда ўзгаришлар, ривожланиш кетаётган бир вақтда, транспорт соҳасида ўзгаришлар бўлмаётганлиги, замон талабларига мос келмаслиги танқид қилинди.

Бундан ташқари, транспорт корхоналари кунлик тушум режаси билан боғланиб қолганлиги, автобуслар куннинг “энг даромадли” пайтида ҳаракатланишга одатланиб қолгани ҳамда қолган вақтлар йўловчилар узоқ кутиши ёки таксида юришга мажбур бўлиб қолаётганлиги танқид остига олинди. Йиғилишда муаммо ва камчиликлардан келиб чиқиб, кунлик тушум режасини белгилаш амалиёти бекор қилиниши айтилди. Янгича тизим яратилиши, унда ташувчиларга маблағлар автобуснинг юрган масофаси ва одамлар хизмат сифатидан қониқиши, автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо бериладиган тизимга айлантирилиши таъкидланди.

Жамоат транспорти аҳолига қулай, тадбиркорлар учун эса жозибадор бўлиши кераклиги, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқилиши зарурлиги ва маҳаллий сўровлар ўтказилиб, аҳолининг талаб ва истаклари инобатга олиниши билдирилди. Бундан кўриниб турибдики, аҳолининг таклифи ва жамоатчиликнинг истак ва хоҳишига қараб, янги тизим жорий этилишида бевосита жамоатчилик иштироки муҳим бўлади.

Тадбиркорларга ҳам енгилликлар берилиши, янги автобус олиб келган тадбиркорга қўшилган қиймат солиғини бўлиб - бўлиб тўлашга рухсат бериш имтиёзи берилмоқда. Тадбиркорларга 10 йилгача муддатда имтиёзли кредит берилади.

Ҳаммамизга маълумки, пойтахтимизда аҳоли гавжум, йўллардаги тирбандликларга деярли ҳар куни гувоҳи бўламиз, бу эса одамларнинг узоқ вақт йўлда қолиб кетишига сабаб бўлаётганди. Эндиликда Тошкент шаҳрида 73 та асосий кўчада автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этилади, чорраҳалар ўтказувчанлигини ошириш дастури ишлаб чиқилади. Автобусларнинг ўртача тезлиги 1,5 бараварга оширилади, бу эса кечикишларнинг бартараф этилишини таъминлайди.

Бу каби ўзгаришлар барча ҳудудларда, худди пойтахтдагидек транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастур асосида амалга оширилиши юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Биз депутатлар ҳам ўз сайлов округларига борганимизда жамоат транспорти ҳақида аҳоли томонидан кўплаб мурожаатлар бўлади. Қишлоқлардан туман марказига бориш осон эмаслиги, йўл кираларнинг қимматлиги ва режасиз қатнашлар одамларга ноқулайликлар келтириб чиқараётганлиги бор ҳақиқат. Айниқса, бир транспортга ҳайдовчилар томонидан керагидан ортиқ йўловчилар олиниши инсонлар ҳаётига жиддий хавф туғдиради. Айнан байрам кунлари арафасида узоқ масофага қатновчи транспорт воситалари нархларининг кўтарилиб кетиши ҳам кўпчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди.

Жамоат транспортларининг тартибга солиниши одамларнинг хавфсизлигини таъминлашга ва узоғини яқин қилишга, энг муҳими, ўз манзилларига хавф-хатарсиз, кечикмасдан етиб боришига хизмат қилади. Инсон қадрини улуғлашга уларнинг оғирини енгил қилишга замин яратиши шубҳасиз.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш