«Маҳалла бюджети» маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтиради
«Маҳалла бюджети» маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтиради

 

Бугунги кунда маҳаллада аҳоли ҳаётини яхшилаш, даромадларини ошириш ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган хайрли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий, маданий, шунингдек асосий эҳтиёжларни қондириш бунга мисол бўла олади. Масалан, аҳолининг муҳтож қатламларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими — “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” аллақачон ўз натижаларини кўрсатди.

Бугунги кунда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партиядан сайланган 1700 нафардан ортиқ депутатлар, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 9,5 минг нафарга яқин ҳоким ёрдамчилари фаолият юритмоқда. Бу эса фуқароларнинг маҳалла билан муносабати яқинлашиши, ҳар бир кишининг мурожаати изчил ўрганилиши, муаммолар жойида ҳал қилинишига асос бўлмоқда.

Президент Мурожаатномасидаги «Маҳалла бюджети» тизимини жорий этиш тўғрисидаги ташаббус маҳалланинг ўзидаёқ кўплаб муаммоларни ҳал қилишга имкон беради. Бу фуқароларнинг турли масалалар: ободонлаштириш, моддий ёрдам, ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш вақтини сезиларли даражада қисқартиради, шунингдек, маблағ талаб қилувчи масалалар энди маҳалла ихтиёрига ўтади. Бу маблағлар ўсиб келаётган авлод бўш вақтини сифатли ўтказиши, жисмонан ва маънан соғлом бўлиб вояга етиши учун кутубхоналар, спорт майдончалари ташкил этишга йўналтирилади.

Кўплаб ваколатларни маҳаллага ўтказиш аллақачон ўз натижаларини кўрсатмоқда. Камбағалликни қисқартириш, жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби вазифалар маҳалладаги ижтимоий тизимнинг катта қисмини ташкил қилади. Бундай тизим маҳаллани мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги депутатлик бирлашмалари аъзолари ўз сайлов округларида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб қувватлашга қаратилган тизимли ишларни, ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётганлигини жойларга чиққан ҳолда доимий равишда ўрганиб бормоқда. Маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғини йиғиш кўрсаткичларини ошириш орқали янги ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла бюджети” тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

“Маҳалла бюджети” тизими Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси биргаликда ҳар бир маҳалланинг ўзига хос хусусияти ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Қўшимча манбаларни излаш ва шу асосда уларнинг даромадлари базасини кенгайтириш йўли билан маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаларининг даромадлари параметрларини сўзсиз бажариш бўйича фаолият мувофиқлаштирилган ҳолда йўлга қўйилади. Жорий йил 1 январдан Беруний, Aндижон, Олот, Зомин, Қарши, Кармана, Уйчи, Ургут, Жарқўрғон, Сайхунобод, Бўка, Боғдод, Боғот, Учтепа туманларида мол-мулк ва ер солиғи (бундан нотурар жойлар бўйича ер ва мол-мулк солиғи мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар туман бюджетлари орқали тегишли жамғармаларга йўналтирилади. Солиқ қўмитаси томонидан жорий йилнинг 1 апрелга қадар фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органига мол-мулк ва ер солиғи бўйича ҳисобланган тўланган маблағлар ва солиқ қарздорлиги тўғрисидаги маълумотлардан реал вақт режимида фойдаланиш имконияти яратилади. “Маҳалла бюджети” тизими асосида шакллантирилган маблағлар мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи ажратмаларини ўз ичига олади. Шунингдек, Президентнинг 2022 йил 16 августдаги “Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган маблағларни ўз ичига олади.“Маҳалла бюджети” тизими асосида шакллантирилган маблағлар “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган фуқаролар йиғини кенгаши томонидан бошқарилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириб борилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ХДП нинг дастурий мақсадларини амалга оширишнинг асосий тамойили ҳисобланган бу каби ижтимоий ҳаракатларни тўла қўллаб-қувватлаймиз.

 

Боймурат Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш